Ўзбек халқ достонлари

ЗИЁРАТГОҲ БАҒРИДА ТУҒИЛГАН ДОСТОН

Фарғоналик журналист, ижодкор аёл Муқаддасбону (Муқаддас Аҳмаджонова) 2017 йил май ойида Самарқандга, Оқдарёга келиб, “Тоҳир ва Зуҳра” зиёратгоҳида Тоҳир, Зуҳра ва Қоработирларнинг қабрларини зиёрат қилиб, сўнг ўтган бир йил орасида  янги “Тоҳир ва Зуҳра”достонини  ёзди. Бу  воқеа мен учун “Тоҳир ва Зуҳра” зиёратгоҳи бағрида яшаган ўн саккиз йиллик умрим ичида содир бўлган энг катта қувончли хабар бўлди. Ахир, бу муқаддас қадамжога буюк муҳаббат соҳиби бўлган инсонларнинг бир келиши – бир достон  бўлса, ҳали бу садоқат гулшанига  қанчадан-қанча юртдошларимиз, замондошларимиз, жаҳон аҳли ташриф буюрадилар. Алқисса, ҳақиқий “Тож-Маҳал” ворис-ларини кўриш ва зиёрат қилиш учун дини, ирқи, миллати турли бўлсалар-да, ошиқ қалблари бир хил дунё аҳли, чин муҳаббат, вафо, садоқат соҳиблари, ёшлар, қўша қариган отахон-онахонлару, бобо момолари  ушбу  қадамжога – асл  “Муҳаббат қасри”га  келадилар! Демак, келгусида юзлаб, минглаб ишқ достонлари ёзилади. Биз орзу қилаётган “Жаҳон адабиёти муҳаббат достонларининг фольклор тарғибот мажмуаси”  ватанимиз туризмининг қайноқ ўчоғига айланади. Ўзбекистон халқи дунё тамаддунида  жаҳон аҳли қалбини ром этгувчи яна бир тарихий саҳифасини очади.

2017 йилда чоп эттирилган “Тоҳир ва Зуҳра” достонида  асар қаҳрамонларининг қабрлари – зиёратгоҳининг  тарихи, бугуни ва келажаги тўғриси-даги “Менинг Тож-Маҳалим” бадиий публицистик рисоламда битилган “Тоҳир ва Зуҳра” зиёратгоҳи қошида “Муҳаббат қасри” жаҳон адабиёти муҳаббат достонларининг фольклор тарғибот мажмуасини яратишдек буюк  орзуларим, армонларим, дардларим мана шу достонга кўчибди, унинг жонли бир қисмига айланибди.

Мен ушбу зиёратгоҳнинг ижтимоий, маданий-маърифий, тарбиявий аҳамияти ҳақида жуда кўп бонг уряпман, мақолалар ёзяпман, туманимиз “Олтин мерос” жамоат фондининг  мутасаддиси сифатида зиёратгоҳда кўплаб тадбирлар ўтказмоқдамиз, телекўрсатув, радиоэшиттиришлар тайёрладик, лойиҳалар туздик, тегишли ташкилотларга мурожаатлар қилмоқдамиз. Чунки, жамиятимиздаги барча муаммоларимизнинг илдизи – халқимиз, айниқса, ёшларимизни оммавий маданият цивилизациясининг салбий таъсирларидан асраш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, никоҳ ва чимилдиқни муқаддас билиш, фарзанд тарбиясини улуғлаш, миллий ғурур, миллий урф-одатларимиз амалиётига, ватанга, оилага, фарзандларимизга бўлган муҳаббатимиз,муносабатимиз масаласига  бориб тақалмоқда, ваҳоланки, бу туйғуларнинг барчаси халқ достонларимизда, хусусан, дунёга машҳур муҳаббат достонларининг шоҳ асари “Тоҳир ва Зуҳра” достони ва асар қаҳрамонларининг ҳаётида мужассамдир. 

Муҳаббат нимадир? Муҳаббат – қалб маънавияти!  Муқаддасбонунинг “Тоҳир ва Зуҳра” достони ҳақида  сўз айтар эканман, “аҳамият” сўзининг изоҳидан чекланиб, достоннинг бош мавзуси инсон қалбининг маърифати бўлган севги, муҳаббат, ишқ вафо ва садоқат тўғрисидаги олимларимиз, шоиру, файласуфларимизнинг ижодидан сатрлар тердим.       

Бир неча йилдирки, муҳаббат ҳақида шууримдан чуқур ўрин олган тасаввурим устозимиз Иброҳим Ғафуровнинг “Лириканинг юраги” китобидаги  “Ишқ даражалари” саҳифасидир: “Сизни ишқнинг чексизлиги ва бошқа инти-лишларнинг чексизлиги лол қилиб қўяди. Улар ақл бовар қилмас муболағалар тили билан сўзлайдилар ва муболағалари юксакликка кўта-рилган сари ҳақиқатга, яъни ўз идеалларидаги ҳақиқатга шунчалар яқинлашиб бораётганга ўхшайдилар. Уларнинг асл мақсадлари ҳам ўз идеалларини ўз ҳақиқатлари билан тамомила уйғун, тамомила бир вужуд бўлиб кетишидир. Муҳаббат ҳаёт ва тириклик узлуксизлигининг, инсон гўзаллигининг, унинг қалбий қобилиятларининг асоси эканлиги жуда қадим замоннинг юракдан маърифатли одамларига  маълум бўлган. Улар муҳаббатни инсонни ҳаракатга келтирувчи, маъруф инсон ҳаётининг мазмунини белгиловчи, киши умрига қиммат берувчи ҳодиса деб тушунганлар. Шоирларнинг отаси Ґомер ҳам Пене-лопа тилидан шу фикрни тасдиқлайди.

Янги “Тоҳир-Зуҳра” достонининг ибтидоси билан муштарак ҳамдлар: Муқаддасбону достоннинг аввал каломини бошлар экан, дастлаб Оллоҳга ҳамда юқорида таъкидлаган аждод-ларимиз, шоири замонларимиз, алло-маю жаҳонимиз  ошиқларига илтижо қилади:

Парвардигорим, сенгадир ҳамду шон, 

Ўтинчим, иймонимни   сақла омон!

Устозлар қаламидан  шуур бергин,

Толиқтирма, кўзларимга нур бергин!

Ошиқ  кўнглим илҳомин  бер, карам қил,

Ишқ йўлида сўзларим  мукаррам қил.

Дарҳақиқат, достончилар руҳидан мадад сўраган шоира ўз талқинларида  мумтоз адабиётимизда ишқ-муҳаббат бобида шоҳ асарлар битилганлигига шайдо бўлади ва Оллоҳдан камтарона қаламига илҳом сўрайди.

Шоира асар воқеалари давомида ўқувчини ўзидан, ўзининг дарди, армонлари, истакларидан йироқлаштирмай-ди. Орада ўзининг ҳаётдан олган сабоқлари, хато ва гуноҳлари ҳақида ҳам уқтириб бораверади. 

Достоннинг асосий диққатга лойиқ бир руҳияти борки, муҳаббат инсонлар қалбидаги оддий бир ҳис-туйғу эмас, балки, ишқнинг илоҳий эканлиги, Оллоҳ томонидан инсон қалбига, умрига бахш этилган энг олий неъмат эканлиги асарнинг бошдан оёқ тасвирларида ўз аксини намоён этади.

Қачон, имон тожин кияр инсонлар,

Илоҳий ишқ таъмин туяр инсонлар?

Мен ҳам ёзгунимча ишқий бир достон,

Бағрим кабоб бўлди, юраккинам қон!

Менинг ҳам кўзимга тўлгунча тупроқ,

Савоб ишларимдан гуноҳим кўпроқ. 

Достон воқеаларида ошиқларни турли бало-қазолардан оллоҳ асраганлиги, Тоҳир дарёда оқиб Хоразмга борганлиги ва  омон қайтиб Зуҳрага хат битаётган пайтиларини ҳам Оллоҳнинг инояти деб тасвирлайди:

Аллоҳ экан доим ёлғизнинг ёри,

Уни ярлақади парвардигори.

Кимга насиб этса илоҳий севги,

У бўлади албат, жаннатнинг тенги.


Кимда пок севги йўқ, имони ноқис,

У дунёдан ўтар, бебахт ва беҳис.

Ишқ билан безанса, инсон ҳаёти,

Икки дунёда ҳам улуғдир оти!


Достон тили – бизнинг тилимиз: “Тоҳир ва Зуҳра” достонини ўқиётганимизда кундалик оғзаки нутқимизда, қишлоқдошларимиз, ҳамюртларимиз тилидаги шевага хос сўзлар, қувноқ иборалар, кутилмаган ўхшатишларни  кўриб, дилингиз яйрайди, хурсанд бўласиз. Подшо, Вазирнинг хотинлари Моҳинуройим ҳамда Моҳинабонулар ҳомиладор бўлгач, ҳаяжонда ойнага қараганларини қуйидагича ифодалайди, “юкли бўлибди”, “сафари қариб” иборалари ҳам жойида қўлланганки, бу тушунчалар ўқувчи қалбида воқеа ҳақида тўлиқ тасаввур уйғотади:


Ойнага баравар қарабди  икков,

Ажиб воқеадан бўлгандек анқов...

                        ***

Вазир аёли ҳам юкли бўлибди,

Мислсиз қувончдан ойдек тўлибди.

                        ***

Баҳор  фаслин уч ойини ўткариб,

Саройига қайтди  сафари қариб. 

                        ***

Ҳатто, “ҳа”, демоққа ҳоли йўқ эди,

Јисмат иши кўксин тешган ўқ эди.

                        ***

Ўлсам ҳам тегмайман, қора ялоққа,

Бемаъни, тасқара, у шум чўлоққа.


Достоннинг  ҳудудида яшар китобхон: Муаллиф барча достончиларга хос бўлган анъана – воқеалар ривожини таърифламоқчи бўлаётган ҳудуднинг номлари, хусусиятлари, чиройи ва этник маълумотлари билан бошлайди:


Бошидан сўзлайин келмаса малол,

Туғилган масканим– шаҳри Миёнқол.

Буюк Самарқанднинг музофотидур,

Бизга Аллоҳимнинг мукофотидур.

Юртимиз яшнайди Оқдарё боис,

Қора дарё билан иккиси эгиз.


Шаҳримиз суғориб бу икки дарё,

Яна бирлашади қўш ошиқ, гўё.

Она дарё отин дерлар Зарафшон.

Бир музофот бордир, шаҳри Иштихон.

Достон воқеаларининг ҳудудий бирлиги Муҳаммад Сайёдий, Мулланафас, Раҳматулла Юсуф, Зоҳир шоир ва бошқаларнинг вариантларидан фарқли ўлароқ, бугунги жуғрофий хариталаримизга хос аниқ ва ишонарли қилиб таърифланади. Айниқса, бугунги Оқдарё ва Нурота туманларининг номи Миёнкол ва Нур шаҳри деб таърифланиши достон воқеаларининг ҳаётийлиги, қаҳрамонларининг тарихий шахслар эканлигига мухлис-ларни ишонтириб бошлайди. Нур шаҳри таърифи яхши тасвирланади, тоғлари олқорли, йўл йўлакай шоҳнинг ов қилиши, гиёҳли озиқлар тановвул қилиши шоҳга шифо бера бошлайди, бу ҳол юртимиз тоғларининг, Нурота  шаҳри ҳавосининг, булоқлари тарихда ҳам ҳозирги замонамиздаги каби нақадар тоза ва шифобахш эканлигига чиройли ишорадир.

Қувватланиб қолди, Нурга етгунча,

Бу ҳол қулай эди, табибга шунча.

Алқисса, жарчилар шаҳри Нурда ҳам,   

Роса жар солишиб, йиғибди одам.

Шоҳ Бобохон ҳамда вазир Раим ботирларнинг Оллоҳдан фарзанд сўраш воқеаси, шарти ва  ижобати достоннинг бошқа вариантларидан фарқли ўлароқ кенг ва ҳаётий тасвирланган.

Ҳозир ҳам Нурота – тиб шаҳри азим,

Дунё  “бемор”лари этади таъзим.

Шоира икки замоннинг – тарих ва бугун орасида югурик ҳикоя қилади ва ўқувчининг ёнидан кетмай достон ичра  Тоҳир ва Зуҳралар ҳаётини куйлайди, ўша давр ижтимоий ҳаёти, сарой муаммолари, муҳаббат можароларини моҳирона тасвирлаб, воқеаларнинг ҳаққоний ривожини ўқувчининг нигоҳида борган сари кучлироқ гавдалан-тириб боради.

“Тоҳир ва Зуҳра” достонларининг энг эътиборли воқеаси, бошқа достонларда учрамайдиган ҳодиса – ошиқ Тоҳирнинг сандиққа солиниб, дарёга ташланишидир. Достоннинг оғзаки даври ҳамда ёзма даврининг бошланиши Зарафшон дарёсининг милодда икки марта Амударё орқали Хоразм ҳудудидан оқиб ўтиши билан чамбарчас боғлиқ. Ота-боболаримизнинг айтишича бугунги  Оқдарё дарёси ўтмишда шу қадар ҳайқириб оққанки, сув тўлқинларида Самарқанддан то Бухоро, Хоразм қадар ёғоч “сол”ларда юк ташилган. Демак, Бобохон учун ошиқ Тоҳирни ўлдириш учун тирик қолиш эҳтимоли бўлмаган энг олий ҳукм, сандиққа солиниб дарёга ташлаш жазоси бўлган. Муаллиф Тоҳирнинг сандиқда оқиш жараёнини ўта ваҳимали ва ҳаққоний тасвирлашда достончилигимизга хос бўлган мифлар, афсоналарга мурожаат қилиш услубидан моҳирона фойдаланган. 

Достоннинг бош қаҳрамонлари-дан бири Бобохоннинг феъл атвори ўта мураккаб талқин этилади. Шоҳ асарнинг дастлабки воқеалари Нур шаҳрига боришидан бошлаб токи вайронага айланган “Муҳаббат қасри” да ёлғиз ўзи қолиб, зиндонда ўлимга маҳкум бўлишига қадар “икки хаёл” икки феълда яшайди. Табиб шундай дейди:

У англарди подшо, мисли аждарҳо.

Қаҳри келса ютар, яқинин, ҳатто.

Фарзандли бўлиши учун Табиб  Бобохонга шундай шарт қўяди: 

Чоғир ҳам ичмайсиз, маъжун емайсиз,

Шоҳона таомлар беринг демайсиз.

Ҳар куни уч маҳал қаттиқ нон ва сув...

Очқадим, деб мени туширмайсиз “чув.”

Либосингиз бўлур бўз кўйлак, лозим...

Беш вақт намозни ҳам ўқимоқ лозим.

Кечалар ухламай, қилиб ибодат,

Аллоҳга ёлвориб, сўрайсиз фарзанд!

Бу шартни эшитиб шоҳнинг қаҳри келади, жаллодни чақиради ва яна шаштидан қайтиб, табибнинг шартларини бажаради. Бобохон вазир ғаим ботир билан қуда бўлишга, Тоҳирни куёв қилиб олишга лафз айтади ва яна гапидан қайтиб Раим ботирни ўлдиради, Тоҳирни жазолаб қийнайди. 

“Тоҳир ва Зуҳра” достони воқеаларининг бўлиб ўтган ҳудуди – Миёнқол, ҳозирги Оқдарё туманининг “Қора ботир” қишлоғида жойлашган  “Тоҳир ва Зуҳра” қабристони – зиёрат-гоҳи саёҳлар, зиёратчилар билан гавжумдир дея таъриф берилади достонда. Зиёратгоҳда қурилиши мўлжалланаётган, достон тили билан айтганда вайрона бўлган “Муҳаббат қасри”ни тиклаш, обод қилиш ошиқлар онаси Моҳинурбонунинг армонидир. Достон қаҳрамонларининг номини абадийлаштириш, Тоҳир, Зуҳралар севгиси, садоқатини оламга янада машҳур этиш, достоннинг мақсадига айланиши таҳсинга сазовордир.

Азиз китобхонлар, янги асар  - “Тоҳир ва Зуҳра” достони сизларга маъқул бўлади деб ишонамиз. Айниқса, “Тоҳир ва Зуҳралар ҳақиқатми, афсонами, улар  қаерда яшаган, Қашқадарёдами, Наманган, ёки,  Самарқанддами, қайси қабрлари ҳақиқий, ёки, рамзий?” деган бир қатор саволлар ватандошларимиз орасида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган  шу кунларда Тоҳир Зуҳраларнинг Самарқанддаги зиёрат-гоҳини мадҳ этувчи янги муҳаббат достонининг нашр  этилиши барчамиз  учун улкан адабий ютуқдир. Достоннинг муаллифи, “Муҳаббат қасри” бунёдкорларининг сафига қўшилиб, ўзбек халқ оғзаки ижодига салмоқли ҳисса қўшган, “Тоҳир ва Зуҳра” ҳақидаги достонларнинг  янги нусхасини яратган достончимиз  Муқаддасбонуга келажакда  янада ижодий зафарлар тилаймиз. 

Ойгул Муҳаммад, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.