Янги йил илҳомлари


СОҒИНЧ

Оқ автобус, оппоқ автобус,

Оқ бағрингга мени ютиб ол.

Оппоқ йўллар, оппоқ манзиллар,

Оппоқ дарё, мени кутиб ол.


Тўлқин бўлиб қалққин ва чайқал,

Ё тулпордай кетавер йўртиб.

Тез одимла, сўрайман сендан

Юзларимга дуолар тортиб.


Мен соғиниб кетдим уйимни,

О, тегирмон ўкиришлари.

Шошилмоққа ундар негадир,

Оппоқ тутнинг тўкилишлари.


Туннинг оппоқ ой шуъласида,

Қанча-қанча айтилган аҳдлар.

Йўлларимга чиқинг, боряпман,

Оппоқ пайпоқ кийган дарахтлар.


Оқ автобус, оппоқ автобус,

Ғилдираклар қўйсин нозини.

Манзилига эртароқ элтгин

Оқдарёнинг оппоқ қизини.


Гулҳаё АНОРОВА.