Машраб шеърияти ҳали тўлиқ кашф қилинмаган бир хазинадир

Машраб (тахаллуси; асл исм-шарифи Бобораҳим (Раҳимбобо) Мулла Вали ўғли) (1640, Наманган — 1711, Балх) — шоир ва мутафаккир. Машраб номи 18—19-асрларда тузилган тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда (масалан, Баде Самарқандийнинг «Музокир ул-ашоб» ва б.) зикр этилади. Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда кам. Машрабнинг қолдирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ. Унинг ўз асарларини тўплаб, девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас. Фақат «Девони Машраб», «Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги номаълум) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчилликда баён этилади, шу жараёнда асарларидан намуналар ҳам келтирилади.
Машраб отадан ёш етим қолади, оиланинг моддий қийинчиликлари янада ортади. Машраб дин асослари ва фалсафадан яхши хабардор бўлган Сўфи Эшон Мулла Бозор Охунд (хўжа Убайдулло) қўлида диний таълим олади, сўфий тариқатлар бўйича билимини оширади, форсий тилни ўрганади. Тахминан 1665 йилларда Мулла Бозор Охунд тавсиясига кўра, ўша замонда катта обрўга эга бўлган йирик дин арбоби қашқарлик Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшон ҳузурига боради. Шоир адабий меросидаги диний мазмун ва тасаввуфий йўналиш руҳидаги шеърларнинг кўпчилик қисми Офоқ Хожа даргоҳида ва унинг тарҚибот-сабоқлари таъсирида яратилган. Машраб тахминан 1672—73 йилларда Офоқ Хожа даргоҳини тарк этади.
Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб,улар қўлдан қўлга, оғиздан оғизга ўтиб, тез тарқалган. Худди шунинг учун ҳам Машрабнинг бирор қишлоқ ёки шаҳарга келиши изсиз қолмаган, одил камбаҚал халқ уни қувонч-хурсандчилик ва қизиқиш билан қарши олган. Шоир қўнимсиз ҳаётининг сўнгги манзили Балхда ҳам ҳоким табақа ва мутаассиб шайх-муллалар Машрабни жисман йўқотиш пайига тушадилар. Шу тескаричи гуруҳларнинг расмий фатвоси ва Маҳмудбий қатағоннинг ҳукми билан дорга осилади.
Машрабнинг моҳиятан инсон қадри-шарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этишга бағишланган шеърий меросида ғазал, мустазод, мурабба, мухаммас, мусаддас, мусабба, маснавий, рубоий, таърих каби жанр турларида битилган етук намуналарни учратамиз. Аммо Машраб аввало моҳир ғазалнавис ҳамда кўплаб шўх ва жарангдор мустазодлар, ўйноқи ва жозибадор мурабба ҳамда халқ ғаму ҳасратига ҳамдардлик ҳисси билан йўғрилган мухаммаслар ижодкори сифатида кенг довруғ чиқарган. Машрабнинг жуда кўп ғазаллари халқ қўшикларидек содда ва жарангдор, жўшқин ва таъсирчандир.
Машраб  ўзбек адабиёти тарихида энг кўп мустазод ёзган ижодкорлардан бири. Шоир мустазодлари ҳам, худди ғазаллари каби, шўх ва жарангдор, нафис ва завқбахшдир.
Машраб форс тилида ҳам бир неча шеърий турларда етук намуналарни яратган. Машраб ижоди кейинги асрлар адабиётига сезиларли таъсир кўрсатган. Нодира, Ҳувайдо, Қорий, Фурқат, Ҳамза каби шоирлар унинг ғазалларига тахмис ва назиралар боғлашган.
Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида бир неча бадиий асарлар (роман, қисса, достонлар ва саҳна асарлари) яратилган, шоирнинг асарларидан намуналар қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Мамлакатимизнинг турли шаҳар ва вилоятларида Машраб номида истироҳат боғлари ва кинотеатрлар, мактаб ва кутубхоналар, кўчалар ва жамоа хўжаликлари бор.
Хуллас, Бобораҳим Машраб шеърияти ҳали тўлиқ кашф қилинмаган бир хазинадир. Бу шеърият билан қанча кўпроқ қизиқилса, инсон ўзлигини ўшанча теран англаш имконига эришади, шахс ва жамият, одам ва олам, ҳақ ва банда муносабатларини тўғри мушоҳада айлаш даражасига кўтарилади.
 ҒАЗАЛЛАР
ШОДМОНЛИК ИЗЛАМА
Шодмонлик излама, охир бошинга ғам келур,
Одамининг бошига андишайи мотам келур.
Осмонга этса бошинг мисли Мусо хомуш ўл,
Сар дарахт нурмева болган сўнгра боши хам келур.
Одамийнинг асли бирдур, бир-биридин фарқи бор,
Неча қари ўтган сўғун дунёга бир одам келур.
Ваҳми маҳшардин гапурманг норасони олдида,
Гўши карға ҳақ сози албатта нофорам келур.
Йиғламоқ осон эмасдур, эй жигарбандим, эшит,
Мулки дил садпора бўлган сўнг кўзингдан нам келур.
Олими илмига мағрур, жоҳили исёнга ғарқ,
Кас не билсун, рози маҳшар кимни тоши кам келур.
Ёшлигингда ёлга кирғил, токи топқайсан камол,
Гар жароҳат кўҳна бўлган сўнгра бемалҳам келур.
Машрабо, сийнамдаги дардимни айтсам, арш куяр,
Ёл ҳатадур, қўрқаман, мажлисга номаҳрам келур.
МАШРАБМАН
Санамнинг ишқида тинмай юруб, оввора Машрабман,
Кўзи ёшлиғ, қади хамлиғ, дили садпора Машрабман.
Кўнгулда заррача дунёни меҳри бўлмайин менда,
Сени деб икки оламдин кечиб, безора Машрабман.
Ўлиб кетсам, лаҳад ичра сўнгакдин кетмагай дардинг,
Жаҳонда топмадим чораки, мен — бечора Машрабман.
Анодин қай куни бўлдум, сенинг ишқингда оҳ урдум,
Муҳаббат даштида юрган бўлуб оввора Машрабман.
Муҳаббат жомидин май туттилар, ичмасга чорам йўқ,
Кўзумдин қон ёшим тинмай оқар, хунбора Машрабман.
Бошимга минг бало келса, тиларман васлин, эй зоҳид,
“Тилим кессанг, тўёрим йўқ, — деган, — дийдора” Машрабман.
Халойиқлар мени қувлар, ёмон деб ҳар шаҳар борсам,
Ажаб мардуд, ажаб махрум, ажаб сангсора Машрабман.
Ўзумни халқ аро ихфолиғимни ҳеч киши билмас,
Дилу жоним фидо айлаб, ажаб айёра Машрабман.
Мени девона Машрабга муҳаббатдин баён айланг,
Намозу рўзадин фориғ бўлуб сайёра Машрабман.
МЕНИ ЙЎҒЛАР КИШИМ БОРМУ?
Намангондин кетар бўлсам, мени йўғлар кишим борму?
Ғариблик шаҳрида ўлсам, мени йўғлар кишим борму?
Қани қавму қариндошим, бу йўлда бўлса йўлдошим,
Кўзумдин оғизиб ёшим, мени йўғлар кишим борму?
Муҳаббат шарбатин ичтим, қазондек қайнабон тоштим,
Бу фоний дунёдин кечтим, мени йўғлар кишим борму?
Тушубдур бошима савдо, рамузу ишқдин ғавғо,
Ўзига айлади шайдо, мени йўғлар кишим борму?
Турарга тоқатим йўқтур, юрарга ҳолатим йўқтур,
Юракда ишқ ўти чўқдур, мени йўғлар кишим борму?
Қарорим йўқ турай десам, Намангонда юрай десам,
Жаҳонни сайр этиб кезсам, мени йўғлар кишим борму?
Бу мискин зор Машрабни киши ҳолини билмайдур,
Бу ердин бош олиб кетсам, мени йўғлар кишим борму?
КЎРСАТ ЖАМОЛИНГ
Кўрсат жамолинг мастоналарға,
Ишқингда куйган парвоналарға.
Мендин дуодур,сендин — ижобат,
Жоним тасаддуқ жононаларға.
Эй кўнгли қаттиғ, раҳм айламайсан,
Қилҳил назар сен бечораларға.
Машраб сени деб кечти жаҳондин,
Бошини қўюб остоналарга.
ҲАР КИШИНИ ДАРДИ БЎЛСА
Ҳар кишини дарди бўлса, йиғласун ёр олдида,
Қолмасун армон юракда, этсун изҳор олдида.
Андалиби бенаводек нола-ю афғон била
Доимо йиғлаб турарман айни гулзор олдида.
Мансури Халлождек ичиб шароби антаҳур,
Чарх уруб, йиғлаб турармен ушбу дам дор олдида.
Ҳар киши бир журае нўш айласа бу бодадин,
Ул қиёматда қилур арзини Жаббор олдида.
Телба Машраб, қилмағил сиррингни зоҳидга аён,
Айтиб-айтиб йиғлагайсан ошиқи зор олдида.