ХАЛҚ ДАРДИДА ЁНГАН ШОИР

Ўзбек адабиёти шундай чаманзорки, унинг бўстонида гул кўп, чечак кўп. Бу бўстонда бир-бирига ўхшамайдиган, бир-бирини такрорламайдиган дилбар шоирлар авлоди қайта-қайта бўй чўзаверади. Ана шундай бетакрор шоирлардан бири, шубҳасиз, Ўзбекистон халқ шоири, халқимизнинг булбул-забон фарзанди Муҳаммад  Юсуф эди. У 1954 йил 26 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат (1898 йилда машҳур Дукчи Эшон қўзғолони бўлиб ўтган Мингтепа) туманидаги Қовунчи қишлоғида оддий заҳматкаш одамлар оиласида туғилди. Мана шу қишлоқда беғубор болалиги, шўх-шодон ўсмирлиги ўтди.
Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен –
Шу юртда туғилдим, шу юртда ўсдим.
Агар дўстим бўлса битта у дўстим –
Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен!.. 
Ёдимда ўт тушсин, этмасам ёдлар –
Дукчи эшонлари қилгай фарёдлар.
Уни тавоф этган Машрабдек зотлар, 
Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен, – деб ёзади кейинчалик шоир. Ўрта мактаб таълимини олгач, Муҳаммад Юсуф Тошкентдаги Рус тили ва адабиёти институтига ўқишга киради ва уни 1978 йилда битиради. Унинг дастлабки шеърларидан намуналар 1976 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги саҳифаларида чоп этилганди. Бу пайтлар ўзбек шеърияти ўзининг янги юксалиш поғонасига кўтарилган, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон сингари кўплаб истеъдодлар орасида ўзига хос ижодий мусобақа авжга чиққан эди. Бу ижод даврасига дадил кириб бориш, ўзига мос ўринни эгаллаш осон иш эмас эди. Бу ишнинг уддасидан чиқа олган, адабий жамоатчилик назарини ўз томонига қарата олган шоирлардан бири Муҳаммад Юсуф бўлди.
Ёш ижодкор 1978-1980 йилларда республика “Китобсеварлар” жамиятида, 1980-1986 йиллар оралиҚида пойтахтнинг “Тошкент оқшоми” газетасида, 1986-1992 йилларда эса, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида хизмат қилади. Мана шу нашриётда ишлаш йиллари Муҳаммад Юсуфнинг ижодий тақдирида муҳим ўрин тутди. Зеро, бу пайтда машҳур даргоҳга замонасининг забардаст ижодкорларидан бири Эркин Воҳидов раҳбарлик қилар, барча бўлимларда ҳукм сурган ижод руҳи ёш шоирнинг камол топишида ҳам жиддий туртки берганди. Муҳаммад Юсуф шеъриятининг турли йўналишларида эсда қоларли асарлар яратаётган қаламкаш дўстлари, устозлари орасида ўзини шоир сифатида исбот қилишга астойдил ҳаракат қилди.
Шоир шундай кўпки, уларга ер тор,
Ҳаммаси машҳур ва ҳаммаси номдор,
Улуғвор, уларга етмоқ кўп душвор.
Аммо улар ойга босиб юзини
Турганда осмонин бағрига илк бор.
Биз олиб боргаймиз тупроқ исини,
Гулдай димоғига тутамиз, қизим,
Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз қизим!.. 
Муҳаммад Юсуф 1992-1995 йилларда “Ўзбекистон овози” газетасида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)да хизмат қилди. 1997 йилдан эътиборан шоир Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Гарчи унинг шеърлари вақтли матбуотда тез-тез чоп этилиб турган бўлса-да, биринчи шеърий тўплами нисбатан кеч – 1985 йилдагина эълон қилинганди. Шундан кейин шоирнинг “Булбулга бир гапим бор” (1987), “Илтижо” (1988), “Уйдаги қиз” (1989), “Ҳалима энам аллалари” (1989), “Ишқ кемаси” (1990), “Кўнглимда бир ёр” (1990), “Бевафо кўп экан” (1991), “Ёлғончи ёр”, “Эрка кийик” (1992), “Осмонимга олиб кетаман” сингари ўнлаб шеърий мажмуалари ўқувчи қўлига етиб борди. У йирик поэтик жанрларга ҳам мурожаат этиб, “Осмоннинг охири”, “Қора қуёш” сингари достонлар яратди. Юртимизнинг мустақилликка эришгани Муҳаммад Юсуф ижодида янги уфқларни очди. Унинг миллат ва юрт истиқлоли шарафига битган гўзал шеърлари ўзининг самимийлиги, соддалиги, бадиий мукаммаллиги билан миллионлар қалбида акс садо берди.
Истиқлол йилларида эришган юксак ижодий ютуқлари учун Муҳаммад Юсуфга 1998 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилди. Муҳаммад Юсуф ижоди кейинги давр ўзбек қўшиқчилиги ривожида муҳим ўрин тутади. Миллий санъатимизнинг энг йирик ва истеъдодли вакилларидан тортиб, ҳаваскор қўшиқчиларгача шоир шеърларини куйга соладилар. Афсуски, Муҳаммад Юсуфнинг умри қисқа бўлди. У 2001 йилнинг 31 июлида Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманига қилинган ижодий сафар чоғида, юзлаб мухлисларига шеър ўқиётган пайтда юрак хуружидан вафот этди. Худди Бобурдек, Шавкат Раҳмондек Муҳаммад Юсуф ҳам 47 йил умр кўрди. Бироқ бу умр бир дилбар шоирнинг туғилиши, камол топиши, ўзини вояга етказган юрт ва миллатга самимий ва ихлос ила хизмат қилиб, ортидан яхши ном қолдириши учун кифоя қилди... 
Шоир ўзбек шеъриятининг зийнати эди. У оддий сўзлар билан содда одамлар қалбини, маҳаллани, ўзбекни, ўзбекчиликни, яхши урф-одатларимизни, Ватанни ёниб куйлади. Айниқса, шоирнинг “Ватаним”, “Халқ бўл, элим”, “Дунё”, “Иншооллоҳ”, “Ўзбекмомо”, “Иқрор”, “Тилак” сингари ўнлаб ижоди чинакам шеърият намунаси сифатида юртни қандай куйламоқ лозимлигини исботлаган асарлар бўлиб қолди. Муҳаммад Юсуф маҳаллийчиликни ёмон кўрарди. “Мен ўзбекистонликман, ўзбекман денглар”, дерди ёшларга. Тўғри, бу ватанпарварлик-нинг олий нуқтаси, юқори поғонаси. Лекин киши ўз қишлоғи ёки вилояти билан самимий фахрланса, бунинг ҳеч қандай айби йўқ. Шу маънода, шоир ўз қишлоғини, умуман, Андижонни жуда-жуда яхши кўрарди, улар билан фахрланарди. 
МУҲАММАДГА МАКТУБ
Қўлинг гулга айлансин ёр қучганда,
Лаҳча чўғ ҳам ҳўплагин сув ичганда.
Сев,юрагинг карвон бўлиб кўчганда,
Ишқдан олис саҳро борми, биродар?.. 
Ошиқларнинг орасида ҳакам йўқ,
Дардинг айтсанг, эшитгувчи одам йўқ.
Ишқ дардига ишқдан бўлак малҳам йўқ, 
Бундан оғир савдо борми, биродар. 
Қаён бошинг урма, бу дунё бир кам,
Бировга бер ўзинг муҳтож бўлсанг ҳам.
Ўзга ғами ўлдирмаса ўлсанг ҳам,
Ҳаётингда маъно борми, биродар.
Боқ бу фалак ишларига ўнгланиб:
Кимлар ўтар бир жони минг тўҚралиб,
Кимлар ўтар қобиғига ўралиб,
Дардсиздек бедаво борми, биродар. 
Лочин кўкда нетар кўзи ўтмаса, 
Синдир қаламингни сўзи ўтмаса. 
Ватан десанг ўпканг тўлиб кетмаса, 
Шеър ёзишга бало борми, биродар!..
МАҲАЛЛИЙЧИЛИК
Тошни сув кемирар. Сувни қаро ер, 
Ерни каламушлар кемирганин кўр, 
Даштда жайронларни қийратади шер, 
Ўзбекни қийратар... маҳаллийчилик! 
Майсаларни қуёш қовжиратади, 
Қуёшки булутлар тентиратади. 
Булутларни шамол довдиратади, 
Ўзбекни қуритар маҳаллийчилик. 
Тоғларни тўғонлар йиқиб қуритар,
Боғларни хазонлар сиқиб қуритар,
Хазонларни кузлар йиғиб қуритар,
Ўзбекни қуритар маҳаллийчилик. 
Чеҳранг бир хил ахир, бир хил забонинг,
Ватанинг бир ахир, бирдир маконинг, 
Қўйгил Қўқонингни, қўйгил Сурхонинг,
Ўзбекни қуритар маҳаллийчилик! 
Жайхун катта дарё, Сир катта дарё, 
Эркин дарё эди, ҳур, катта дарё, 
Минг ирмоққа кўчган бир катта дарё — 
Ўзбекни қуритар маҳаллийчилик... 
Тенг бўлайлик, тенгга теголмас ҳеч ким, 
Аҳил бўлсак бизни енголмас ҳеч ким, 
Азиз бошимизни эголмас ҳеч ким, 
Ўзбекни қуритар маҳаллийчилик...