БАРҲАЁТ ҲАМЗА

XX асрнинг сўнгги ўн йиллигида оламшумул тарихий воқеа рўй берди. Ер юзини титратган қудратли давлатлардан бири – СССР таназзулга учраб, парчаланиб кетди. Етмиш тўрт йил мобайнида фан, санъат ва адабиёт асарлари, уларнинг шу даврда кўкларга кўтарилган аксар муаллифлари ели чиққан ҳаво шаридек пучайиб қолди. Шундай нохуш тақдир Ҳамзани ҳам четлаб ўтмади. «Янги ўзбек адабиётининг байроқдори», «Октябрнинг жарчи ва жангчиси» деб шарафланган, бадиий асарлари ўнлаб тилларга таржима қилинган, саҳна асарлари юзлаб театрларда намойиш этилган, ўзи ҳақида эса юзлаб мақола, рисола ва китоблардан ташқари, кўп серияли «Оловли йўллар» телефильми яратилган Ҳамза номи кутилмаганда тилга олинмай қўйди. Унинг метро бекати, республика туманлари, кўчалари, мактаблари, театрларининг пештоқларини безаб турган номи «бир кеча»да олиб ташланди.

Ҳатто, Ҳамзанинг ҳаддан зиёд идеал-лаштирилганидан ғаши келиб юрган одамлар ҳам бу ажабтовур ҳолни кўриб, ёқа ушлаб қолдилар. Агар Ҳамза шундай шарафга арзимаган, даврнинг ўткинчи ёзувчиларидан бири бўлган бўлса, нега узоқ йиллар давомида унинг асарлари қўйилмаган театр, унинг асарлари чоп этилмаган газеталар, журналлар, нашриётлар қолмади, деган савол кўпчиликни безовта қила бошлади. Ҳозир ҳам ана шу безовталик кузатилмоқда.

Шубҳасиз, Ҳамза совет даврида идеаллаштирилди. Бунинг боиси Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби буюк ёзувчилар отиб ташланганидан сўнг шаклланишда давом этаётган ўзбек адабиётида байроқдор топиш лозим эди. Ҳамза ҳаёти ва ижодий фаолиятининг айрим қирралари билан, айниқса «диндорлар томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилгани билан» байроқдорлик «мартаба»сига бирдан-бир номзод эди. Хуллас, Ҳамза янги ўзбек адабиётининг байроқдори деб эълон қилинди, унинг адабий мероси шу нуқтаи назардан ўрганила ва саралана бошланди, айрим асарлари йўқотилди, айримлари таҳрир қилинди, айримлари эса қайта ёзилди. Агар дилимиздаги гапни айтсак, Ҳамзанинг ҳатто ўлими тафсилотлари таҳрирга учради. Унинг ўлимида юзлаб миллатпарвар ватандошларимизни қийратган манфур ГПУ (Давлат сиёсий бошқармаси)нинг қўли йўқ, деб айта олмаймиз.

Гапни Ҳамзанинг келиб чиқишидан бошласак. У 1889 йилнинг 6 мартида Қўқон шаҳрининг «Солкашон» маҳалласида Ибн Ямин ва Жаҳон биби оиласида дунёга келган. Унинг исм-шарифини замонавий андазаларга солиб айтсак, Ҳамза Ибн-Яминович Холбоев бўлади. Аммо у отасининг «Ҳаким» деган лақаби ва бобосининг «Ниёзмуҳаммад» исми асосида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий тахаллусини қабул қилган. Ҳамза 1898 йилдан 1906 йилгача мадрасада таълим олиб, форс ва араб тилларини ўрганган. 1907 йили ҳаж сафарига отланган отасини Қашғаргача кузатиш ниятида сафарга чиқиб, сафар чоғида Фотиҳ Каримовнинг «Вақт», Исмоил Гаспринскийнинг «Таржимон» газеталари билан танишиш имкониятига эга бўлди. 1909 йилда Тошкентга келиб, маърифатпарвар Собиржон Раҳимийнинг усули жадид мактаби билан танишиб, 1910 йилда «Қашғар дарвоза» маҳалласида шундай мактабни очган. Шу икки омил – жадид матбуоти ва жадид мактаби билан танишув унинг кейинги ҳаёти ва ижодини белгилаб берган.

Ҳамзанинг шеърий ижоди бундан аввалроқ - 1899-1900 йилларда бошланган ва Ҳамза «Ниҳоний» тахаллуси билан 1906-1914 йилларда аруз вазнида ёзган шеърларини қўлёзма «Девон»га жамлаб, мумтоз ўзбек адабиётидаги девоннавислик анъанасини ХХ асрда давом эттирган. Тошкентдан қайтганидан кейин эса Қўқон, Марғилон шаҳарларида усули жадид мактабини ташкил этиб, маърифатпарварлик фаолиятини бошлаб юборган.

Тарих ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида ўзбек зиёлилари олдига муҳим тарихий вазифани қўйди. Ижтимоий, иқтисодий ва маданий қолоқликда яшаётган Туркистон халқи тақдирини кескин ўзгартириш учун мактаб ва маориф соҳаларини ривож-лантириш, янги мактаб, янги адабиёт, янги матбуот ва янги театрни майдонга келтириш лозим эди. Тарихий давр шу талабини чуқур ҳис қилган Ҳамза янги усул мактабларини барпо этиш, улар учун янги ўқув китобларини ёзиш билангина кифояланмай, жадид шеъриятининг ҳам байроқдорларидан бири сифатида отилиб чиқди.

Бу шеърият олдида эса мудроқ халқни уйғотиш, юрагида темурийлар, бобурийлар, навоийлар қони жўш урган халқда Ватан ва Миллат туйғусини уйғотиш, Самарқанддаги инсон ақли бовар қилмайдиган обидалар барпо қилинган, «Хамса»лар, мақомлар, миниатюралар яратилган буюк ўтмиши ва бу мўъжизаларни яратган буюк ўтмишдошлари борлиги билан фахрланиш туйғусини уйғотиш ва уни жаҳолат ботқоғидан олиб чиқиб, ер юзидаги илғор халқлар даражасига кўтариш вазифаси турарди.

Ҳамза ХХ асрнинг 10-йилларида «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси» ва унинг давоми бўлган «Оқ гул», «Қизил гул», «Пушти гул» сингари тўпламларни нашр этиб уларда халқнинг мудроқ кўзларини очувчи, улар онги ва шуурини уйғотувчи «Яхши ҳолин йўқотган, оқибатсиз Туркистон, Истиқболин ушотган, офиятсиз Туркистон» сатрли шеърларини кўз ёшлари билан ёзди, «Ватан, ватан дер эдилар, на дер эрдим билмай ани, Энди билсам Ватан эркон бу танларнинг тирик жони», деб бошланган шеърлари билан халқ қалбига миллий уйғониш даврининг ҳаётбахш ғояларини қадади.

Ҳамза шу даврдаги шеърий ижоди билан Миллий уйғониш даври адабиётининг Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Тавалло сингари фидойи намояндалари қаторидан ўрин эгаллади.

Масаланинг ғаройиб томонлари шундаки, Ҳамза бу шеърларини ёзишдан аввал Фарғона водийсини кезиб, водий аҳли шу вақтгача айтиб келган маза-матрасиз, мазмуни эскирган ашулалар матнини ёзиб олди ва шу ашулалар куйига мослаб тараққийпарварлик ғоялари балқиб турган шеърларини ёзди. Ҳамза ёзиб олган ашула матнларидан бири Қўқонда яшаган кишилардан бири Қамчинбек қайсидир гуноҳи учун дорга осилган ва шундан кейин халқ орасида «Қамчин бегим «ув» деди-ё бир пиёла сув деди-ё. Дор тагига олиб борганда, ичмай туриб «ҳув» деди-ё» сатрли марсия тарқалган бўлиб, Ҳамза шу марсия оҳангида юқорида икки сатрини келтирганимиз Ватан ҳақидаги шеърини ёзган.

Мудроқ халқнинг басират кўзларига нур бахш этиш учун янги усул мактабларини очиш, Ватан, Миллат ва Маърифатни улуғловчи шеърларни ёзишнинг ўзи етарли эмас эди. Буни яхши билган Ҳамза театр труппаларини тузиб, аввало Фарғона водийсида, кейин ўлкамизнинг бошқа шаҳарларида ҳам концертлар уюштирган, спектакллар кўрсатган ва шу маданий тадбирларда нотиқлик, актёрлик ҳамда режиссёрлик санъатини ҳам намойиш этиб, миллатпаразлик ва эрксеварлик ғояларини халқ оммасига етказишнинг турли усулларидан унумли фойдаланган.

Ҳамзанинг 1915-1919 йилларда ёзган ва жадидчилик ғоялари балқиб турган шеър-ларини ўқиган киши, уларнинг Авлоний, Чўлпон, Фитрат, Тавалло сингари шоирларнинг шеърларидек жадид шеърияти тараққиётига қўшилган муҳим ҳисса эканига амин бўлади.

Янги тарихий-маданий давр ижод аҳлидан ўзбек адабиётининг янги адабий турлар ва жанрлар билан бойитишни талаб қилди. Ўзбек халқ оғзаки ижодида «халқ китоблари», «жангнома»лар, мумтоз ўзбек адабиётида эса «Бобурнома» сингари мемуар асарлар мавжуд бўлса-да, Л.Н.Толстойнинг «Уруш ва тинчлик», В.Гюгонинг «Хўрланганлар», Сервантеснинг «Дон Кихот» сингари «Европа гази билан ўлчанадиган» реалистик роман, ҳатто қисса ва ҳикоя жанрлари йўқ эди. Миллий адабиётимиздаги шу кемтикни тўлдириш мақсадида Чўлпон 1914 йили «Дўхтир Муҳаммадёр» қиссасини ёзди. М.Шермуҳамедов шу йили «Бефарзанд Очилдибой» романини ёза бошлаган бўлса-да, уни тугатиш учун ўзида ижодий салоҳиятни топа олмади. Ҳамза эса шу йили «Янги саодат» миллий романини ёзиб, уни 1915 йили нашр этишга муваффақ бўлди. Бу роман жанрининг ўзбек адабиётидаги илк намунаси эди. Агар Абдулла Қодирий орадан ўн йил ўтгач, «Ўтган кунлар»дек муҳташам романни ёзмаганида, Ҳамза ўзбек адабиётида роман жанрига пойдевор қўйган биринчи романнавис сифатида ардоқланган бўларди.

«Насрий» жанрларда қалам тебратиш орзуси Ҳамзада бундан ўн йил аввал, 1905-1906 йиллардаёқ пайдо бўлган. У «бир татар йигити»нинг суҳбатларидан «ҳийла дардланиб», «Ҳақиқат кимда?» номли «ҳавосиз опералик роман»ни ёзган эди. Лекин бу «роман» бизгача етиб келмаган. Ҳамза бундан ташқари, «Тўрт ишқ», «Феруза» сингари насрий асарларни ёзгани ҳам маълум.

Адабиётшунослар Ҳамза ҳаёти ва ижодини қанчалик чуқур ва кенг кўламда ўрганган бўлмасин, «Янги саодат» романи, бизнингча, миллий ўзбек романини яратиш йўлидаги уринишлардан бири сифатидагина баҳоланиб келган, холос. Ҳолбуки, ўзбек драматургиясининг оёққа туришида сентиментал драма жанри қандай муҳим роль ўйнаган ва томошабинларни театр залига қандай етаклаб келган бўлса, «Янги Саодат» ҳам ўзбек китобхонларини роман жанридаги асарларни қизиқиб ўкишга тайёрлаб борди. Романга ёзилган дебоча сўздан маълум бўлишича, эски имло ва эски усулда ўқиган ҳамда ўша йилларда ёши 20 дан ошган «эру хотинлар» янги имло ва янги усулда ёзилган асарларни ўқишга қийналишган. Шунинг учун Ҳамза ўз романини «Жамшид», «Зарқум» сингари «ахлоқни бузадирган асоссиз китоблар» (Ҳамза ифодаси) ўрнига фойдали бўлармикан, деган ниятда ўз асарига «эски имло ва эски усулда» тартиб бериб, «соддароқ» ёзган. Ўзгача айтганда, Ҳамза ўз асарини Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар»идан фарқли ўлароқ, халқ китобларининг тили ва услубига яқин, форс ва араб сўзлари билан мураккаблаштирилмаган тилда ёзишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ҳамзанинг «Янги саодат» романини ёзишдан мақсади қуйидаги эпиграфда ўз ифодасини топган:

Ўқуб таҳсили илм айла, маориф   шарбатин ютгил,

Тилингни жаҳлдан қутқар, ғами миллат била ўтгил.

«Ўқиган одамлар» - деб ёзади Ҳамза ушбу романида, - гарчанд ёш бўлсалар ҳам, мадрасаларда мударрис, расталарда катта дўкондор, яхши ўринларга мирзо, яхши кийимлар, озода саллалар бошида, ҳар жойда иззатлик ва ҳурматлик. Ўқимаган одам ҳар қанча бўлса ҳамки, ўқиган одамлар кўрган иззат ва ҳурматларни асло қўрмайди».

Хуллас, «Янги саодат» миллий романи китобхонларда илм-фанга муҳаббат туйғуларини уйғотиш, уларга мактаб ва маорифнинг инсон ҳаёти ҳамда тақдиридаги мислсиз даражада катта роли ва аҳамиятини кўрсатиш мақсадида ёзилган. Шу олижаноб мақсадга эришиш учун ёзувчи китобхонларга ибрат бўла оладиган қаҳрамонни ва ибратли воқеаларни ҳаётдан олиши ёки ўйлаб топиши лозим эди. ХХ асрнинг 10-йилларида Туркистонда бундай қаҳрамон ҳали етишиб чиқмаган, шунинг учун ҳам Чўлпон «Дўхтир Муҳаммадёр» қиссасида ўз идеалидаги образни яратган эди. Ҳамза ҳам худди шундай йўл билан боришни маъқул кўрди.

Ҳамза «Янги саодат» романини ёзганида 22 ёшда, жадид адабиёти эса – агар унинг туғилган санасини шартли равишда 1900 йил деб белгиласак, - эндигина 16-17 ёшга қадам қўйган эди. Шунинг учун ҳам биз Ҳамзанинг шу ёшда жадид адабиёти қаҳрамони образини яратиш йўлидаги уринишларини ижобий баҳолагимиз келади

1914 йили Туркистоннинг маданий ҳаётида яна бир тарихий воқеа рўй берди. Тошкент ва Самарқандда «Падаркуш» драмасининг саҳналаштирилиши билан ўзбек театр санъати майдонга келди. Бу шу қадар ларзакор воқеа бўлдики, шу вақтгача театр ҳақида ҳатто тасаввури ҳам бўлмаган Нусратулла Қудратулла, Абдулла Бадрий, Ҳожи Муин, Абдулла Қодирий сингари қаламкашлар Беҳбудий асари таъсирида драматургияга қўл урдилар. Кўп ўтмай, улар сафига Чўлпон, Фитрат, ўулом Зафарий ва Ҳамза қўшилди.

Одатда Ҳамзанинг саҳна асарлари тўғрисида сўз борганда, ҳамзашунос олимлар унинг «Заҳарли ҳаёт», «Туҳматчилар казоси», «Ким тўғри?» пьесалари билан бирга «Нормуҳаммад домланинг куфр хатоси», «Очлик қурбонлари», «Ишчилар ҳаётидан», «Лошмон фожиаси», «Фарғона фожиаси» сингари ўндан зиёд асарларини тилга оладилар. Бу асарларнинг бир қисми бизгача тўлиқ етиб келмаган бўлса, иккинчи қисми яқин-яқингача ўзбек театрлари репертуарларидан тушмай келди, учинчиси эса опера спектакли, мюзикл ва кинофильм сифатида томошабинларга тақдим этилиб, жаҳон халқларининг Ҳамза ижоди билан танишишларида муҳим роль ўйнади.

Ҳамзанинг илк пьесалари орасида «Заҳарли ҳаёт» трагедияси алоҳида эътиборга сазовор. Бу асар замирида ХХ аср бошларида Туркистонда (нафақат Туркистонда) рўй берган ёки рўй бериши мумкин бўлган воқеа ётади. Агар Шекспир трагедияси қаҳрамонлари Ромео ва Жульеттанинг муҳаббатига оталарининг икки ноаҳил хонадонга мансублигига сабаб бўлган бўлса, Ҳамза асари қаҳрамонлари Маҳмудхон билан Марямхонимнинг севги тарихига бирининг бой, иккинчисининг эса камбағал оилага мансублиги масаласи қонли нуқта қўяди. Ижтимоий ва иқтисодий тенгсизлик натижаси бўлган бу зиддият ўтмишда яшаган Лайли ва Мажнунлар муҳаббати тақдирини қандай ҳал қилган бўлса, ХХ аср бошларида яшаган Маҳмудхон билан Марямхонлар муҳаббатини ҳам шундай ҳал қилган. Бу асарда Ҳамза кўтарган масала на миллий чегарани, на тарихий даврларни билмайдиган абадий муаммодир.

Ҳамза бу мавзунинг бадиий ечимини топиш учун ХХ аср бошларидаги халқ оммаси менталитетини ҳисобга олган ҳолда сентиментал драма жанрини танлади ва шу ҳол асарнинг томошабинлар ўртасида катта муваффақият қозонишини таъминлади.

Ҳамза драматургияси тўғрисида сўз борганда, унинг шўролар даврида Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа республикалар саҳналарида намойиш этилган «Бой ила хизматчи» пьесасини четлаб ўтиш мумкин эмас. Бу пьеса, аслида, кичик саҳна учун ёзилган бўлиб, уни Ҳамза таваллудининг 50 йиллиги нишонланган 1939 йилда академик театр саҳнасида намойиш этиш қийин эди. Шунинг учун Ҳамзанинг шогирди Комил Яшин Амин Умарий билан ҳамкорликда «Бой ила хизматчи» асарини қайта ёзиб чиқдилар. Асарнинг тўлиқ матни сақлан-магани учун улар пьеса матнини спектакль афишасида пардама-парда берилган аннотация асосида, шунингдек, «Бой ила хизматчи» спектаклида қатнашган артистларнинг хотираларига таяниб тикладилар. Ҳамза асари шу жараёнда социалистик реализм методи талабларига тўлиқ мослаштирилди. Энди бу нафақат Ҳамзанинг, балки Ҳамза ва Яшиннинг ҳам асари эди.

Ҳамза бир уйга, ҳатто бир шаҳарга ҳам сиғмайдиган, шеъриятдан насрга, насрдан драматургияга кўчмаса, маориф соҳасидан адабиётга, адабиётдан эса театрга ўтмаса тура олмайдиган серғайрат киши эди. Ҳамзанинг шу ажабтовур табиати уни Бухоро амирлиги тугатилганидан сўнг 1920 йили Бухорога, 1921 йили эса Хоразмга бориб, у ерларда маданий-маърифий ишларнинг йўлга қўйилишига ўз ҳиссасини қўшишга ундади. Ниҳоят, 1926 йили Аввал қишлоғига бориб, ижод муҳитига берилди. У шу ерда ўзининг икки буюк асари «Паранжи сирлари», («Холисхон») драмаси ва «Майсаранинг иши» комедиясини яратди. У ҳатто музика соҳасида назарий билимга эга бўлиш учун 1928 йили Тошкентдаги Музика ва хореография институтига бориб, нотани, музика тарихи ва назариясини ўрганмоқчи бўлди. Аммо қандайдир партиявий топшириқ уни машғулотларни ташлаб, Шоҳимардонга кетишга мажбур этди. Шоҳимардонда эса… ваҳшиёна ўлим кутаётган эди.

 Бу фожиали воқеага қудратли сиёсий идоралар ва таниқли кишилар аралашгани учун Ҳамза ўлими сирлари охиригача очилмай қолган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ҳамза вафотидан кейин унинг ҳаёти ҳам, ижодий ишлари ҳам совет мафкураси нуқтаи назаридан талқин қилинди. У 1917 йили Қўқонда барпо қилинган Туркистон Мухторият ҳукуматини олқишлаб шеър ёзган, бинобарин, Туркистонннинг мустақил бўлишини орзу қилган шоирлардан бири эди. Лекин шу шеър узоқ йиллар мобайнида «унутилиб» келди. Аксинча, Ҳамзанинг гўё совет давлатининг куйчиси бўлганлигини тасдиқловчи «Яша, шўро» шеъри майдонга келди. Ҳамзанинг Туронни, эрк ва ҳурриятни куйлаган шеърлари босилган «Атир гул» тўплами ҳам Молия халқ комиссарлиги архивида сақланган ва Ҳамзанинг Туркистон Мухторияти ҳақидаги ҳаётининг халқдан сир тутилган саҳифалари ҳақидаги сўзлари битилган «Таржимаи ҳоли» қасддан йўқотилди. Ҳамзашунослардан бирининг илтимоси билан қўқонлик шоирлардан бири Ҳамза номидан Ленин ҳақида шеър ёзиб, «Ўзбекистон маданияти» газетасида эълон қилди.

Бугун бу ёлғонлар совет давлатининг ўзидек тарих қаърига равона бўлган. Бугун биз ватарпарвар, миллатпарвар, тараққийпарвар Ҳамзани қайта кашф этиб бормоқдамиз. Бу демакки, Ҳамза Абдулла Қодирийлар, Фитратлар ва Чўлпонлар билан ёнма-ён яшайди.


(“Ишонч” газетасининг 2020 йил 

7 январь сонидан олинди).