БОБУР - СЕРҚИРРА ИҚТИДОР СОҲИБИ ЭДИ

Халқимиз дунё фани ва маданиятига муносиб ҳисса қўшган фарзандлари билан  ҳақли равишда фахрланади. Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Ал Хоразмий  ва бошқалар. Бундай кишилар орасида шоҳ ва шоир, бобурийлар империясининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг алоҳида ўрни бор. Мураккаб ва зиддиятли ҳаёти ўспиринликдан то умрининг охиригача жангу-жадаллар, сарсонлик, зафар ва мағлубият, ижоду-бунёдкорлик оғушида кечди. Бобур адолатли шоҳ, моҳир саркарда бўлиш билан бир қаторда лирик шоир ва ўз даврининг етук прозаики ҳам эди. “Бобурнома” бунга ёрқин мисолдир. Асар муаллифнинг 12 ёшидан, яъни тахтга ўтирганидан бошлаб то умрининг охиригача кўрган-кечирганлари ҳақида ҳикоя қилади. “Бобурнома” асари нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиётининг нодир намунаси саналади. Асарнинг ўзбек насри тараққиётидаги ўрни беқиёс. “Бобурнома” автобиографик очеркларни эслатувчи воқей ҳикоялардан иборат. Уларда муаллиф Мовароуннаҳр, Хуросон, Афғонистон, Ҳиндистон каби мамлакатларда ўзи қатнашган ёки кўрган воқеаларни ҳикоя қилади. Асарда тарихий давр ва Бобур ҳаёти ҳаққоний ифода этилади.

Ёзувчининг тасвирлаш маҳорати юксаклиги сабаб у ёки бу шахс ҳақидаги маълумотлар келтирилганда, уларнинг табиатига хос хусусиятларни ҳам кўрсатишга эришади. Бобур ўз отаси ҳақида шундай ёзади: “ …ҳанафий масҳаблиқ, покиза эътиқодлиқ киши эди…Равон саводи бор эди. “Хамсатайн” ва маснавий китобларни ва тарихларни ўқуб эди. Аксар «Шоҳнома» ўқур эди. Табъи назми бор эди, вале шеърга парво қилмас эди.

Бисёр саховати бор эди. Хулқи доғи саховатича бор эди, хушхулқ, фасиҳ ва ширин забон киши эрди, шужо ва мардона киши эди”. Сўнгра эса бир воқеани мисол келтиради. Кунлардан бир куни Андижоннинг шарқий тарафидаги тоғлардан келаётган минг уйлик Хитой карвонини қор босиб қолади, икки киши қутулиб қолади, холос. Воқеадан хабар топган Умаршайх мирзо одамларини юбориб, карвоннинг барча нарсаларини келтиради. Самарқанд ва Хуросондан тегишли кишиларни чақириб, молларини топширади.
Отасидаги бу хислатларнинг кўпи Бобурнинг ўзида ҳам мужассамлашганини айтиб ўтиш зарур. Унинг ўзи ҳар қандай ҳолатда, ҳатто уруш-талашлар авж олиб турганда ҳам адолат мезонини қаттиқ тутган. Жумладан, 1503-1504 йиллар воқеалари баёнида шу ҳолат кузатилади: Қундуз шаҳри атрофида Хусравшоҳнинг аскарлари анча бетартибликка, зулм-зўравонликка ўрганган эдилар. Улар Бобурга қўшилгандан кейин ҳам бу одатларини ташламайди. Бир навкар «бировнинг бир кўза ёғини тортиб олғон учун эшикка келтуруб таёқлаттим. Эл бу сиёсаттин тамом босилдилар»,-деб таъкидлайди, Бобурнинг ўзи. Асарнинг 1506-1507 йиллар воқеалари тасвири баёнида ҳам ундаги шижоатни, фидойиликни кўриш мумкин. Бобур ўз одамлари билан Ҳиротдан  Кобулга тоғ йўли орқали кетаётганларида йўл бошловчи адашганлиги сабабли улар йўлдан адашадилар. Қаҳратон қиш. Қор кўплигидан ҳатто отларнинг ҳам юриши мушкул. Бир ҳафтага яқин қор тепиб, йўл очадилар. Бобур эса қор тепувчиларнинг энг олдида туриб ғайрат ва шижоат кўрсатар эди. Йўл очилгач эса бўш отни тортиш имкони бўлар эди. Бўш от узангисигача, қорнигача қорга бота-бота ўн-ўн беш қадам юриб толиқиб қолар, сўнгра эса  бу от четга тортилиб, бошқа бир от юргизилар эди. Мана бу байт ўша азобли кунларда ёзилганлиги ҳақида маълумот берилади асарда.
Чархнинг мен кўрмаган жабру-жафосу
                           қолдиму?
Хаста кўнглум чекмаган дарду-балоси
                           қолдиму? 
Бобур саркардалик қобилияти билан олиб борган жангларда, айнан Ҳиндистондаги жангларда ғолиб чиқиб буюк тарихий давлат туза олди. Ўз давлатида адолатпарварлик, ҳалққа ғамхурлик, осойишталикни сақлаш хавфсизликни таъминлаш борасида катта  муваффақиятларга эришди, халқнинг ҳурмати ва меҳрини қозонди. 

“Бобурнома “ асари тарих, этнография, география, тилшунослик, адабиётшунослик ва бошқа фанлар учун бирдай манба бўла олди. География фанини ўрганишда бу асарнинг ўрни беқиёсдир. 

“Бобурнома”да у ўзининг билган, кўрган, кузатган бой илмий далиллари асосида табиат манзараларини юксак бадиият билан тасвирлайди.  Бобур  Фарғона, Зарафшон водийларини, Тошкент воҳасини бир неча бор кезиб чиқди. Ғарбий Тяньшан, Туркистон, Зарафшон, Олой, Ҳисор тоғ тизмаларида бўлиб, у ерлардаги водийлар,  далалар, музликларни ўз кўзи билан кўрди, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ўрганди. Ҳаётида ўзи кўрган ва кечирган географик жойларни чўл, водий, воҳа, дарё, сой, адир, тоғларни, у ерда ўсувчи ўсимлик, яшовчи ҳайвонларни асарида моҳирлик билан тасвирлаган. Бобур ўз асарида Туркистон жумладан , Ўзбекистон рельефини, содир бўлиб турадиган зилзилаларни, иқлимини илмий равишда баён этиш билан бирга географияда таққослаш усулидан моҳирона фойдаланган. У бирор ҳудудга таъриф бераётганда географик изчилликка катта эътибор берган. Масалан, “ Бобурнома” да Фарғона водийсининг тавсифида аввал унинг Туркистонда тутган ўрни, катталиги, рельефи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъриф бериб, сўнгра шаҳарлари аҳоли яшайдиган жойлари, улар орасидаги масофа,  хўжалиги, машҳур кишилари ҳақида маълумот беради.
“Бобурнома”да Туркистон иқлими ҳақида ҳам қимматли маълумотлар ёритилади. Асарда Фарғона вилояти бешинчи иқлимда жойлашганлиги, Фарғона водийсига шамоллар ғарбдан келиши, ёғинларнинг кам тушиши, атрофи тоғлар билан ўралганлиги туфайли бу ерларга ҳам ҳаво массалари кириб кела олмаслиги баён этилади. Бобур жойлар табиатини таққослаш усулида тавсифлашга асос солганлардан биридир. У “Бобурнома” да Самарқанд ва Қобул давлатини, хусусан, иқлимини бир-бирига таққослаган.

Серқирра ижод соҳибининг асарларини ўрганар эканмиз, унинг авлодларга қолдирган маънавий мероси бугун ҳам ўз қийматини йўқотмаганлигини  кўришимиз мумкин. Кўз олдимизда узоқ тарихга эга бўлган халқимиз ва ватанимиз ҳақида тасаввур пайдо бўлади. Юрагимизда ўз юртини  жонидан севган ватандошларимиздан фахрланиш, ғурурланиш ҳисси жуш уради. Асардан бугунги авлодлар ўрганишлари, амал қилишлари зарур бўлган жуда қимматли маълумотлар олиш мумкин.

Буюк алломалар илмий ва ижодий фаолиятларини ўрганишнинг аҳамияти шундаки,  улардан ёшларни меҳнатсевар, илмпарвар  инсонлар бўлиб камол топишида фойдалансак, мақсадга мувофиқ бўлади. Хулоса қилиб айтганда, “Бобурнома” инсонда комиллик сифатларини шакллантирувчи жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга асар ҳисобланади. У ўқиш, уқиш, ибрат олишга арзийдиган мўътабар манбадир. 
Наргиза  Аслиева, 
 6-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт  фани ўқитувчиси.  
 Орзигул КАРИМОВА,
   шу мактабнинг география  фани ўқитувчиси.