МУҲАББАТ ВА ҲАЁТ КУЙЧИСИ

“Мен, — деб ёзади Зулфия, — Ҳамид Олимжонни илк дафъа ўша йилда кўрганман. …Яшириб ўтирмайман. Ҳамид Олимжон илк кўришувларданоқ кўзимдан кўнглимга ўтди. Мен жуда ёш ҳиссиётим билан унинг кенг қалби, улкан иқтидорини туйдим”. (Наим Каримовнинг «Зулфия опа ҳақида» мақоласидан).

Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова ижодий камолотида ўзбек ва рус классиклари, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли бениҳоя бўлди. Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, халқаро тинчлик учун кураш жарчиси Зулфия Исроилова 1915 йили Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. Шоира Хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларида (1931-1934) адабий тўгаракларда шеър машқ қила бошлади. 1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг А.С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди. Сўнгра 1938-1948 йилларда Болалар нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Давлат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда эса «Ўзбекистон хотин-қизлари ойномасида бўлим бошлиғи ва ниҳоят, 1953-1980 йилларда «Саодат» ойномасининг бош муҳаррири бўлиб ишлади. Зулфия 17 ёшида ёзган «Ҳаёт варақлари» (1932) номли биринчи шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосиятхон Тиллахоновалар сафига кириб келди. Ёш шоира поэзияси замонавий, актуал мавзуларга бағишланади. Зулфиянинг ижодий камолотида ўзбек ва рус классиклари, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли бениҳоя бўлди. Шоира «Шеърлар» ва «Қизлар қўшиғи» (1938) каби поэтик асарларини она-Ватан ва унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, механик, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни чоқда мазкур тўпламлардаги шеърлар ёш шоиранинг шеърий маҳорат сирларини эгаллаётган даврини характерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим эди. Улуғ Ватан уруши даврида шоиранинг «Уни Фарҳод дер эдилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944 й.) каби тўплам-ларининг нашр этилиши Зулфиянинг пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан нишона эди. Тўпламдаги шеърлар Ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч руҳида яратилганлиги билан характерлидир. Ҳозиржавоб шоиранинг урушдан сўнгги йилларида ёзилган «Чоржўй— Қўнғирот» (1947), «Далада бир кун» (1948), «Зоотехник қиз» (1952), «Тонг қўшиғи» (1953) каби бир қатор шеърлар туркуми, «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар» (1958), «Куйларим сизга» (1965), «Салом, сизга эркпарвар эллар», «Ўғлим, сира бўлмайди уруш» каби шеър ва тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади, хунрез урушларга лаънатлар ўқилади. Унинг «Сўроқлайди шоирни шеърим» (1960), «Ойдин» (1953), «Қуёшли қалам» (1967) каби очерк, поэма ва достонлари Ҳ.Ҳакимзода, Ойбек, Ойдин, Ҳамид Олимжон каби устозларнинг ёрқин хотираларига бағишланган. Серқирра ижод эгаси Зулфия Ҳ. Олимжоннинг «Семурғ», «Зайнаб ва Омон» достонлари асосида пъеса ва опера либреттолар ҳам яратди. Зулфия «Ўйлар», «Шалола» каби шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори бўлган. «Сайланма»лари учун Иттифоқ Давлат мукофоти, ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлаъл Неру номидаги умумҳиндистон соврини, Тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро «Нилуфар» мукофотларига сазовор бўлган. Шоира 1975 йилда 60 ёшга тўлиши муносабати билан Халқлар дўстлиги орденини олишга сазовор бўлди. Айни чоғда у собиқ Иттифоқ Давлат мукофоти лауреати ва Меҳнат Қаҳрамони ҳамдир.

Маълумки, ҳар йилнинг 1 марти юртимизга фасллар келинчаги саналмиш баҳор кириб келганидан дарак бериши билан бирга, шу куни мамлакатимизнинг барча гўшаларида, таълим муассасаларида садоқат ва вафо куйчиси, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган сана сифатида ҳам кенг нишонланади.

Президентимизнинг 1999 йил 10 июнда қабул қилинган Фармони асосида мамлакатимизда Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши адабиёт, фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида изланаётган, фаол, фидойи, ташаббускор ҳамда иқтидорли қизларни кашф қилишда муҳим аҳамиятга эга. Йилдан-йилга ушбу мукофотга муносиб, деб топилаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қуво-нарлидир. Бу эса, ўз навбатида, баркамол авлод вакилларининг қалбида Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш истаги жўш ураётганини англатади. 


 Розия САЪДУЛЛАЕВА,

         7-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.