ХАЛҚНИНГ АРДОҚЛИ АДИБИ

Ўзбек адабиётининг етакчи намояндаларидан бири, таниқли ёзувчи, Ўзбекистон қаҳрамони Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев 1920 йили Тошкентнинг «Самарқанд дарвоза» маҳалласида зиёли оиласида туғилган. Мактабда таҳсил олиб юрган кезлариданоқ адабиёт ва ижодга ҳаваси бўлакча эди. Вақтли матбуот унинг ижод дорилфунуни бўлди. 

Фаолиятининг дастлабки босқичини “Муштум” ойномасида бошлаган Саид Аҳмаднинг биринчи ҳикоялар тўплами “Тортиқ” 1940 йилда нашр этилди. Уруш ва урушдан сўнгги йилларда Саид Аҳмад кўплаб фельетон, очерк ва ҳикоялар ёзди. Кетма-кет “Эр юрак” (1942), “Фарғона ҳикоялари” (1948), “Муҳаббат”(1949) каби тўпламлари нашр этилди. Иккинчи Жаҳон уруши йилларига бағишланган “Хазина”, “Ҳайқириқ”, “Раҳмат, азизларим” каби ҳикояларида муаллиф урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳаяжонли тасвирлайди. 

У дастлаб «Муштум» журналида, Радио комитетида (1942—1943), «Қизил Ўзбекистон» газетаси (1943—1947), «Шарқ юлдузи» журналида (1948—1950) ва сўнгги йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси қошидаги наср бўлимига бошчилик қилади. Саид Аҳмаднинг барча ҳикоялари замонавий мавзуда ёзилган. У ҳикояларида тасвирлайдиган ҳар бир воқеадан фалсафий умумлашма чиқаришга, воқеаларни лирик таъсирчанлик билан ифодалашга, бадиий усулларнинг хилма-хиллигига эришишга интилди. «Чўл бургути», «Ўрик домла», «Лочин», «Одам ва бўри», «Бўстон», «Тўй боши» каби қатор асарлари Саид Аҳмад ижодида ҳам, ўзбек насрида ҳам янгилик бўлди. 

Саид Аҳмад кичик ҳажвий асарлари билан ўзбек радио ва телевидениесида миниатюралар театрига асос солган.

«Уфқ» трилогиясида ёзувчи урушдан олдинги ва ундан кейинги давр ҳаётий муаммолари ҳақида баҳс юритади. «Жимжитлик» (1988) романида эса турғунлик даври иллатларини фош этишга интилди.

Айниқса, ёзувчининг пьесалари катта шон-шараф ва машҳурлик келтиргани кўпчиликка маълум. Жумладан, улар ичида «Келинлар қўзғолони» комедияси алоҳида ажралиб туради. Ушбу асар театрда, кинода ўз ўрнини топгандан сўнг Саид Аҳмад номини ўзбек адабиёти классик намояндалари қаторига кўтарди. Ёзувчининг бу комедияси дунёнинг 14 та мамлакатида саҳналаштирилган.

Адибнинг кўпгина асарлари қардош ва хорижий тилларга таржима қилинган. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофотига сазовор бўлган. “Шуҳрат” медали, “Буюк хизматлари учун” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.

Ва, ниҳоят, “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак шарафли унвонга ҳам эгадир. 

Ёзувчи Саид Аҳмаднинг 100 йиллиги муносабати билан янги “Сабр-у садоқат” номли сериал яратилди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги  матбуот хизмати маълум қилди.

Киносериал 1950 йилдан 1955 йилгача ёзувчи ва унинг рафиқаси ҳаётидаги ҳақиқий воқеаларга асосланган бўлиб, унда севги ва садоқат, инсон руҳиятининг куч-қудрати тараннум этилади.

“Сабр-у садоқат” сериали жорий йилнинг 8-12 июнь кунлари телеканаллар орқали намойиш этилди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлигининг махсус лойиҳаси бўлган, беш қисмли ушбу сериал ёзувчи ва унинг рафиқаси Саида Зуннунова ҳаётига бағишланган. Киносериал 1950-1955 йиллардаги реал воқеаларга асосланган. Режиссёр Ҳамидулла Бобоқулов «Сабр-у садоқат» телесериалини Нозим Аббосовнинг «Саид билан Саида» фильми асосида суратга олган. 

«Бу махсус лойиҳа «Саид билан Саида» фильмига киритилмай қолган янги саҳналар билан бойитилди. Бу томошабинлар учун Саид Аҳмаднинг 100 йиллиги учун туҳфа бўлади. Буюк ёзувчи ҳақидаги сериални суратга олиш эса Нозим Аббосовнинг эзгу орзуси эди ва бу орзу эндиликда рўёбга чиқадиган бўлди.

Томошабинлар фильмни томоша қилиш орқали меҳр-муҳаббат, улкан бардош, кучли матонат, букилмас ирода, енгилмас ғурурга гувоҳ бўлишлари мумкин», – дейилади «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизматининг Kun.uz.га тақдим қилган ахборотида.