ТИББИЙ МАРКАЗДАГИ ТАРТИБСИЗЛИК


Ўтган душанба куни Лойишда фаолият кўрсатаётган “Биомед” хусусий тиббиёт  лаборатория марказига етиб борганимизда эрталабки соат 8:30 лар эди. Навбатда турган одамларнинг гавжумлигини кўриб ростини айтганда, киришни ҳам, қайтиб кетишни ҳам билмай бироз иккиланиб қолдик. Бизнинг иккиланганлигимизни кўриб бир танишим:

- Бемалол келаверинг, бу ернинг мутахассислари кучли, беморларни кўп куттириб ўтирмайди, тўловини тўласангиз бўлди, тезда навбатингиз етиб келади, - деди.

Марказга кириш эшигидан сал узоқроқда бўлсада (қоидага зид), “Дизенфекция туннели” ўрнатилганлиги, ичкарига киришдан аввал медицина ходими томонидан ҳар бир кишининг тана ҳарорати ўлчанаётганлигини кўриб кўнглим таскин топиб, мен билан бирга келган қизим иккимиз тиббиёт марказига киришга жазм қилдик. Негаки, айни карантин даврида тиббиёт муассасаларига бемор киши билан бориш, соатлаб навбат кутиш, қолаверса, ижтимоий масофани сақлаш сингари қоидаларга амал қилиш учун ҳамма жойда ҳам етарли шарт-шароитнинг ўзи йўқ.

Дарҳақиқат, бу ерда ҳам худди шундай бўлди. Гарчи марказда бир қарашда тартиб-қоидага амал қилинаётгандек кўринсада,  минг афсуски, карантиннинг энг асосий талабларидан бири бўлган ижтимоий масофани сақлаш қоидаси қўпол равишда бузилаётганлиги дилни хира қилади. Мўъжазгина тиббиёт марказидаги УЗИ аппарати кўригидан ўтиш учун 70 киши навбатга ёзилган бўлса, уларнинг орасида ёши кексалар, ёш болали оналар, ҳомиладор аёллар, оғир касаллар тик оёқда туришиб, навбат кутишар эди. Ваҳоланки, врач қабулига кириш учун атига 4 дона стул қўйилган бўлса, қолган беморларнинг бири деворга суяниб турар, бири ерга чўнқайиб ўтирган, бирлари эса баланд овозда телефонда сўзлашар, яна айрим ёш жувонлар тинимсиз ҳангома қилишиб турганини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши. Ахир, навбат кутиб турган жойида боласи тинимсиз йиғлаётган онахон ҳам, тинимсиз йўтали тутиб, азобланаётган бошқа бир беморлар ҳам бу шифохонага дардига малҳам излаб келганлиги ҳаммага аён-ку. Хизмат ҳақини олгандан кейин, беморлар учун етарли шарт-шароит яратиш ҳақида ким қайғуради? 

Лекин бу ердаги тартибсизлик, одамларнинг сершовқини, гавжумлигини бартараф этиш ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Кириш залида ўтирган навбатчи ҳамшираларнинг бири келган кишини тана ҳароратини ўлчар, иккинчиси эса беморларни навбатга ёзиб, рўйхатдан ўтказиб, хизмат ҳақини олиш билан овора эди. Унинг ёни беморлар билан гавжум. Шу пайт қизга пул узатаётган бир аёлнинг афсус ва надомат билан айтаётган сўзлари диққатимни тортди:

- Бечора болаларимни ишлаб топган пули эди, касал бўлиб қолмаганимда ўзларига егизсам бўлмасмиди. Аппаратга текширтириш учун 90 минг сўм тўлаш малол келар экан. Баттар касал бўлаёздим...

Навбатимиз келиб, дарҳол врач қабулига кирдик-да, сўнгра шошиб бу маскандан чиқиб кетар эканмиз, аҳолига беминнат тиббий хизмат кўрсатаётган бўлишига қарамасдан бугунги кун талабини унутиб қўяётган бу каби тиббиёт муассасаларининг масъул раҳбарларига бўлган эътирози-мизни етказиб қўйишни лозим деб ҳисобладик: “Ахир сизнинг ҳузурингизга нажот излаб, соғлигини тиклаш учун ўзининг азиз ҳаётини сиз каби оқ халатли шифокорларга ишониб топшираётган беморларнинг тақдири сизнинг қўлингизда экан, уларга нисбатан ҳеч қачон бефарқ бўлманг, уларнинг ишончини асло суиистеъмол қилманг!”.

Шукрона,

 Лойиш шаҳарчаси.