ИЛҒОР ВА ИЖОДКОР УСТОЗ

Нигора Камолова ўзининг педагоглик фаолиятини 2002 йилдан 2005 йилгача тумандаги 30-мактабда бошлаган. 2005 йилдан   45-ИДУМда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлади. Нигора Камолова иш фаолияти давомида ўзининг иқтидори ва салоҳияти билан туман, вилоят миқёсида ўтказилган бир қанча "Кўргазмалар кўрик-танлови"да фахрли 1-ўринларни олган. У ўзининг "Тайёрлаш - амалда қўллаш" методи орқали очиқ дарслар ўтказди. 
Бугун устозлар ичидан устоз бўлиб етишиб чиқаётган Нигора Камолова ҳақида сўз юритмоқчиман. 2016-2017 йиллари туман халқ таълими бўлими бошланғич синф ўқитувчиларининг методисти вазифасига ишга келган кезларимдаёқ бу ўқитувчи диққатимни тортган эди. Туман миқёсида бошланғич таълим ўқитувчилари ўртасида "Кўргазмалар танлови"ни ўтказаётган эдик. Ўзига хос тиришқоқлиги, ҳаракатчанлиги ва кўргазмага тайёрлаб келган ижодий ишлари билан ўз касбига меҳр қўйган, келажакда эса етук кадр бўлиб етишишига кўзим етиб, унинг тайёрлаб келган кўргазмасидаги айрим камчиликларни ётиғи билан тушунтирдим. Эртаси куни камчиликларини тузатибгина қолмасдан, балки, янги ғоя қўшиб олиб келибди. Ёш ўқитувчи билан дилдан суҳбатлашдик ва унга керакли методик тавсия ва маслаҳатларимни бердим. Доимий изланишда бўлган, ўз устида тинимсиз ишлаган ўқитувчи вақти келиб, албатта устозларнинг устози даражасига етишишини тушунтирдим ва унга ишонч билдирдим.
Нигора Камолова ўша йили бошланғич синф ўқитувчиларининг Август шўъба йиғилишига тайёргарлик жараёнида маъруза тайёрлади. Шу йили ўқув Дастури янгиланди, ўқитувчиларга тренинг машғулотларини ўтказиш мақсадида ёрдамчи тренинг этиб вазифалар бердим. У жуда кенг қамровдаги машғулотни муваффақиятли даражада ўтказишга эришди. Туман бошланғич таълим ўқитувчиларининг навбатдан ташқари методбирлашма йиғилиши 45-ИДУМда ташкил этилди. Нигора Камолова туман миқёсида очиқ дарс машғулотини ўтказиб берди. Ўтказилган дарс машғулоти таҳлил қилинганда унинг ўқувчилари билимли, оғзаки нутқи яхши ривожлантирилган, одоб-ахлоқ қоидалари ва ўзаро ҳамжиҳатлик руҳлари сингдирилганлиги, дарси яхши кўрсаткич берганлиги айтилди. Устоз ўқитувчилар томонидан тегишли методик тавсиялар берилди.
2021 йилда ПИРЛС халқаро тадқиқотларига иштирок этиш учун тайёргарлик кўриш мақсадида вилоят семинари туманда ўтказилиши белгиланди. Ўзим матнни ўқиб тушуниш бўйича маъруза тайёрладим, Н.Камоловага 4-синф дарслигидан "Жалолиддин Мангуберди" мавзусида топшириқ саволлари тузиб очиқ машғулот ўтиб бериш вазифасини юкладим. Топшириқларни қайта-қайта кўриб чиқиб, мустаҳкамлаб, машғулотни вилоятимиз туманларидан келган ўқитувчиларга кўрсатиб берди. Шу билан у тўхтаб қолмади. Вилоятда таянч мактабларни ташкил этиш бўйича тренингларни тайёрлаш курсида ўқиди, ўқувчиларни ота-оналари билан ишлади ҳамда яна навбатда бўлиб ўтган вилоят семинаридаги "Машғулот дарси"да ота-оналар билан ишлаш жараёнини амалий тарзда ўз тажрибаси мисолида кўрсатиб берди. Пандемия сабаб Онлине тарзда фаолият юритилган кезларда "ЗООМ ПЛАТФОРМАСИ" орқали йиғилишларда туман ўқитувчиларига дарсликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар бўйича маълумотларни етказиб беришда ҳам бор билим ва тажрибасини ишга солиб, фаол иштирок этди. 
Жорий ўқув йилида "Миллий ўқув дастури"ни амалиётга татбиқ этиш бўйича ташкил этилган ўқувларда ҳам фаол иштирок этиб, махсус "Сертификат" олиб, таълим соҳасидаги янгиликларни ўқитувчиларга  илғор иш тажрибалардан фойдаланиб етказишда унинг ҳам ўз ўрни бўлди. У тренинг ўқитувчи сифатида ҳам вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази устозлари ҳамкорлигида, устозлар кўрсатмалари ва тавсиялари асосида   тингловчилар билан ўзаро илғор иш тажриба алмашиш мақсадида тренинг машғулотини ўтказди. Шу йили Нигора Камолованинг иш тажрибаси Вилоят халқ таълими бошқармаси бошланғич таълим йўналиши бўйича ўқув методик кенгаши томонидан вилоят миқёсида оммалаштирилди. 
Ўз касбининг фидойиси бўлган, тиришқоқ, бугунги кун илғор иш тажрибасига эга бўлган устозимизнинг келгуси ишларига омадлар ёр бўлсин, деймиз.
Муқаддас РЎЗИМУРОДОВА,
туман ХТБ бошланғич таълим 
методисти.