ГИЁҲВАНДЛИК ВА АЛКОГОЛИЗМНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ

Инсоният тараққиётнинг янги-янги чўққиларини забт этмоқда. Бироқ жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир. Афсуски, ҳозирги даврда, ҳатто ўсмир ёшлар, аёллар ўртасида ҳам ичкиликбозликка, гиёҳвандликка, кашандаликка рўжу қўйиш ҳоллари учрамоқда.
Инсон онадан ичувчи ёки кашанда бўлиб туғилмайди, албатта. Буни келтириб чиқарадиган бир қатор сабаблар мавжуд. Туғилган кунларни нишонлаш, фарзанд  дунёга келиши муносабати билан ўтказиладиган турли тадбирлар, фуқаролар ўртасида уюштириладиган гап-гаштаклар, битирув кечалари, хатна тўйлари, никоҳ тўйлари, қуда чақириқ ва бошқа маросимларда спиртли ичимликларнинг тановул этилиши бу иллатнинг томир отиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмол қилинишига қарши кураш, уларнинг зарарли оқибатларининг олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар натижасида, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони тобора камайиб бормоқда. Болалар ўртасида ичкиликбозлик, гиёҳ-   вандлик каби тузалиши қийин бўлган вабонинг тарқалишига ота-оналарнинг ўз юмушлари билан ўта бандлиги, болаларни назоратсиз қолдиришлари, оилавий низолар, ортиқча бойлик орттиришга рўжу қўйиш, боланинг керагидан ортиқ таъминланганлиги ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда.
Спиртли ичимликлар инсоннинг маънан ва ақлан ривожланишига катта зарар етказади. Ундан ортиқча истеъмол қилган киши на оиласи учун, на жамият учун фойда келтиради, балки уларга катта талафотлар келтиради.
Ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маънавий тараққиётига зарба берувчи иллатлардан яна бири гиёҳвандлик ҳисобланади. Гиёҳвандлик ҳам ичкиликбозлик сингари инсон саломатлигининг ашаддий кушандасидир.
Гиёҳванд асли наша, қорадори, кўкнори, героин ва шу каби наркотикларни истеъмол қилишга одатланган одамдир. Бундай одамларни ўз номи билан эмас, балки банги, нашаванд, кўкнори деб аташади.
Олимларнинг исботлашича, никотин тутуни таркибида никотин, олтингугурт, аммиак, азот, ис гази, турли эфир мойлари, сианид кислотаси, чумоли кислотаси, цирка ва валериана кислоталари, шунингдек, инсон организми учун ўта зарарли бўлган бошқа ҳар хил моддалар мавжуд. Бундай гиёҳлар асосан учга бўлинади: кўкнор гиёҳи, наша гиёҳи, тамаки гиёҳи.
Кўкнор таркибида ўткир таъсир этувчи наркотик модда бўлиб, унинг танасидан махсус асбоблар воситасида шилимшиқ, елимсимон модда сидириб олинади. Бу модда "қорадори" деб аталиб, ундан истеъмол қилган киши жисмоний ва ақлий томондан заиф, оддий нарсалардан вос-восга тушиб қоладиган, турли жиноятлар содир этишдан қайтмайдиган, бир умр фарзанд кўрмайдиган ҳам бўлиб қолади. "Қорадори"ни сурункали истеъмол қилувчиларни халқимиз "кўкнори" деб атайди.
Наша гиёҳини истеъмол қилувчилар эса "бангилар" деб аталади. Бангилик инсонни одамийлик хусусиятларидан маҳрум этади. Бундай дардга мубтало бўлганлар одам ўлдириш, ўғирлик, қароқчилик қилишдан ҳам тоймайдилар. Наша гиёҳи баъзи жойларда яширин ҳолда экилиб, ўстирилади. Бугунги кунда мамлакатимизда наша гиёҳининг зарарли оқибатларини тугатиш мақсадида уни экувчи ва кўпайтирувчиларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда, улар қонуний жавобгарликка тортиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам гиёҳвандликнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. .
Тамаки ўсимлиги жаҳон миқёсида махсус экилиб кўпайтирилади. Тамаки гиёҳидан турли хилдаги сигаретлар, танасидан мохоркалар, шунингдек, нос ҳам тайёрланади. Тамаки гиёҳидан тайёрланган моддаларни чекиш инсон саломатлиги учун ўта зарарлидир. Кашандалар ва носкашларнинг аксарияти ўпка раки, асаб, бўғма касалликлари билан оғрийдилар.
Кашандалик саломатлик учун ниҳоятда зарарли одатлардан саналади. Сигарет чекиш натижасида унинг таркибидаги никотин моддаси инсон аъзоларига қўзғатувчи таъсир кўрсатиб, қон босимини оширади, майда томирларни янада торайтиради, нафасни тезлаштириб, овқат ҳазм қилиш тизимининг ширасини кўпайтиради.
Чекиш мия қувватининг пасайишига олиб келади. Наркотик моддаларнинг қайси турини истеъмол қилишдан қатъи назар, ҳаммаси ҳам наслга ёмон таъсир этади, гиёҳванд аёл ёки эркакнинг фарзандлари туғма ногирон, майиб-мажруҳ, ақли заиф, жисмонан ривожланмайдиган бўлиб туғиладилар.
Гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолган киши организми уни вақтида қабул қилмаса туролмайди, бундай (наша, кўкнор, қорадори, морфий, кокаин, героин, кофеин ва бошқалар) моддаларга кучли эҳтиёж сезаверади. Бунда кишида бош оғриғи, юрак безовталиги, оёқ-қўлларининг қалтираши, тер босиши, лоҳаслик каби ҳолатлар пайдо бўлади.
Гиёҳванд моддаларни сурункали истеъмол қилиб юрувчи, усиз яшай олмайдиган бундай кишилар атроф-муҳит учун ҳам, оила ва жамият учун ҳам хавфлидир. Шу боис мамлакатимиз ҳудудида гиёҳвандлик томир отишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчи саналади. Гиёҳвандликка қарши кураш борасида тегишли тадбирлар ва чоралар кўрилиб ижобий натижаларга эришилганлигига қарамасдан бу муаммо ҳамон долзарблигича қолмоқда. 
Одил ҚАМАРОВ,
туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника нарколог шифокори.