АСАДБЕК БАҲРОМОВ - жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этди

Оқдарёни полвонлар, курашчилар маскани, дейиш мумкин. Туманимиздан етишиб чиқаётган ёш полвонларимиз дунё миқёсида ўтказилаётган турли мусобақаларда фаол иштирок этишиб, ғолиблар сафидан муносиб жой олишмоқда. 
Жорий йилнинг 2-4 июль кунлари Болгария пойтахти София шаҳрида юнон-рум кураши бўйича 18 ёшгача бўлган полвонлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этган тумандошимиз Асадбек Баҳромов Исроил ўғли  фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медаль соҳиби бўлди. Туманимиздаги Тўлак қишлоғида туғилиб ўсган ва  20-умутаълим мактабида таълим олган бу полвоннинг биринчи устози Акмал Сайфиев эканлигини алоҳида таъкидлашимиз керак. Чунки Асадбек  2009-2013 йилларда  Лойишдаги биринчи сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ана шу устозга  шогирд тушиб кураш сирларини мукаммал ўрганган.
Барча тумандошларимиз номидан полвонимиз Асадбек Баҳромовнинг бу улкан ютуғи билан  қутлаган ҳолда келгусида унинг жаҳон ва олимпиада ўйинларида ғолиб чиқишига омад тилаймиз.