МАКТАБЛАРДА БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ САДОЛАРИ ЯНГРАДИ

Тумандаги умумтаълим мактабларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида Биринчи қўнғироқ тадбири ўтказилди
4 сентябрдан туман халқ таълими бўлимига қарашли барча умумтаълим мактабларида 2019-2020 ўқув йили бошланди. Барча умумтаълим мактабларида  “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарслари ташкил этилди.
Мазкур дарсларни таълим муассасаларида юқори савияда ташкил этиш бўйича мутахассислар томонидан услубий тавсия, дарс ишланмаси ва слайд-тақдимоти тайёрланиб,  барча  таълим  муассасаларига  етказилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув йилида мактаблар ўтган ўқув йилига нисбатан 2 тага кўпайди.
 Умумтаълим мактабларини жиҳозлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги 671-ф-сон фармойиши қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжатга асосан, туманимиздаги барча умумтаълим мактабларининг мавжуд синф ва фан хоналари, спорт заллари жиҳозланиб, янги ўқув йилига тайёрланди.
2019-2020 ўқув йилида туман халқ таълими бўлимига қарашли умутаълим мактабларида  2-11-синфларда 25087 нафар,  1-синфларда  2760 нафар ўқувчи  таҳсил олади. 
Ўқув йилининг биринчи кунида 1-синф  ўқувчиларига “Президент совғаси” топширилди. Жорий ўқув йилида 1-синф ўқувчилари учун берилган “Президент совғаси” таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилди.
1-синф ўқувчилари учун “Президент совғаси”дан 12 турдаги ўқув қуроллари ўрин олган бўлиб, янги ўқув йилининг илк куни “Президент совғаси” сифатида 1-синф ўқувчиларига топширилди.
2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта  таълим  мактабларининг 1, 3, 8, 9-синфлари учун жами 479 номда 36,5 млн. нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этилди.
Янги ўқув йили учун дарслик ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни нашрга тайёрлашда асосий эътибор мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беришига қаратилди.
Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, дарслик ва ўқув-методик адабиётларнинг мазмунига халқаро баҳолаш дастури PISA, TIMSS талаблари сингдирилди.
Шунингдек, дарсликлар инновацион ёндашув асосида тайёрланди. Бунда ўқувчиларни мантиғий фикрлашга йўналтирилган таълимий ўйин, машқ, масала ва топшириқларга урғу берилди.
Яна бир янгилик, ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналарга кенг имкониятлар яратиш мақсадида 2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 8-9-синфлар учун  Технология дарс-лигининг янги авлоди (мустақиллик йилларида илк маротаба) чоп этилди ҳамда ижара тизимига киритилди. Аҳамиятлиси, мазкур дарсликлар 7 тилда нашр этилди.
Технология ва 8-синф Она тили дарсликлари мазмуни ўқувчиларнинг техник қобилиятини ривожлантиришга оид амалий, креатив, мантиғий ёндашувга асосланган топшириқлар билан бойитилди. Бу STEAM технологиялари талаблари асосида амалга оширилди.
 Туман  Халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим  масканларида  2024 нафар олий  ҳамда  312 нафар ўрта  махсус маълумотли  педагог ходимлар фаолият юритмоқдалар.
Барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили учун мавжуд синф ва фан хоналари ДТС талаблари асосида жиҳозланиб, ҳар бир ўқув хоналарига дарсларни замонавий педтехнологиялар асосида ташкил этиб боришлари учун телевизорлар ўрнатилган. Ўқитувчиларга ҳар бир мавзу бўйича электрон дарслик ва тақдимотлар, ижтимоий тармоқларда таълимга оид янгиликларни етказиш юзасидан кўрсатмалар, тавсиялар бериб борилди.
Туман ХТБ тасарруфидаги  2, 5, 6, 8, 11, 12, 15, 20, 21, 23, 24, 25, 29, 30, 31, 32, 42, 45, 50, 51, 53-умумтаълим мактаблари ҳамда  52-ИДУМ  янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати бўйича энг яхши мактаблар этиб белгиланди.

4 сентябрь куни туманимиздаги 57 та умумтаълим мактабларида  янги ўқув йили бошланиши муносабати билан “Билимлар куни” тадбирлари бўлиб ўтди. Барча умумтаълим мактабларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарслари ташкил этилди. Катта шоидёна ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтган тадбирларда жонажон Ўзбекистони-мизнинг йигирма саккиз йиллик байрамига, Мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, фан ва таълим соҳасида яратилаётган янгиликлар, мактаб, ўқитувчи, ёш авлодларимизга яратилаётган кенг имкониятлар, шарт-шароитлар алоҳида тилга олинди. Билимлар байрами муносабати билан бўлиб ўтган тадбирларда туман ҳокимлиги, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, маҳалла ва мактабларнинг Кузатув кенгашлари ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Туман ҳокими Ф.Абилов 29, 36, 49-умумтаълим мактабида, “Оқдарё овози” газетасининг бош муҳаррири Й.Муҳаммадиев ўзи таълим олган 16- мактабда бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этдилар.