Феруз Абилов: Оқдарёни саноат ҳудудига айлантирамиз


Вилоят телерадиокомпаниясининг бу галги "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Оқдарё тумани ҳокими ва тумандаги сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилот мутасаддилари иштирок этди. 
- Аввалги мулоқотимизда 61 мурожаат бўлганди ва уларнинг барчасини мутасадди идора раҳбар ва мутахассислари билан биргаликда ўрганиб чиқдик, - деди туман ҳокими Феруз Абилов кўрсатув аввалида. - Ўрганилган мурожаатларнинг 33 таси жойида ҳал этилди, 19 та мурожаат бўйича тушунтириш берилди. Бундан ташқари, 1-сектор ҳудудидаги 86 фоиз хонадонда 1100 дан ортиқ мурожаат ўрганилди. Улар асосан маиший газ баллон, электр  ва ичимлик сув таъминотини яхшилаш, мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш ҳақида бўлди.
Мулоқот давомида аҳолидан арзон уй-жойлар олиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, электрдаги узилишларни бартараф этиш, газ баллонлари билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, кредит олиш, кадастр ҳужжатлари тайёрлаш, жамоат транспортини яхшилаш каби масалаларда 54 та мурожаат тушди.
Масалан, Сўғончи маҳалласидан Абдумурод Элмуродов электр энергия­сидаги узилишлар, Янги Равот - 2 маҳалласидан Ҳилола Омонова йўлларни таъмирлаш, Лойиш шаҳарчасидан Адҳам Ҳусанбоев уй-жой кадастр ҳужжатларини тайёрлаш бўйича мурожаат қилди. Барча масалалар туман ҳокимлиги ва бошқа мутасаддилар томонидан назоратга олингани маълум қилинди.
Туман ҳокими Феруз Абилов мулоқот сўнггида газетамиз учун ўз фикрларини билдирди.
- Ўтган галги мулоқотда мурожаатлар асосан бозор, ветеринария, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қуриш борасида бўлганди. Бу масалаларда анча иш олиб бордик, бозорларимиздаги қурилишларда тартиб ўрнатилди, шу боис бугун бозор бўйича мурожаат бўлмади. Мактабгача таълим муассасаларимизда бор-йўғи 17 фоиз қамров бўлган бўлса, ҳозир 30 фоизга етказилди. 34 маҳаллада 51 оилавий боғча ташкил этилди, яна боғча очиш ишлари давом этмоқда. Давлат шерикчилиги асосида 11 та мактабгача таълим муассасаси қурилиши режалаштирилган, шундан 6 тасига кредит маблағи ажратилди, 2 таси 1 июнгача фойдаланишга топширилади. Қолаверса, ўзим  мактабларда ўқувчиларга дарс ўтиб, уларнинг кўзидаги учқунни, ўқиш, илм олишга бўлган қизиқишни кўряпман. Болани ёшликдан илмга ўргатиш жиноятчиликнинг олдини олиш ва билимли авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Туманимизда китоб ўқиш ва кутубхона ташкил этишга қизиқиш катта. Шунинг учун тадбиркорлар билан ҳамкорликда туман марказида 30 минг­дан ортиқ китоб фондига эга замонавий кутубхона қуришни режалаштирганмиз.
Туманимиз иқтисодий салоҳияти жуда юқори. Аммо ҳозиргача вилоятда Оқдарё иқтисоди энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб турибди. Шунинг учун тадбиркорлар ва сармоядорлар билан фикрлашиб, паррандачилик, узумчилик кластерлари ташкил этяпмиз. Бундан ташқари, Марказий Осиёда ягона бўлган сояни қайта ишлаш заводи қуришни режалаштирганмиз. Шунингдек, ишламай турган бахмал ишлаб чиқариш, ёғ-мой заводларини ишлатиш режаларини туздик. Бу туманимиз иқтисодини кўтариш, инвес­тиция жалб қилиш, қўшимча солиқ тушириш имконини беради.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.