ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИНГ ҲИМОЯСИ – УСТУВОР ВАЗИФА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича  чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш адлия органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда адлия органлари томонидан бир қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилиб, асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар асосида ҳал қилишга қаратилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрири 2017 йил 11 сентябрь куни амалга киритилган.
Мазкур Қонуннинг мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Жумладан, Оқдарё тумани адлия бўлимига жорий йилнинг ўтган даврида инсон ҳуқуқлари соҳасида 68 та мурожаатлар келиб тушиб, шундан 67 таси ҳал этилиб, 52 таси ёки 77,6 фоизи қаноатлантирилган, 15 таси бўйича зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Масалан, фуқаро Г.Лапасованинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.06.2018 йилдаги “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сонли қарорига асосан иссиқхона қуриш учун 20 млн. сўм кредит маблағини олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати кўриб чиқилиб, ўрганишда туман адлия бўлимининг амалий ёрдами билан 29.05.2019 йилда 20 млн. сўм кредит маблағи ажратилиши таъминланди.
Бундан ташқари, мурожаатларни ўрганиш натижаси бўйича жойларга қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритилиши таъминланмоқда.
Жумладан, фуқаро С.Маннанованинг туман почта алоқа боғланмасидан алимент ва моддий таъминот пулларини олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати кўриб чиқилиб, ўрганишда туман почта алоқа боғланмаси томонидан жами 336,0 минг сўм алимент ва моддий таъминот пуллари С.Маннановага тўланмаётганлиги аниқланиб, ушбу пулларнинг мурожаат муаллифига ундирилиши таъминланди ва қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида почта алоқа боғланмасига тақдимнома киритилиб, мурожаат қаноатлантирилган.
Маълумки, иш ҳақидан асоссиз ушлаб қолишга йўл қўйилмаслиги қонунда белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164-моддасига асосан умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
Ходимнинг розилигидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун, суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун, иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёки бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун, ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, таътилнинг ишланмаган даврга тегишли кунлари учун, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади.
Коммунат тўловлар бўйича вужудга келган қарздорликлар фақатгина ходимнинг розилиги ёки суд қарори билан меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади.
Сиз ўз ҳуқуқ ва эркинликларингиз бузилмоқда ва уларга риоя этилмаяпти деб ҳисобласангиз бевосита Оқдарё туман адлия бўлимининг 492-53-86 рақамли телефонига мурожаат қилишингиз мумкин. Унутманг, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш адлия органларининг устувор вазифасидир.
А.КУЙЛАНОВ, 
туман адлия бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.