Шарафли касб эгалари ЭЛ ХИЗМАТИДАН ҲОРИМАНГ, САЛОМАТЛИК ПОСБОНЛАРИ!

Инсон саломатлиги йўлида куну тун тиним билмай фидойилик билан беминнат хизмат қилувчи шарафли касб эгалари бўлган оқ халатли шифокорларни халқимиз доимо юксак ҳурмат билан тилга олишади. Негаки, инсон саломатлигининг посбонлари бўлган  шифокорлар халқнинг омонлиги учун ўз постлари - тиббиёт марказларида, шифохоналарда, диспансерларда, поликлиникаларда, врачлик пунктларида, тез ёрдам станцияларида элу халқига нажоткорлик қилишади. Шу боисдан халқимизнинг меҳру муҳаббатига сазовор бўлиб, юксак қадр-қиммат, обрў-эътиборга сазовор бўлишади. 
Бу борада туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида фаолият кўрсатаётган  ёш шифокорларидан Нурмўмин Хол-мўминов ҳамда Жаъфар Эгамбердиевларнинг номини ҳурмат билан тилга олса арзийди. Н.Холмўминов 2013 йил Самарқанд тиббиёт институтини  тамомлади. 2016 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг кардиология йўналиши бўйича магистратурасини тугатган. 2016 йил август ойидан кўп тармоқли поликлиника кардиолог врачи сифатида халқимизга беминнат хизмат қилиб келмоқда. Мутахассислиги кардиохирург бўлган Ж.Эгамбердиев эса 2017 йилдан буён туман тиббиёт бирлашмаси кардиологи ва ВКК раиси лавозимида фаолият юритмоқда.  Ёш мутахассислар бугунги кунда поликлиниканинг малакали кардиологлари сифатида фаолият кўрсатишиб, туманимиз халқининг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида астойдил хизмат кўрсатишмоқда. Қўли эм шифокорлар ҳузурига ташриф этган ҳар бир беморни аввало замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида кўрикдан ўтказишиб, сўнгра  соғлигини тиклаш бўйича уларга тегишли маслаҳатлар беришмоқда.
- Ҳузуримизга ташриф этаётган беморларнинг асосий қисми 40-50 ёшдан ошган беморларни ташкил этади,- дейди биз билан бўлган суҳбатда кардиолог шифокор Н.Холмўминов. - Айниқса, фуқароларимизнинг нотўғри овқатланиши, ёғли овқатларни кўпроқ истеъмол қилиши, шунингдек, турли хил алкогол ичимликлар, тамаки ва бошқа зарарли одатларга рўжу қўйиш оқибатида инсон ҳаётини хавф-хатарга олиб келувчи юрак касалликлари хуруж қилади. Минг афсуски, кейинги йилларда бу касаллик ҳам ёшарган бўлиб, ёшлар ўртасида, болалар ўртасида ҳам учраб турибди. Шундай экан, инсон ҳаётининг муҳим меъзони ҳисобланган соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ҳар қандай касалликнинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланишини ҳар бир киши ёдда тутмоғи лозим.
Беморларга беминнат хизмат кўрсатишда тажрибали шифокорлар билан бир сафда туриб меҳнат қилаётган олий тоифали ҳамшира Дилбар Эгам-қулова, биринчи тоифали ҳамшира Дилфуза Тошпўлатоваларнинг номларини ҳам бу борада алоҳида тилга олиб ўтса арзийди. Негаки, қатор йиллардан буён шу соҳада фаолият кўрсатаётган ЭКГ ҳамширалари ҳам шифокорлар билан ёнма-ён меҳнат қилишиб, кунига 40-50 нафаргача бўлган беморларни қабул қилишиб, уларнинг соғ-лигини тиклаш борасида ўзларининг беминнат хизматларини аяшмаётир. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан қанчадан-қанча беморлар ўзларининг дардларига шифо топишиб, ўз оиласи бағрига қайтишмоқда. 
Туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч-реанимация қошидаги лабораториясида бўлганимизда бу ерда ҳам ишчи-хизматчиларнинг тиним билмасдан меҳнат қилишаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Дарҳақиқат, лаборатория бўлимида иш жуда масъулиятли, мунтазам равишда оғир беморлар билан ишлашга тўғри келади. Ҳар бир қилинаётган таҳлилларнинг аксарияти операция бўладиган беморлар билан боғлиқ. Шу боисдан ҳам бу ерда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг барчаси ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашади. Лабораторияда бир неча йиллардан бери врач-лаборант вазифасида ишлаб келаётган Сурайё Очилова бўлимда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди: 
- Бизнинг лаборатория беморларга кечаю-кундуз хизмат кўрсатади. Лабораториямизда таҳлиллар замонавий биохимик, умумий сийдик кўриш аппаратлари, замонавий бинокуляр микроскоплар, сифатли реактивлар воситасида кўрилади. Реактивлар билан тиббиёт бирлашмаси томонидан мунтазам равишда таъминлаб борилади. Лабораторияда иш кундузги ва кечки навбатда ташкил этилган. Лаборатория ходимларининг аксарияти олий тоифали лаборантлар бўлиб, Шомуродова Асолат, Эшатова Комила, Мардиева Гўзал каби лаборантлар кундузги навбатда фаолият юритса, Аҳророва Барно, ўаниева Ҳилола, Илёсова Орзигул, Ўроқова Шарват ҳамда Жумаева Дилдоралар кечки навбатчи лаборант вазифасида хизмат кўрсатиб келмоқда.
Элга хизмат - олий ҳиммат. Доно халқимиз томонидан ушбу нақл бежизга айтилмаган. Дарҳақиқат, эл саломатлиги йўлида кунларни тунларга, тунларни эса тонгларга улаб, ўзларининг ҳузур-ҳаловатларидан кечиб, халққа беминнат хизмат кўрсатишаётган оқ халатли саломатлик посбонларини ҳар қанча мақтасак арзийди. Бу эътирофларнинг барчасига эришиш эса ҳеч вақт осон кечмаган. Ўқиш, малака ошириш, тажриба тўплаш, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан беморларни турли-туман дардлардан фориғлаш учун жон куйдириш, заҳмат чекиш уларнинг ҳаёт тарзи, касбий бурчи ҳисобланади. Зеро, ана шу бурчга садоқатли бўлган саломатлик посбонларига чинакам саодатли тақдир насиб этади.
Биз ҳам халқимиз саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилаётган оқ халатли шифокорларимизга эл хизматидан асло ҳориманг, саломатлик посбонлари, деймиз.
 Суннатулло ИБРАГИМОВ.