АСТОЙДИЛ ҲАРАКАТ ҚИЛАМИЗ

Маълумки,  жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб Ўзбекистондаги барча боғчалар, мактаблар ва олий таълим муассасалари коронавирус тарқалишига қарши профилактика мақсадида карантинга ёпилди. Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида оммавий тадбирлар вақтинча бекор қилинди, мактаблар, олий ўқув юртлари маълум муддатга беркитилди. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида узайтирилган таътил кунлари эълон қилинди. Ҳозирги кунда туманимизда СЭО маркази ходимлари билан биргаликда таълим муассасаларида ҳам тозалаш дизенфекция ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ўқувчилар ҳамда ўқитувчилар учун қўшимча эълон қилинган таътил даврида масофадан туриб ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда таълим муассаса ва ташкилотларнинг бино ва иншоотларини самарали сақлаш ишларини мувофиқлаштириш, тарбия жараёнини ташкил этиш мақсадида ўз фаолиятини иш жойида амалга оширадиган раҳбар ва ходимлар рўйхати тасдиқланди. Мактаб ўқувчиларининг таътил вақтларини мазмунли ўтказиш ва ўқув дастурда белгиланган билимларни ўз вақтида ўзлаштириш мақсадида ўқувчилар учун қўшимча эълон қилинган таътил даврида масофадан туриб ўқув жараёнини ташкил этишга барча фан ўқитувчилари масъул қилиб биркитилди. Ўқувчиларимиз уйда мустақил дарс тайёрлаётган вақтларда мавзуларни ўзлаштириш бўйича саволларга жавоб олишлари учун биринчи навбатда ўзларининг устозларига, яъни фан ўқитувчиларига мурожаат этишлари белгилаб берилди.

Бундан ташқари, маҳоратли фан ўқитувчилари, психологлар ва методистлар томонидан ҳам маслаҳат бериб боришлари йўлга қўйилмоқда. Вазирликнинг расмий ижтимоий тармоқдаги каналлари ва сайти орқали ҳам мутахассис маслаҳатлари ҳақида тегишли топшириқ ва вазифалар билан танишиб бормоқдамиз.

Ўрни келганда шуни таъкидлаш керакки, дунёнинг кўпгина мамлакатларини эгаллаб олган коронавирус инфекцияси туфайли юзага келган ушбу вазиятни бартараф этиш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар қисқа муддатларда ўзининг самарали натижаларини кўрсатишига, барча соҳалардаги ишларимиз рисоладагидек изга тушиб кетишига ишончимиз комил. Биз педагогларнинг асосий вазифамиз ёш авлодга таълим ва тарбия беришдек эзгу мақсадга қаратилган экан, бу йўлда бор билим ва имкониятларимизни ҳар қачонгидан кўра тўлиқроқ ишга солишга астойдил ҳаракат қиламиз. 

  Ш.ЭРГАШЕВ,

   30-мактабнинг ўқув-тарбия ишлари 

бўйича директор ўринбосари.