«Меҳр-саховат» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, миллий қадрият ва анъаналаримизни муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат ва олижаноблик фазилатларини улуғлаб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида:
1. «Меҳр-саховат» кўкрак нишони таъсис этилсин.
2. Қуйидагилар:
«Меҳр-саховат» кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Меҳр-саховат» кўкрак нишонининг тавсифи 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда «Меҳр-саховат» кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.
4. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг
         Президенти                                              Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 26 май