ИЗЛАНУВЧАН ҲУҚУҚШУНОС

Кўп йиллар туман ички ишлар бўлимида терговчи, участка нозири ва бошқа вазифаларда виждонан ва самарали фаолият кўрсатган, одамларга фақат яхшилик қилган ва қилаётган олий маълумотли ҳуқуқшунос Шавкат Қурбоновни кўпчилик яхши танийди.

Доимо самимий ва кўзларидан нур ёғилиб турган бу инсон билан бундан 40 йиллар олдин танишган эдик. Ўша пайтларда у туман ички ишлар бўлимининг паспорт столи бўлинмасида ишлар, таҳририятга мақола ва шеърларини олиб келиб, тажрибали мухбирлардан керакли маслаҳатлар оларди. Очиғини айтганда бинойидек шеърлар ёзарди. Шундан бери қадрдон дўст бўлиб қолдик. Дўстимдаги одамлар билан қилаётган муомаласи, касбига бўлган садоқатига ҳавас қилардик. Ҳарбий хизматни ўтаётган чоғида ҳам ижодни ташламади. Юрагидаги Ватан соғинчини қоғозга туширди. Кези келганда олий ўқув юртига кириш учун тайёрлана бошлади. Ҳарбий хизматни аъло даражада бажариб қайтгач, СамДУнинг ҳуқуқшунослик факультетига сиртдан ўқишга кирди. Шу билан бирга туман ички ишлар бўлимида ўз фаолиятини давом эттирди. Яна илгаригидек газета билан ҳамкорлигини давом эттира бошлади. Худди кечагидек эсимда. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида унинг «Совун нега сотилмади?» деган танқидий мақоласи газетамизда чоп этилиб, шов-шувга сабаб бўлган эди. У пайтлари хўжалик совуни камёб бўлганлиги боис қишлоқ магазинларида оила сонига қараб тақсимланарди.

Танқидий мақоладан кейин магазин мудири бу нотўғри чиқарилган мақола, дея кўп жойларга шикоят қилганди. Бироқ муаллиф ҳақ бўлиб чиқди. Нуқсонлар тугатилиб, адолат қарор топди. Айбдорлар жазосини олди. Бундай воқеалар унинг ҳаётида кўп бўлганлигини яхши биламан.

- Ижод борасида акам Ўктам Қурбоновдан кўп нарсаларни ўрганганман, - дейди суҳбат чоғида дўстимиз Шавкат. - Акам раҳматли кўп китоб ўқир, бирор нарса ёзадиган бўлса жиддий тайёргарлик кўрар, ҳар бир фактга, рақамга жиддий эътибор берарди. Акам доим менга: ёзаётган нарсанг одамларнинг юрагига етиб бориши керак. Ҳеч қачон ўзингни мажбурлаб ёзма, сохта чиқади, дерди. Газетага бирор нарса ёзсам акамнинг юқоридаги сўзлари ёдимга келарди.

Газетхонларимиз «Оқдарё овози»даги «Савол беринг, жавоб берамиз» рукни остида доимий бериб борилаётган ҳуқуқшунос маслаҳатида бевосита Шавкат Қурбоновнинг хизмати борлигини яхши билишади. Аҳамиятли томони шундаки, бу рукннинг муаллифи ҳам у. Мана бир неча йилдирки, юқоридаги рукн остида берилаётган ҳуқуқшунос маслаҳати кўпчиликка маъқул бўлмоқда.

- Ижтимоий тармоқларда айрим ички ишлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қандай баҳо берасиз, - деган саволни қаҳрамонимизга бердик.

- Очиғини айтсам, биз ишлаган давр-ларда интизом қаттиқ эди, - деди у. - Ҳар ҳафта сиёсий ўқувлар бўлар, ходимларнинг юриш-туриши, кийиниши ва муомаласига алоҳида эътибор бериларди. Ҳозирги пайтда эса айрим ёш ички ишлар ходимларига кўпроқ китоб ўқишларини, катталарга ҳурмат билан қарашлари лозимлигини эслатган бўлардим.

Дўстимиз тўғри гапни айтди. Баъзан айрим ёш ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласидан одамлар норози бўлаётган-ликларини эшитиб қоламиз. Шундай экан, ўз бурчини доимо аъло даражада бажариб, элда ҳурмат топган, айни пайтда эса нафақада бўлган Шавкат Қурбоновдан ёшлар ўрнак олсалар арзийди.

Мамлакатимизда 27-июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларининг касб байрамларини кенг нишонлайдилар. Фурсатдан фойдаланиб, 45 йилдан буён қўлида қалам билан газетамиз билан доимий ҳамкорлик қилиб келаётган фаол жамоатчи мухбир Шавкат Қурбоновни байрам билан қутлаб, унинг келгусидаги барча ишларига омад тилаймиз. Газета сизнинг доимий ҳамроҳингиз бўлсин, азиз дўстим!


Й. МУҲАММАДИЕВ.