Туманимизда ғалла ўрими қизғин

Жорий йилда туманимиз ғаллакорларининг 9610 гектар майдондаги донни етиштиришда барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишганлиги туфайли далаларда кўзланган ҳосил яратилди. Давлатга 32 000 тоннадан ортиқ дон топшириш режасини зиммасига олган деҳқонларимиз ўрим-йиғим ишларини кўнгилдагидек ташкил этиш мақсадида мавжуд 28 та комбайнларни сифатли таъмирладилар.

Айни пайтда туманимиз ғаллазорларида машаққатлар эвазига етиштирилган ғаллани йиғиштириб олиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳар бир комбайндан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинаяпти. Далада ишлаётганларга етарли шароитларнинг яратиб берилганлиги иш унумини янада оширмоқда. Бир қатор ММТП хўжаликлари давлатга ғалла сотиш режасини ошиғи билан бажардилар. Айниқса, бу борада “Барака”, “Оқдарё”, Р.Ҳамроев номли  ММТП ҳудудларидаги фермерлар жонбозлик кўрсатдилар. Бу хўжаликларда белгиланган  давлат режаси ошириб бажарилди. 

Ҳозирга қадар ғаллачиликка ихтисослашган 270 дан ортиқ фермер хўжалигининг 161 тасида  давлат режаси ошириб бажарилди. Бунда «Темур ғалла ҳосили», «Қурбонов Санжар ҳосили», «Акбар Қурбонов ҳосили», «Шукур тошлоқ» фермер хўжаликларида ҳосилдорлик юқори бўлиб, белгиланган давлат режаси ошириб уддаланди. Ҳозирга қадар туманимизда етиштирилган ғалланинг қарийб 90 фоизга яқин майдонидаги дон ҳосили йиғиштириб олинди. Туманимиз ғаллакорлари давлат режасини ошириб бажариш учун астойдил ҳаракат қилаяптилар.                                           


Ўз мухбиримиз.