МЕҲР КЎРСАТИШ ҲАР ҚАЧОНГИДАН ЗАРУР

Бутун дунё халқи коронавирус пандемияси туфайли таҳликали дамларни бошидан кечираётган бир даврда бу синовли дамлар мамлакатимиз халқини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бу эса халқимизнинг соғлик-саломатлигини, осойишталигини сақлаш, зарур бўлганда меҳр-мурувват, саховат ва кўмак кўрсатишдек эзгу мақсад йўлида ҳар қачонгидан кўра фидойилик кўрсатишни тақозо этади.

Буни қалбдан ҳис қилган туман ички ишлар бўлими ходимлари нафақат тартибни сақлаш, балки халқимиз бошига тушган мана шундай синовли кунларда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёрдам кўрсатиш борасида астойдил ҳаракат қилишмоқда.

Жумладан, туман ички ишлар органлари Пробация гуруҳи  томонидан туманда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Ўтказилган тадбирларда туманимиздаги турли хил маҳаллаларда истиқомат қилувчи 25 нафар пробация ҳисобида турган назоратдаги шахслар ички ишлар органларининг эътиборидан четда қолмаганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Саховат ва кўмак тадбирида ҳар бир пробация ҳисобида турган шахсларга ҳаёт учун зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, шунинг билан бир қаторда дизенфекцияловчи воситалар, ниқоблар, ёш болали оналар учун зарур воситалар етказиб берилди.

Шунингдек, назоратдаги шахслар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилиб, муаммоларни қисқа муддат ичида ҳал қилиш чораларини кўриш белгилаб олинди. Шунинг билан бир қаторда Пробация ҳисобида турган барча назоратдаги шахсларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай  эътибор, меҳр-саховатга жавобан келгусида жиноят содир этмаслик бўйича ҳам огоҳлантирилди. 

Зеро, мана шундай синовли, мураккаб шароитда оғир ижтимоий аҳволда қолган инсонларга меҳр-саховат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ички ишлар органлари ходимларининг ҳам юксак инсоний фази-латларидан биридир.

Ориф МИРЗАЕВ,

туман ички ишлар органлари Пробация гуруҳи катта инспектори, капитан.