ЧОЧ, ВИҲАРА, СЕМИЗКЕНТ... ВИЛОЯТЛАР НОМЛАРИ ҚАНДАЙ МАЪНОНИ АНГЛАТАДИ?

Ўзбекистон вилоятлари нега ҳозирги номи билан аталишига ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Қуйида шу мавзуга доир топонимик маълумотларни келтириб ўтамиз.
Андижон
Бу номнинг келиб чиқиши борасида жуда кўп тахминлар мавжуд. Буни шаҳарнинг Буюк ипак йўлида муҳим ўрин эгаллагани, транзит ҳудуд сифатида турли миллат ва элатдаги савдогарларга қўноқ бўлгани ва табиийки, ҳар бир тилда алоҳида номлангани билан изоҳлаш мумкин.
Афсоналардан бирига кўра, Туронзамин ҳукмдорларидан бири бўлган Афросиёбнинг қизи Адинажан бетоб бўлиб, даво топиш илинжида водий ҳудудларига келади ва бу ернинг шифобахш ҳавоси билан тузалади. Бунинг шарафига Афросиёб бу ерда шаҳар барпо этиб, қизининг номини беради. Лекин бу шунчаки афсона холос.
Бошқа вариантга асосан, шу ҳудудда адок, анди, азок номли турли қабилалар истиқомат қилган бўлиб, Андижон номи шунга боғланади. Жуда қадим замонда бу ерда анди қабиласи яшагани ва «андилар макони» сифатида Андижон номини олгани ҳақида ҳам тахминлар бор.
Баъзи хорижий топонимика луғатларида «Андикан» - дарё бўйида жойлашган шаҳар маъносини англатади, дея келтирилган ўринлар ҳам кузатилади.
Ҳозирги Андижон ҳудудида илк шаҳар қалъани барпо этган шахс - қабилабошининг исми Анди бўлгани ва унинг шарафига шаҳар шундай номлангани ҳақида ҳам фаразлар йўқ эмас.
Фарғона
Олимлар «Фарғона» сўзи бундан 13 аср илгари сўғд ёзувларида «Парғана», «Прағана» шаклларида ёзилганини таъкидлашади.
Баъзи манбаларда бу сўз ҳинд-санскрит тилида «кичик вилоят», форс тилида «тоғ оралиғидаги водий», «атрофи берк сойлик» деган маъноларга эгалиги қайд этилган.
Наманган
Водийнинг шимолий ҳудудларида йирик туз конлари бўлгани археологик қазишмалар асосида далилланган. Ҳудудда эрамизнинг дастлабки асрида ош тузи олинган кўл бўлгани ҳам тахмин қилинади.
Шу боис бу ҳудудга форсча «Намак кон» – туз кони номи берилган. Вақт ўтиши билан эса бу сўз Наманган шаклини олган.
Тошкент
Қадимда Чоч, Шош номлари билан аталган ҳозирги Тошкент ҳудудининг этимологияси ҳақида дастлабки маълумотни Хитой манбалари беради. Ши, Чжеши, Жач, Чоч, Шош - бу номларнинг барчаси тош маъносида шу ҳудудга берилган.
Туркий манбаларда эса худди шу «тош» маъносини англатувчи «Тошкент», яъни тош шаҳар номи келтирилади. Айнан тош шаҳар деб номланиши ҳудудда биноларнинг тошдан қурилгани, қалъаларнинг мустаҳкамлиги билан изоҳланади. Лекин бу борада турли чигалликлар мавжуд.
Самарқанд
Самарқанд топоними қадимги сўғд тилидаги «асмара» - тош, қоя ва «канд» - шаҳар, қалъа сўзларидан шаклланган, деган қараш мавжуд. Баъзи ёзма манбалар бу ҳудуднинг номи туркий «семизкент», яъни бой шаҳар маъносини англатади, дея гувоҳлик беради.
Ўрта асрларга оид Хитой манбалари ва Абу Райҳон Беруний ҳам шаҳар номи билан боғлиқ «симисекан» - семиз, йўғон шаҳар деган вариантни тасдиқлайди. Бу барча асрларда маданиятлар чорраҳаси ҳисобланган Самарқанддаги тўкинлик, ҳунармандчилик ва савдонинг ривожи билан боғланади.
Сирдарё
Ўзбекистоннинг энг ёш вилоятларидан бири ҳисобланган, Мирзачўл ҳудудларини обод этиш натижаси ўлароқ шаклланган вилоят ўз номини Марказий Осиёнинг асосий икки дарёсидан бири - Сирдарё номидан ўзлаштирган.
Дастлабки даврда Яксарт («дурли дарё»), Сайҳун номлари билан аталган дарёнинг ҳозирги номи бўйича икки хил қараш мавжуд. «Сир» сўзи қадимги туркий тилда яхши, кўркам, тўкин, асосий каби ижобий сифатларни англатиш учун қўлланилган деган қараш бор.
Рус тарихчиси Бартольд эса «сир» сўзини дарёнинг қуйи оқими бўйларида яшаган қадимги қабилалардан бирининг номи билан боғлайди.
Жиззах
Жиззах ҳудудидаги шаҳарлар ҳақидаги илк маълумотлар милодий X асрга тегишли ёзма манбаларда учрайди. Ҳудуд номи қадимги сўғд тилидаги «Дизак» - кичик қалъа, катта бўлмаган шаҳарча маъносини англатади.
Навоий
Ўзбекистон иқтисодиётида алоҳида ўринга эга Навоий вилоятининг номи мутафаккир Алишер Навоий шарафига бағишлаб қўйилгани ҳеч кимга сир эмас.
Ҳудуд жиҳатидан энг катта вилоятга (110800 км.кв.) 1982 йилда асос солинган. Самарқанд ва Бухоро вилоятининг ҳудудларидан ажратилган ҳолда ташкил этилган вилоят энергетика ҳамда кон-металлургия бўйича республиканинг етакчи ҳудудларидан бири ҳисобланади.
Сурхондарё
Ўзбекистоннинг энг жанубий вилояти Сурхондарё ўзининг гўзал табиати билан ажралиб туради. Вилоят номи шу ҳудуддан оқиб ўтувчи дарё - Сурхондарё (Амударёнинг ўнг ирмоғи) билан боғлиқ.
Сув ҳавзасининг номи эса тожик тилида «сурх» - қизил дарё маъносини англатади. Бу дарёнинг жўшқинлиги ва тошиб оқиши билан боғлиқ.
Қашқадарё
Соҳибқирон Амир Темурнинг ота юрти ҳисобланган, сарҳадсиз яйловлари билан донг таратган Қашқадарё ўз номини ҳудудидан оқиб ўтувчи сув ҳавзаси - Қашқадарё (Зарафшон дарёсининг асосий ўзанларидан бири)дан олган.
Дарёнинг бундай ном олиши эса қадимги қабилалардан бири «қашқа» номи билан ёки сув ҳавзасидаги сувнинг тиниқлиги билан боғланади, деган тахминлар мавжуд.
Бухоро
Азалдан илм-маърифат ривожланган, ислом динининг етакчи пешволари юрти ҳисобланган Бухоронинг этимологиясига оид бир неча фикрлар бор.
Тарихчи Жувайнийнинг тахминига кўра, Бухоро сўзи санскритча «Виҳара» - «буддизм ибодатхонаси» сўзидан келиб чиққан. Лекин бу ҳудудда буддизм дини билан боғлиқ ҳеч қандай артефакт топилмагани боис мазкур вариант унча оммалашмаган. Қадимги сўғд тилида Бухоро - «бахтли жой, билим манбаси, маърифат кесишмаси» маъноларини англатади, деган вариант илмий давраларда кенгроқ тарқалган.
Хоразм
Хоразм топоними манбаларда турлича келтирилган: Авестода Хавиризем, қадимги форсий тилда Уваразмис, лотинчада Хорасмия, юнончада Хоразмия. Араб манбаларида эса Хворазм шаклида тилга олинган.
Хоразм атамасининг маъносини рус олими Бартольд эрончадан «хуршед» ва «змзем» -  «қуёшли ўлка», «қуёшли ер» сифатида талқин қилади.
Сўғдшунос олим Боголюбовнинг фикрича, мазкур топоним «ху» – яхши, «вар» – марза, девор, қалъа, «зем» - ер, ўлка қисмларидан таркиб топган. Барча тахминлар умумлаштирилганда, Хоразм сўзи «мустаҳкам қалъалари бор диёр», «яхши қўрали ер» деган маъноларни англатади.
Қорақалпоғистон
Қорақалпоғистон ҳудудида одамлар неолит давридан бери яшаб келгани тахмин қилинади. Дастлабки қабиланинг номи манбалар ва тарихий артефактларда «сака тиграхауда» – «учли кулоҳ кийган саклар» сифатида келтирилган. Бу ерда асосан чорвадорлик билан шуғулланган қабила - қорақалпоқлар истиқомат қилган.
Яйловларда пода боқиш билан кун кўрган элат учун қўй терисидан қилинган қалпоқ кийиб юриш одат бўлган. Тантана ва маросимларда аёл ва эркакларнинг уст-боши ҳам асосан қора мато, қизил безаклардан тайёрланган.
Бадиий адабиёт манбаларида бу қабила ҳатто ўзлари учун ном танламагани, жуда озчилик бўлгани боис бир-бирини яхши танигани ҳақида маълумотлар ҳам келтирилади. Фақатгина савдогарлар, улар билан қўшни яшаган халқлар ажратиб кўрсатиш учун ташқи кўринишидан келиб чиққан ҳолда «қорақалпоқ» номини уларга беришган, деган фаразлар мавжуд.
Саодат Абдураҳмонова.