СУД ХАТШУНОСЛИГИ ЭКСПЕРТИЗАСИДА ИМЗОНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

​Суд-хатшунослик экспертизасининг энг кўп тарқалган тадқиқот объектларидан бири - бу имзо ҳисобланади. Имзо билан боғлиқ тадқиқотларнинг мураккаблиги, ушбу ёзув материали бўйича фойдали ахборотларнинг камлиги ва белгиларининг ифодаланиши даражаси пастлиги билан ифодаланадиган ўзига хослигига боғлиқдир. Ёзиш жараёнига турли бузувчи омилларнинг таъсири, тахмин қилинаётган ижрочилар ёзувларининг бир-бирига ўхшашлиги, имзоларни бажаришда турли техник воситалардан фойдаланиш имкониятлари бу борадаги диагностик ёки идентификацион вазифаларни ҳал этишни қийинлаштиради. Натижада эса, етарлича асосланмаган ёки хато хулосалар чиқарилади, шунингдек, «саволга жавоб беришнинг имкони йўқ» шаклидаги хулосалар берилади, таъкидланган шароитлар экспертдан имзо ва унинг тадқиқотлари методикасининг ўзига хос хусусиятлари бўйича чуқур билимларни талаб қилади. Ёзув билан психофизиологик асосларининг бирлиги, ёзишнинг график ва техник кўникмалари билан боғлиқ бўлган имзо хатшунослик объектларининг алоҳида ўзига хос тури ҳисобланади. Бу имзо тушунчасининг ёзишнинг махсус маҳсули сифатидаги тушнчаси, унинг шаклланишидаги ўзига хосликлар, имзонинг асосий хусусиятлари ва унга асосланган белгилар тизими, шунингдек, имзоларга нисбатан қабул қилинадиган қарорларнинг ишончлигини оширишга хизмат қиладиган умумий ва хусусий методикалари билан боғлиқдир. Имзонинг шаклланиши жараёни шартли равишда қуйидаги уч босқичга бўлиниши мумкин:
1.  Мактабда ўқиш даврида.
2.  Бирорта касб ёки мутахассисликка эга бўлганда.
3.  Келгуси меҳнат фаолиятида.
Мактабнинг 6-7 синфларида имзо шаклланишининг бошланғич босқичи ҳисобланади. Бу вақтда шахсда имзонинг тузилишини шакллантиришга бўлган онгли-иродавий характер пайдо бўлади. Шахснинг фамилияси, исми-шарифида мавжуд бўлган график материал бўлажак имзони тузилишининг асоси бўлиб хизмат қилади. Имзонинг тузилишига нисбатан ҳеч қандай қоида ва нормалар мавжуд эмаслиги, уни яратилишида турли йўналишлар мавжуд бўлишини келтириб чиқаради: ҳарфлар таркиби қисқартирилади, тўлиқ ёки қисман қисқартирилган ҳарфлар таркибига инициаллар ёки монограммалар қўшилади, жимжимадор чизиқлар киритилади. Намуна сифатида ота-оналар ёки ўқитувчиларнинг имзолари олинади. Имзо шаклини ўйлаб топишдаги эркинлик ва имзо қўйиш бўйича амалий тажрибанинг йўқлиги сабабли, бу вақтда имзонинг таркиби жуда кўп ўзгариши мумкин. Фақат мактаб даврининг тугаши билангина имзолар бирмунча барқарорликка эга бўлиши мумкин. Ушбу босқичда шахснинг ёзуви оддий тез ёзувли хатдан унчалик фарқ қилмайди. Имзонинг келгуси шаклланиши бирорта мута-хассисликка эга бўлиш жараёнида амалга ошади ва лаёқатга эга бўлганлиги боис, шахснинг турли ҳужжатларга имзо қўйиш тажрибасининг ортиши билан боғлиқ бўлади. Бу даврда имзо яна ўзгаришга учрайди ва бу ҳолат, шахснинг ўз имзосига кўпроқ индивидуаллик бериш истаги ҳамда имзони тез бажариш зарурати билан ифодаланади ва натижада имзонинг умумий ва хусусий белгилари ўзгаради. Имзо таркибида мураккаблашган монограмма ва жимжимадор чизиқлар, турли шаклдаги қўшимча штрихлар пайдо бўлади. Шу билан бир вақтда имзони тез бажариш мақсадида, имзонинг ҳарфли қисмлари ҳарфсиз элементлар билан алмашишади. Имзо шаклланишининг иккинчи босқичида (мутахассисликка эга бўлиш вақтида) имзонинг транскрипцияси (ёки таркиби) анча барқарорликка эга бўлади. Бу ўз навбатида, имзонинг доимий ҳарфлар бирикмаси сифатидаги сўз шаклида шаклланишини келтириб чиқаради. Бу даврда имзонинг кўплаб умумий ва хусусий белгилари ўзгармай қолади. Имзо шаклланишининг  учинчи босқичи шахснинг, турли ҳужжатларни имзолаш амалиётини ифодалайдиган меҳнат фаолиятининг хусусияти билан боғлиқ. Бу даврда, мураккаб тузилишга эга бўлган имзолар анчагина ўзгариши мумкин. Имзони тез бажариш зарурати, унинг тузилишини соддалаштириш эҳтиёжи, шунингдек янги, оддий вариантларни пайдо бўлишига олиб келади. Ушбу вариантларнинг қай бирини танлаш лозимлиги, шахс томонидан имзоланадиган ҳужжатларнинг аҳамияти ва мўлжалланган мақсади, айрим ҳолларда ҳужжатдаги имзо қўйиш учун ажратилган жой ва ҳоказоларга боғлиқ бўлади. Инсон 30-35 ёшга боргандагина тўлиқ имзо шаклланади.
Шоҳмуҳаммад УСМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
ИИВ Академияси 3-ўқув курси 
326-гуруҳ курсанти.