СОЛИҚ ТИЗИМИДАГИ ЯНГИЛИКДАРДАН ХАБАДОРМИСИЗ?

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 та боб 480 та моддадан иборат бўлиб, солиқ қонунчилигида қуйидаги янгиликлар жорий этилмоқда:

Биринчидан, солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилди.

Хусусан солиқларнинг 9 тури, катта бўлмаган корхоналар учун (1 млрд.сўмгача обороти билан) эса айланмадан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақланиб қолинди.

Иккинчидан, солиқ органларининг устувор вазифалари сифатида солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик асосида иш юритиш принципи киритилди. Яъни, солиқ органлари солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Учинчидан, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди.

Хусусан, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ижро этган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани, яъни “манфий” қолдиқ суммасини тўлиқлигича қайтариш тартиби жорий этилмоқда.

Тўртинчидан, асосий воситалар ҳамда кўчмас мулк объектлари харид қилинганда ёки янгидан барпо этилганда қўшилган қиймат солиғини бир йўла ҳисобга олинишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда.

Яъни, тадбиркорлик субъектлари томонидан асосий воситаларнинг импорти бўйича божхонада тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси асосий воситалар ўрнатилганидан кейин қайтарилиши белгиланмоқда.

Худди шундай кўчмас мулк объектларини барпо этилганда (ёки сотиб олинганда) сарфланган маҳсулотлар бўйича қўшилган қиймат солиғининг суммаси ҳам қайтарилади.

Айни пайтда асосий воситалар учун ҳисобга олиш тенг улушларда кетма-кет келувчи 12 ой давомида ҳамда кўчмас мулк объектлари учун 36 ой давомида амалга оширилар эди.

 Бешинчидан, ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ органлари томонидан асоссиз ундирилганлиги учун, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш белгиланмоқда.

 Олдинги Солиқ кодекси бўйича ортиқча олинган маблағларнинг ойлар давомида чўзилиб қайтарилиши тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятига зиён етказилган бўлса, эндиликда солиқ органи тадбиркорларга ортиқча тўлов суммасини қайтариш билан бирга ҳар бир кечиктирилган кун учун фоиз тўлаб беради.

Олтинчидан, солиқ қарзини дебиторларидан ундириш тартибидан воз кечилмоқда.

Бугунги кунгача бир корхонанинг солиқ қарзини ундириш учун унга қарздор бошқа бир ҳудудда рўйхатдан ўтган солиқ тўловчи ҳисобидан маблағ ундирилиб келинган эди.  

Биргина, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур тартиб асосида, Самарқанд вилоятида 763 та қарздорларнинг дебиторлари ҳисобидан 32,6 млрд.сўм маблағлар ундирилган.

Ушбу тартибни бекор қилиниши солиқ қарзини учинчи шахс ҳисобидан ундирилишига чек қўйилиб улар томонидан ўзларининг маблағларини мустақил равишда тасарруф этиш имконини беради.

Еттинчидан, аввал солиқларни тўлашни кечиктириш бўйича ваколат фақатгина марказлаштирилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Комиссияга берилган бўлиб, солиқларни тўлашни кечиктириш ҳуқуқини олиш учун ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқлар мавжуд эди.

Ҳозирги кунда бу Комиссия тугатилиб, солиқларни кечиктириш ҳуқуқи охирги 3 йил давомида ҳеч қайси тадбиркорлик субъект-ларига тақдим этилмаган. 

Бу дегани - иқтисодий ночор аҳволга тушган корхоналарни соғломлаштиришга имконият бермасдан, уларни фақат банкротлик ҳолатига олиб келинмоқда.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида коллегиал органлар (комиссиялар) иштирокисиз солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишнинг янги тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Депутатларга берилган ваколатларни янада оширган ҳолда, маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар бўйича қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тақдим этилиши белгиланмоқда.

Солиқ тўловчиларни ортиқча сарсонгар-чилигини олдини олиш мақсадида Республика бюджетига тушадиган солиқлар бўйича солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш юзасидан аризани ўзлари ҳисобда турган ҳудуддаги солиқ органлари орқали Давлат солиқ қўмитасига тақдим этилади.

Бунда, солиқларни тўлашни кечиктиришда солиқ мажбурияти бажарилиши таъминоти сифатида мол-мулк гарови, банк кафолати ва кафиллик кўринишидаги янги таъминловчи воситалар киритилмоқда.

Саккизинчидан, солиқ органлари томонидан ахборот технологиялари асосида амалга ошириладиган солиқ текширувларининг янгича тартиби жорий этилмоқда.

Эндиликда солиқ текширувларини ўтказиш учун номзодлар инсон омилисиз, дастлаб камида  42 та мезонлар асосида таҳлика-таҳлил (Риск-анализ) дастури ёрдамида танланади.

Таҳлика-таҳлил асосида хўжалик субъектларини хавфлилик даражасига қараб 3 та сегментга (яшил, сариқ ва қизил йўлакларга) ажратади ҳамда камчиликлар аниқланган тақдирда, солиқ назоратининг янги камерал текширув, сайёр текширув ва солиқ аудити ўтказилиши белгиланмоқда.

Хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади.

Бу гуруҳдаги корхоналар тоифасига қайсилар киради деган савол туғилиши табиий албатта.

Булар солиқ ҳисоботларида ҳақиқий даромадларини кўрсатган ҳолда мажбурият-ларини ўз муддатларида бажараётган субъектлардир.

Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади.

Бу тоифадаги корхоналарга солиқ ҳисобини юритишда хатоликларга йўл қўяётган ва солиқ маслаҳатига эҳтиёжи бўлганлар киради.

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмайди, аммо қўшимча ҳисобланган солиқлар бўйича пеня ҳисобланиши мумкин.

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган асосномаларни ҳаққонийлигини ўрганиш мақсадида сайёр солиқ текшируви ҳам тайинланиши мумкин.

Сайёр солиқ текширув натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисобланмайди.

Хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ аудити тадбирлари амалга оширилади ва ушбу корхоналар фаолиятини тўғри йўлга қўйгунга қадар доимий назоратда бўлади.

Ушбу тоифага солиқ мажбуриятларини бажаришда доимий равишда камчиликларга йўл қўяётган, яъни молиявий операцияларни амалга ошириш олиш учун маълум бир вақт давомида қасддан солиқ базасини камайтирадиган, солиқларни тўлашдан бош тортадиган, солиқдан қочиш схемаларидан фойдаланаётган, бухгалтерия ҳужжатларни ва ҳисобварақ-фактураларни сохталаштирадиган солиқ тўловчилар киради.

Солиқ аудити натижаларига кўра қўшимча солиқлар ҳисобланиши ва молиявий санкциялар қўлланилиши амалга оширилиши мумкин.

Ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларини олдини олади.

Тўққизинчидан, соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида, трансферт нархларни назорат қилиш бўйича янги нормалар киритилмоқда.

Трансферт нархлар бу ўзаро алоқадор шахслар ўртасида солиқлар суммасини камайтириш учун товарлар нархини ошириш ёки пасайтириш механизмидир.

Трансферт нархларни назорат қилиш йирик солиқ тўловчилар томонидан ҳам солиқ тўланмайдиган оффшор ҳудудлар ёки солиқ юки бирмунча паст бўлган давлатларга молиявий операцияларни амалга ошириш орқали республикамизда солиқ тўловларидан қочишни олдини олиш мақсадида киритилмоқда.

Трансферт нархлари тушунчаси тизимда янгилик бўлганлиги туфайли, ушбу механизмни амалиётга 2022 йилдан бошлаб кучга киритилишини эътиборга оладиган бўлсак, мазкур йўналиш бўйича давлат солиқ хизмати органлари ходимларини малакасини ошириш бўйича чоралар кўрилади.

Ўнинчидан, бугунги кунда солиқ органларида солиқ низоларини судгача кўриб чиқиш амалиёти тўлақонли шаклланмаётганлиги ҳаммамизга маълум.

Натижада солиқ тўловчилар билан юзага келаётган аксарият низоли масалалар фақатгина судларда кўриб чиқилиб, солиқ тўловчилар томонидан ортиқча суд харажатларини (давлат божлари) сарфланишига сабаб бўлмоқда.

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Солиқ кодексида низоли вазиятлар юзага келганида солиқ низоларини судгача ҳал қилишни мажбурий ўтказиш белгиланмоқда.

Бу эса ривожланган мамлакатлардан келаётган инвесторларнинг асосий талабларидан бири ҳисобланади.

Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш институтининг ривожланиши солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига ишончини кучайтириш ва солиқ низоларини кўриб чиқиш бўйича сарф-харажатларни қисқартириш имконини беради, чунки олдиндан бож тўловларини тўлашга зарурият қолмайди.

Давлат солиқ хизмати органлари эндиликда, солиқ назоратини профилактик тадбирлар ўтказгандан кейингина амалга оширишлари ҳам кўзда тутилган.

Ўн биринчидан, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган солиқ суммаси ўртача 30 фоизга камайтирилиб, уларга солиқларни тўлашни танлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Хусусан, улар солиқни қатъий белгиланган миқдорларда тўлаш ёхуд жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисида декларация асосида тўлаши мумкин бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан, солиқ тўловчилар 2020 йил 1 январга қадар кўрилган зарарларни ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги беш йил ичида келгусига тақсимлаб ўтказишни амалга оширишга ҳақлилиги белгилаб берилди.

Бунда, тақсимлаб ўтказилаётган зарарнинг ҳар бир навбатдаги солиқ даврида ҳисобга олинадиган жами суммаси жорий солиқ даврининг ҳисоблаб чиқарилган солиқ солинадиган фойданинг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририда

ҳисобварақ-фактуралар қоида тариқасида электрон кўринишда расмийлаштирилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги 522-сонли қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шарт.

Бунда солиқ тўловчилар электрон ҳисобварақ-фактуралар операторини ўз хоҳишларига кўра танлашлари мумкин.

Шу билан бирга, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг алоҳида операторлари 2020 йил бошида ўз хизматларини бепул тақдим этадилар.

Кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб операторларига улаш зарурати туфайли, 2020 йилнинг 1 июлига қадар солиқ органлари белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўлламайдилар.


А.Хўжамқулов,

солиқ сервис ДУК ходими.