ҚОНУННИ БИЛГАН АДАШМАЙДИ

Ҳуқуқшунос Шавкат Қурбонов билан суҳбат
- Саволни шу кунлардаги энг долзарб  масалалардан бўлган фирибгарликдан бошласак. Менинг назаримда йилдан йилга фирибгарлар  кўпайиб уларнинг алдовларига  тушиб азият чекаётганлар сони ортиб бораётгандек.  Фирибгарлик ва унинг оқибатлари ҳақида  тўхталсангиз?
- Жиноят Кодексининг 168-моддаси Фирибгарлик деб номланади. Фирибгарлик,  яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига  бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш – энг кам ойлик иш ҳақининг эллик  бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик:
а) анча миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб  содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз  бараваридан уч юз бараваригача миқдорда  жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
фирибгарлик: 
а) кўп миқдорда;
б) такроран ёки хавфли рецидевист томонидан;
в) хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса, энг   кам ойилик иш ҳақининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки  йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
фирибгарлик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидевист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг  манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса,  энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилмайди.
- Яқинда таҳририятимизга келган  фуқаролардан бири мурожаат  қилиб, бундан бир неча йиллар илгари оиламиз билан фирибгарлик қурбони бўлдик.  Фирибгар йиллар давомида шу иш билан  шуғулланиб юрар экан, одамларни ишончига кириб, уларнинг пулини, мол-мулкини эгаллаб олар экан.
Хуллас, унга нисбатан ҳукм ўқилди. Бироқ етказилган зарарни тўлашга келганда ҳали у, ҳали бу, эртага тўлайман, индин тўлайман, деб юрганлигини, лекин зарарни унди-раолмай сарсон-саргардон эканлигини айтиб берди. Бу ҳолатда фирибгар тузоғига илинган фуқаро кимга мурожаат қилиши керак?
- Саволингизга тушунишимча, суд қарори чиққан, лекин ижроси таъминланмаган шекилли. Жабрланувчи бундай вазиятда нима қилишини билмаган.
Жабрланувчи бу вазиятда суд ижросини таъминлаш бўйича мажбурий ижро бюросининг юқори турувчи органига мурожаат қилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 майдаги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомга кўра, Мажбурий ижро бюросининг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларини олдини олиш соҳасида бир қанча вазифалар белгиланган.
Агар Мажбурий ижро бюросига қилинган мурожаатдан ижобий натижа бўлмаса прокуратура органига мурожаат қилиши мумкин.
Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 198-1-моддасига кўра, қарздорнинг ижро ҳужжатини унинг ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра, ижро этмаслиги ёки унинг зиммасига муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра, давлат ижрочиси белгиланган муддатда ижро этмаслиги, - фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 198-2-моддаси талаблари бузилган ҳолатлар жиноий жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради. Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан, муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилгандан кейин давом эттириш, шунингдек, суд ҳужжатини ижро этишга тўсқинлик қилиш, - энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача микдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиши ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
- Таҳририятимизга газетхонларимиз-дан бири қўнғироқ қилиб мажбурий ижро бюроси ходими уйга келиб далолатнома тузиб кетганлигини, лекин уй эгаси далолатномага имзо қўймаганлигини, имзо қўймаса ҳам далолатнома қонуний ҳисобланиб, жарима тўлайманми, деган савол билан мурожаат қилди. Шу саволга ҳам батафсил жавоб берсангиз.
- Газетхонимизнинг берган саволи шу куннинг долзарб саволларидан деб ўйлайман.  Чунки кўча-кўйда, автобусда ҳаттоки бозорда ҳам шу ва шунга ўхшаш саволларга дуч келасиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сон қарорига асосан тасдиқланган 2-илова «Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 12-17 бандларига асосан, Бюро электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун қарзлари мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг энергия ресурсларини етказиб берувчилар томонидан шакллантирилган ва тақдим этилган рўйхатлари асосида истеъмолчиларни қарзни беш кун муддатда тўлаши зарурлиги тўғрисида хабардор қилади. Бюро истеъмолчилар хабардор қилинган пайтдан бошлаб беш кун муддат ўтгандан кейин қарзлари мажбурий, шу жумладан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш йўли билан ундириш чораларини кўради.
Электр энергияси ва табиий газ истеъмолчилари узиб қўйилган  электр ва газ тармоқлари манбалари бюро ходимлари томонидан назорат тартибида мажбурий пломбаланиши шарт.
Бюронинг туманлар (шаҳарлар) электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш гуруҳи (шўъбаси)нинг давлат назоратчиси  томонидан истеъмолчи электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилганда тармоқдан узиб қўйиш ҳақида икки нусхада далолатнома расмийлаштирилади, унинг бир нусхасини истеъмолчига берилади.
Истеъмолчи далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда далолатномага бу ҳақда тегишли ёзув киритилади. Бош тортиш икки нафар гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш вакили томонидан тасдиқланиши лозим. Бунда истеъмолчи далолатномада унинг мазмуни бўйича тушунтириш ва эътирозларни, шунингдек имзолашдан бош тортиш сабабларини баён этиш ҳуқуқига эга.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига 1-илова «Электр энергиясидан фойдаланиш», 108-бандига кўра, Бюро ходими навбатдаги айланиб чиқиш давомида электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ўрнатилган хона ёпиқ бўлса, бу ҳақда маиший истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамида тегишли белги қайд этилади. 109-бандига кўра, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини кўздан кечириш учун Бюро ходимини қўймаслик далолатнома билан расмийлаштирилади. Истеъмолчи далолатнома билан танишиши шарт. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, далолатномада бу ҳақда тегишли ёзув қайд қилинади. Рад этиш икки гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланади. Имзолашни рад этган истеъмолчи бунинг сабабини тушунтиришга ҳақли ва бу далолатномага киритилиши лозим. Истеъмолчининг далолатномани имзолашни рад этиши уни электр тармоқларидан узиб қўйишга асос бўлади ва бу ҳақда у хабардор этилиши лозим.
- Газетхонларимиздан ёзма равишда юборилган яна бир савол билан мурожаат қилмоқчиман. Айтингчи, бир неча йил мобайнида берилмаган таътиллардан фойдаланиш мумкинми ёки улар куйиб кетадими?
- Ҳа, мумкин. Меҳнат Кодексининг VIII боби, 2-параграфига кўра, иш берувчи ҳар йили ходимга дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан асосий таътил бериши керак. Айрим тоифадаги ходимларга меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларини ҳамда бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилган таътиллар белгиланади. Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.
Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра, жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланмоғи лозим.
Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади.
Шу тариқа, иш берувчи ҳар йили ходимга таътил бериши керак, ходим эса ундан таътиллар жадвали ва иш берувчининг буйруғига кўра фойдаланиши даркор.
Ходимга ҳатто унинг розилиги билан йиллик таътил берилмаслиги меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳисобланади, бунинг учун иш берувчи жавобгар бўлади. Ҳатто агар меҳнат шартномасини тузиш чоғида тарафлар ундан бош тортиш тўғрисида келишувга эришган тақдирда ҳам иш берувчи ходимга таътил бермаслиги мумкин эмас. Бундай шарт амалдаги қонун ҳужжатлари билан таққосланганда, ходимнинг аҳволини ёмонлаштиради ва МКнинг 5-моддасига биноан шартноманинг ҳақиқий эмас деб ҳисобланишига олиб келади.
Агар бирор бир сабабларга кўра, ходимга ўтган бир неча йил учун таътил берилмаган бўлса, улар «куйиб кетмайди», ходим улардан фойдаланишга ҳақли. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация олишга ҳақлидир.
Мухбир: Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Суҳбатни Йўлчи Муҳаммадиев 
олиб борди.