ЛИБОС ИНСОН МАЪНАВИЯТИНИНГ КЎЗГУСИ

  Шарқда азалдан қалб покизалиги улуғланади. Чунки кўнгил поклиги инсонни одоб-ахлоқли, хушхулқ бўлишга, комилликка етаклайди. Шундай экан, бизнинг ботиний қиёфамиз зоҳиримизда ҳам акс этиши айни муддаодир. Бунинг учун кийиниш маданиятига ҳам эътиборли бўлишимиз лозим. Бугун кўча-кўй, майдонлар, истироҳат боғлари, жамоат транспорти, хуллас, турли жойларда айрим ёш йигит-қизларнинг кўксига хориж сўзлари ёзилган либосларда бемалол юришганига кўзингиз тушади. Аслида, либос инсоннинг ички оламини, маданиятини, маънавиятини кўрсатувчи кўзгу ҳисобланади. 
Шубҳасиз, либослардаги ёзувлар шаклидаги хуруж мамлакатимизга, ёшлар онг-тафаккури, шуурига бостириб киришга уринаётган “оммавий маданият”нинг кўринишларидан биридир. Бундай хуружларнинг аввало, ёшларга қаратилгани ҳам бежиз эмас. Чунки ёшлар жуда қизиқувчан, тақлидга ўч. Уларнинг онги ҳали мўрт, иродаси тобланмаган. Худди ёш ниҳолдай: қаёққа бурсанг, ўша ёққа эгилади... “Оммавий маданият” тарғиботчилари эса худди шундан фойдаланишга уринишаяпти. Зеро, эгнимиздаги либоснинг ва ҳатто ёзувларнинг руҳиятимизга таъсирини фан аллақачонлар исботлаган.
Бугунги кунда бозор ва дўконларимизда сотилаётган, айниқса, “мода”га айланаётган баъзи чет эл кийимлари орқали адабсизлик, ҳаёсизлик тарғиб қилинаётгани сир эмас. 
Кийиниш маданияти инсоннинг ташқи қиёфасини белгилаши билан бирга, унинг маънавияти, ахлоқи, диди ҳамда ақлу-фаросатини ҳам бир қадар намоён этиб туради. Руҳшуносларнинг фикрича, “оммавий маданият” кўринишларининг ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши асосан кийиниш, қизиқишлар, бўш вақтни ўтказиш, дидларнинг саёзлашуви, миллий қадриятларга муносабатда намоён бўлмоқда. Бу ҳол эса беҳаёлик ва зўравонлик, миллий қадриятларга ҳамда ижтимоий манфаатларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатларни келтириб чиқарадиҲар бир халқ ўзи яшаётган минтақаси, турмуш тарзи, урф-одати, табиатига хос тарзда кийинади. Инсонлар ўзларига қулай ва мос равишда кийинишга ҳаракат қилишади. Бироқ айрим ёшлар замонавий кийиниш мақсадида, ярашмаса ҳам, “мода” бўлаётган либосларни, айниқса, мини юбка-ю тор шимларда юришга уринишади.
Бугунги кунда барча енгсиз, этаги калтароқ кўйлак ёхуд шим кийиб юрган қизлар одобсиз, ҳаёсиз дейишдан йироқмиз. Чунки одоблилик мезони енги-ю этаги узун кўйлак, бошга рўмол танғиб юриш билан ўлчанмайди. Бироқ бу борада катталардан ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, уларда одоб, ўзаро ҳамда атрофдагилар билан мулоқот ва кийиниш маданияти меъёрини сақлаш, миллийлик билан замонавийлик уйғунлигини тушунишга кўмаклашиш талаб этилади.
Чунки ҳаёсизликни тарғиб қилаётган “оммавий маданият” унсурлари миллатнинг неча минг йиллик қадриятлари, маънавий бойликлари қадрсизланишига қаратилгани, шубҳасиз. Ёшларни ўз домига тортишга уринаётган бу иллат телеканаллар орқали намойиш этилаётган беҳаё хорижий сериаллар, фильмлар, клиплар, реклама роликларида ҳам кўзга ташланаётгани эса ачинарли ҳолдир.
   Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб олмоқда.
Бугун дидсизлик, ахлоқсизлик, инсонни тубанлаштирувчи “оммавий маданият” маҳсулотларига қарши курашиш давр талабидир. Мактаблар, ўрта махсус ҳамда олий ўқув муассасаларида ўтказилаётган турли тадбирларда ёшлар бу ҳақда огоҳлантириляпти. Уларга “оммавий маданият”нинг асл мақсади, фожиавий ва ҳалокатли оқибатлари хусусида қайта-қайта тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳаёсизлик, хорлик, тубанлик ботқоғига ботмасликнинг илк чораси – кийиниш маданиятига эътиборли бўлиш. Тўғри, ёшлар замонавий кийинишни хушлашади. Бу табиий ҳол. Лекин замонавий либос одоб-ахлоқ меъёрларимизга мос келиши, миллий қадриятларимизга зид бўлмаслиги керак. Гўзал урф-одатларимиз, аждодларимиздан мерос анъаналаримиз, бетакрор миллий қадриятларимиз ҳамда фазилатларимизни таҳдидлардан асраш, ёшларни эзгу ғоялар руҳида камол топтириш ота-оналарнинг, қолаверса, барчамизнинг бурчимиз эканини унутмайлик.
                                                Гулсара ТИНИБЕКОВА.