МАҲАЛЛА ИНСТИТУТИДА МУТЛАҚО ЯНГИ ДАРАЖА

- Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий мухитни соғломлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашда махалла институтини мутлақо янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони хамда  “Ўзбекистон Республикаси Махалла ва оила масалалари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарорининг лойихаси умумхалқ эътиборида.

-  Давлат бюджети таъминотидаги тўртта нодавлат ташкилотининг  мутлақ  ягона, янги тизимга бирлаштириш  ислохоти учун  жамиятимизда пайдо бўлган эхтиёж ва  хукумат бошқарувидаги янги тузилманинг  афзалликлари. 

-Туманимиз махалла фуқаролар йиғинларимиз ушбу фармон асосида тугатилаётган собиқ нодавлат  ташкилотлари – туман “Нуроний” жамғармаси, туман хотин-қизлар қўмитаси хамда “Оила” илмий-тадқиқод марказларининг барча фаолияти ва фунцияларини амалда ижро этишга, жамиятимиздаги янги тизимни мутлақо янги даражада шакллантиришга тайёрми?

Ўзбекистон Республикасида Махалла ва оила масалалари вазирлиги фаолияти ташкил этилишининг жамиятимиздаги энг мухим сабабларидан бири фуқаролик жамиятидаги муаммоларни хал қилишда яхлит ва таъсирчан вертикал бошқарув мавжуд эмаслигидир. Бундай вазиятларни нодавлат ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари қатор йиллик иш  фаолиятларида тажрибадан ўтказдилар. Зеро, бир хил  муаммонинг такроран барча  нодавлат ташкилотлари фаолиятида, яъни, оилавий ажримлар, жанжаллар, моддий ёрдам, кекса-ларни қўллаб-қувватлаш, хомий топиш, ёшлар тарбияси билан боғлиқ ишлар, жиноятчиликни олдини олиш масалалари ва бошқа муаммоларнинг алохида-алохида  нодавлат ташкилотида ижро этилиши, биргина, фуқароларнинг мурожаатлари масалалари  бўйича  жуда кўплаб чалкашликларга, сан-салорликларга сабаб бўлаётган эди. Масалан: ФЎЎБОФМ бўйича туман кенгашига 2019 йил давомида 955 та мурожаат келиб тушган, булардан 324 таси ижобий қаноатлантирилган ва 631 та мурожаат сохиб-ларига хуқуқий имкониятлари хамда қайси ташкилотга қайтадан мурожаат қилиши лозим-лиги тушунтирилган. 541 та  мурожаат моддий ёрдам ва болалар нафақаси тўғрисида, 541 таси оилавий жанжаллар, қўни-қўшничилик можароларини ташкил этган. Вахоланки, худди шу мавзудаги масалалар билан туман хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази хамда “Нуроний” жамғармалари хам шуғулланган. Бундай холат фуқаролар орасида “Қайси ташкилотга мурожаат қилсам ишим ижобий хал бўлади?”- деган хақли саволларни келтириб чиқарди ва юқоридаги барча ташкилотларга бирма-бир мурожаат қилаве-ришларига сабаб бўлди. Тақдим этилаётган янги тизим, айнан, мана шундай такрорийлик ва сарсонгарчиликларнинг олдини олади, фуқаролар мавжуд  барча оилавий, ижтимоий-моддий муаммолари бўйича битта ташкилот туман хоким-лигининг махалла ва оила бўлимига, ёхуд, ўзининг махалла фуқаролар йиғини маъмуриятига мурожаат қиладилар. Мухтарам Президентимиз фармонида  таъкидланган мақсад ва мохиятнинг асл негизи – фаолияти аслида узвий бўлган ташкилотлар ва уларнинг ресурсларини бирлаштириш орқали таъсирчан ва яхлит вертикал бошқарув тизими шакллантиришдир. “Мазкур ташкилотлар алохида фаолият юритаётганлиги, уларга юклатилган вазифаларнинг декларатив хусусиятга эгалиги, функцияларнинг бир-бирига ўхшашлиги ва такрорланиши амалга оширилаётган ислохотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бирлаштирилаётган ташкилотларнинг ортиқча ва ўзига хос бўлмаган вазифа ва функциялари тугатилади” –дейилади фармонда.

Президент фармонига асосан қуйидаги лавозимлар тугатилмоқда: - Вазирлар Махкамаси ижро этувчи тузилмасидаги – Хотин-қизлар қўмитаси раиси – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари лавозими;                      

- вилоятлар ва Тошкент шахар хокимликлари тузилмаларидаги – Хотин-қизлар қўмитаси раиси – хоким ўринбосари лавозими;- туман (шахар) хокимликлари тузилмаларидаги – Хотин-қизлар қўмитаси раиси – хоким ўринбосари лавозими.

Қуйидаги лавозимлар жорий этилмоқда:

- Ўзбекистон Республикаси махалла ва оила масалалари вазири лавозими;

- вилоятлар ва Тошкент шахар хокимликлари тузилмаларига – хоким ўринбосари – махалла ва оила масалалари бошқармаси бошлиғи лавозими;

- туман (шахар) хокимликлари тузилмаларига – хоким ўринбосари – махалла ва оила масалалари бўлими бошлиғи лавозими.

Ушбу ислохотнинг амалга оширилишига  яна бир мухим сабаб шундан иборатки, ушбу жамоат ташкилотларининг фаолияти мустақиллик йиллари давомида Давлат бюджети хисобидан молиялаштирилиб келаётганлигидир. Бу жараён  дастлабки йилларданоқ,  халқаро ташкилотларнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлиб келмоқда эди. Жамоатчилик  ва нодавлат, нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунларда белгилаб қўйилганидек, нодавлат ташкилотлари ўз-ўзини маблағ билан таъминловчи мустақил ташкилотлардир. Юқорида кўрсатилган ташкилотларнинг Давлат бюджети томонидан молиявий таъминланиши Республикамиз миқёсидаги мавжуд  нодавлат, нотижорат ташкилотлари ўртасида тоифалаш, номутаносиб хуқуқий тенгсизликларни келтириб чиқараётган эди.  

Давлат бюджети таъминотидаги нодавлат  ташкилотларининг ягона вазирликка бирлашти-рилиши натижасида, кадрлар ва моддий ресурс-ларнинг тўғри тақсимланиши хисобига Давлат бюджети харажатлари камайтирилади. Вазирлик ходимларининг ойлик иш хақи оширилади ва ижтимоий таъминоти кучайтирилади. ҳозирга қадар Махалла тизими ходимлари учун алохида байрам куни белгиланмаган эди. 22 март – “Махалла  тизими ходимлари куни” этиб белгиланмоқда. 

Махалла  фуқаролар йиғинлари зиммасига 200 дан ортиқ вазифа юкланган, бор-йўғи 2 та штат бирлиги билан шунча вазифани бажариши мумкинми? - деган савол Президентимиз томонидан ўтказилган 12 феврал кунидаги видео-селекторда алохида таъкидлаб ўтилди. Шу сабабли фуқаролар йиғини фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг амалдаги тизими сохадаги муаммо-ларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишни таъминлай олмаяпти. Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи ёки ортиқча ва хос бўлмаган 53 та вазифаси қисқартирилмоқда.

Профилактика инспекторларига юклатилган бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи ёки ортиқча ва хос бўлмаган 15 та вазифа хамда функциялар қисқармоқда  

Барчамизга маълумки, фуқаролар йиғинлари ходимлари ўзларининг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилинарди, уларнинг фаолиятига  тааллуқли бўлмаган вазифалар юклатилган эди.  Масалан, қисқартирилаётган вазифалар таркибидаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш шартномаларини тузиш ва тўловларни ўз вақтида тўланишини таъминлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлашда рейдлар ўтказиш, кўмир махсулотларини ахолига белгиланган тартибда  тақсимланиши ва сотилишини таъминлаш, қишлоқ хўжалигининг ташкилий ишларига жалб этиш, солиқ ва коммунал тўловлар йиғиш  ва хоказо... Натижада фуқаролар йиғини раислари, ходимлар махаллада ижтимоий-маънавий мухитни барқарорлаштириш, ахоли орасида фуқароларнинг  хуқуқий билимларини ошириш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, тадбиркорлар билан шуғулланиш, оила, таълим, тарбия ва миллий қадриятларимизни юксалтириш ишларига  муқим вақт ажратолмадилар. Оилавий ажримларнинг кўпайиши, ўз жонига қасд, суиқасд, жиноятчиликнинг кўплаб махаллаларимизда ошганлиги, айнан, тарғибот-ташвиқот ишларининг ўлда-жўлдалиги, кўзбўямачилик, амалий иш эмас, қоғозбозлик, расмбозлик қилишга мажбур бўлганлигимизнинг оқибатидир. Аммо, бугунги кунда махалла ходимларининг вазифаси кўп бўлганлигини бахона қилишга хеч биримизнинг хаққимиз йўқ, чунки, ана шундай мураккаб шароит-ларда хам ўз махалласида ажойиб ютуқларга эришган жамоаларимиз бор. “Олчинтепа”, “Темирак”  махалла фуқаролар йиғинларида бирорта оилавий ажрим, жиноятчилик ёки ўз жонига қасд каби салбий холатлар юз бермади. Вахоланки, туманимизда оилавий ажимлар сони 2019 йилда 119 тани ташкил этди, 2018 йилга қараганда кам рақам бўлишига  қарамасдан, бу кўрсаткични янада камайтиришимиз  лозим. Ўз жонига қасд ва суиқасд холати туман бўйича  2018 йилда 18 та, 2020 йилда эса 5 та кўп, яъни, 23 та га ошди. Аёллар томонидан содир этилган  жиноятлар 15 та бўлиб, бундай мудхиш воқеаларнинг сабаби ва келиб чиқиш омилларини ўрганишимиз, хамкор ташкилотлар билан биргаликда олдини олиш чора-тадбирларини белгилашимиз, амалга оширишимиз лозим. Туманимиз махаллалари худудида содир бўлган жиноятчилик 2019 йилда  219 та, 2018 йилга нисбатан 17 та жиноятчилик камайган, лекин ўртача тақсимлаганимизда, хар бир махаллага 6 тадан жиноятчилик тўғри келмоқда, айрим махал-лаларимизда 14 та, хатто  худудида  22 та жиноятчилик содир бўлган махаллаларимиз борлиги ачинарли холдир.  Ана шундай долзарб муаммоларни хал этиш, “Обод ва хавфсиз махалла”  тамойилини жорий этиш мақсадида фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, улар-нинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланмоқда. Келгусида мазкур талабни бузганлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари масъул ва мансабдор шахсларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чоралари қўлланилади.

Республикамиз Президентининг мазкур қарори асосида хозиргача мавжуд бўлган 8 комиссия 4 та жамоатчилик комиссияси миқдорида қисқартирилади.

1. Оилавий қадриятларни мустахкамлаш комиссияси (янги);

2. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссия (янги);

3. Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия (мавжуд);

4. Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия (мавжуд).

Амалдаги холатда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари учун бинолар қуриш жараёнларига  давлат-хусусий шериклик шартлари татбиқ  этилмаган эди. Янги тизимдаги янгилик: ҳар бир махаллада тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар (инвесторлар)ни фаол жалб қилиш хисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплекси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилади.

Бунинг учун тадбиркорлик субъектларига қуйидаги имтиёзлар берилади. Инвесторларга маъқулланган намунавий лойихаларга мувофиқ комплексларни барпо этиш, шунингдек, тегишли инфратузилма қуриш учун зарур ер участкалари тўғридан-тўғри шартномалар асосида хақ ундирилмасдан ажратилади. Инвесторларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун (келишув бўйича ёки комплекслар билан бир бинода ёхуд бошқа жойда) жойнинг ташқи меъморий қиёфасига мос келадиган, қурилиш учун ажратилган комплекслардан  кичик  бўлмаган майдонга эга бўлган комплексларга туташ қўшимча шунга ўхшаш объектлар хам ажратилади. Инвестор томонидан қурилган қўшимча объектлар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 3 йил муддатга тақдим этиладиган ер участкасига ва унда қурилган кўчмас мулкка нисбатан ер солиғи ва мол-мулк солиғининг, шунингдек, мазкур объектларда амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда ёки тушумларга нисбатан фойда солиғи хамда айланмадан олинадиган солиқнинг белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган холда тижорат банкларига инвесторга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида қўшимча объектлар қуриш учун 10 йил муддатга, жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнати-ладиган ставкаларда кредитлар бериш тавсия этилмоқда.

Фуқаролар йиғинларига кредит ажратиш: Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш мумкин эмас эди.

Янги тизимда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг моддий-иқтисодий асосларини мустахкамлаш, ахолини иш билан таъминлаш борасидаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролар йиғинларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ижтимоий дастурлар, шу жумладан “ҳар бир оила – тадбиркор дастури”, “ҳунармандчиликни ривожлантириш  дастури”, “Ёшлар – келажагимиз” дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилади. Ажратилган кредитларни лойихадаги мақсадга йўналтириш энг мухим ахамиятга эгадир. Афсуски, ўтган 2019  йил мобайнида “ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” дастурлари бўйича имтиёзли кредитларни қўлга киритган “тадбиркор”ларимизнинг аксарият қисми банклардан қарз олган пулларини ноқонуний равишда ўзларининг бошқа шахсий муаммоларига, тўй ўтказиш, мебель, машина, уй олиш каби харажатларига  сарфлаб  юбордилар, натижада  сохта иш ўринлари, хўжакўрсинга маълумот беришлар авж олди. ҳукуматимиз томонидан 2019 йил 14 сентябрда қабул қилинган тўй-хашамларни қисқартириш тўғрисидаги қарори ана  шундай қонунбузарликларнинг, исрофгарчиликларнинг  олдини олиш чора-тадбири бўлди. Тўй-хашамларни қисқартириш, нафақат, оила бюджетини иқтисод қилиш, айни пайтда  маънавий-маърифий, тарбиявий масалаларимизга салбий таъсир кўрсатаётган бошқарувсиз, шов-шув, вас-васадан иборат  тўйларимизни тартибга солишнинг жавхари бўлиб хизмат қилмоқда.      

Фуқаролар йиғинларининг маблағларини шартнома асосида солиқ органлари, кўчмас мулк, кадастр, тадбиркорлик ва бошқа шунингдек, жисмоний шахсларга хуқуқий-амалий ёрдам бериш манбалари хисобидан кенгайтиришга розилик берилмоқда. Фуқаролар йиғини раисининг сайланиш муддати беш йилга оширилмоқда.

Янги тизимнинг жорий этилиши  махалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига катта ва асосий масъулиятни юкламоқдаки, махалла рахбари – хуқуқшунос, иқтисодчи, тадбиркор, зиёли энг мухими ташаббускор ташкилотчи бўлмоғи шарт ва мажбур. Алқисса, ўзига юклатилган масъулиятли вазифани замон ва хукумат талабларига мос уддалаши амри махол. Фуқаролар йиғини раисига яна қуйидаги қўшимча хуқуқлар берилмоқда:

Тегишли худуддаги профилактика инспектори фаолиятига бахо бериш хамда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича вазирликнинг туман (шахар) бўлимига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш;

уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишига бошқарувчи ташкилот билан тузилган шартномани ёки ширкат бошқарув раиси билан тузилган мехнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида таклиф киритиш;

кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ масалаларда уй-жой мулкдорлари номидан бошқарувчи ташкилот ёки ширкат бошқарув раиси билан муносабатларга киришиш.

“Обод ва хавфсиз махалла” тизимида  махалла фуқаролар йиғини билан ички ишлар бўлим-ларининг хамкорлигига алохида ўрин берилган. Жумладан профилактика инспекторлари 5 йил муддатга лавозимга тайинланади хамда уларни мазкур муддат давомида бошқа лавозимга ўтказиш тақиқланади (юқори турувчи рахбарлик лавозимга ўтказиш ёхуд қонун ёки ички тартиб қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортиш холатлари бундан мустасно). Туман (шахар) ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг таркибидаги бўлимлари ва ички ишлар бўлимлари (бўлинмалари) бошлиқлари устуворлик асосида профилактика инспектори лавозимида камида       5 йил ишлаган ходимлари орасидан тайинланади. Профилактика инспекторлари лавозимларига, қоида тариқасида, олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар тайинланади. Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарига – профилактика (катта) инcпек-торлари фаолиятига аралашганлик, уларни хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этганлик учун худудий ички ишлар органларининг рахбарлари ва масъул ходимларига нисбатан бевосита интизомий жазо чораларини қўллаш ваколати берилади.    

Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Давлат бошқаруви академиясида доимий фаолият кўрсатувчи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича алохида ўқув курслари ташкил этилади.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий мухитни соғлом-лаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашда махалла институтини мутлақо янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони хамда “Ўзбекистон Республикаси Махалла ва оила масалалари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори республикамиз давлат бошқаруви тарихида мухим  янгилик ва ислохот сифатида қабул қилинмоқда. Дунё сиёсий тамаддунида  давлат бошқарувининг ягона тизими – Махалла институтининг фаолияти умумжахон хамжамияти нигохида ўзининг қайтадан, янада  мукаммал  тасдиғини топмоқда. Республика “Махалла  ва оила” вазирлиги, вилоят бошқармалари хамда туман бўлимининг  ходимлари ва мутахас-сисларига янги тизимдаги шарафли ишларида муваффақиятлар  тилаймиз. Албатта, туманимизда такомиллашиб бораётган  махалла институтининг ўрни мутлақо янги ва юқори  даражага кўтарилади.  


Ойгул Маматова,

ФЎЎБОФМ бўйича туман кенгаши раисининг диний-маърифий ишлари бўйича ўринбосари.