ТУМАН ҲОКИМИ ФЕРУЗ АБИЛОВНИНГ ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!

Юртимизга кириб келаётган баҳор нафаси билан тобора яқинлашиб келаётган ушбу  ёруғ кунларда 8 Март -  Халқаро хотин-қизлар байрамини нишонлаш арафасида турибмиз.

Шу қутлуғ айём – 8-март байрами билан бутун туманимиз аёлларини, муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдиришга ижозат бергайсиз.

Барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган аёл зоти ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор, бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб вояга етказган Она сиймоси олдида бош эгиб таъзим қиламиз.

Ер юзида муқаддас деган сўзга энг муносиб зот бу – аввало, Онадир. Халқимиз она сиймосини доимо улуғлаб, ардоқлаб яшайди. Юртимизда оналарни шарафлаб муҳташам ҳайкаллар бунёд этилгани ҳам шундан далолат беради.

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз.