ЎЗБЕКИСТОНДА УМР ДАВОМИЙЛИГИ 74,6 ЁШ ДЕБ ҚАЙД ЭТИЛДИ

2000 йилларнинг бошида бу кўрсаткич 72 ёшни ташкил этган

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Халқаро пресс клубнинг “Қадамма-қадам” лойиҳасида ўзбекистонликларнинг ўртача умр давомийлигига оид статистик маълумотларни келтирди.

“1991 йилда (Ўзбекистонликнинг ўртача умр давомийлиги) 67 ёш эди, 2000 йилларнинг бошида 72, кейин эса 73 ёшга чиқдик. Ўртача умр давомийлигининг узайиши учун соғлом овқатланиш, тоза ичимлик суви, яшаш шароити, соғлиққа эътибор катта аҳамиятга эга бўлади. Ўзбекистонда биринчи марта ўтган йили ўртача умр давомийлиги 74,6 ёш деб қайд этилди. Демак, ижобий ўзгариш бор”. Сўнгги йиллар эълон қилинган расмий статистикага кўра, эркакларнинг ўртача умр кўриши 70 ёшдан, аёлларнинг ўртача умри эса, 75 ёшдан ошган.

Алишер Шодмоновнинг таъкидича, соғлом турмуш тарзини олиб боришда пиёда юришнинг аҳамияти катта. Соғлом бўлиш учун ҳар куни ўртача 5 км, яъни 7-8 минг қадам юриш керак. Пиёда юришни кунига 100 та қадамдан бошлаш ва мунтазам равишда қадамлар миқдорини ошириб бориш керак.

“Ёши катталар, нуронийларга югуринг деб айта оламизми? Йўқ. Чунки уларнинг соғлиғига салбий таъсир қилиши мумкин. Ёки бобомизни қўрқмасдан велосипедга ўтказиб, кўчага чиқариб юбора оламизми? Лекин юришни ҳаммага тавсия эта оламиз. Ҳомиладорга ҳам, касаллиги бўлган одамга ҳам. Чунки инфаркт, инсультдан кейинги реабилитацияда ҳам юриш тавсия этилади. Юриш ҳисобига (беморни) соғломлаштириб, уни яхши ҳолатга келтириб қўяди”, - деди Шодмонов.