Мўъжизавий қалдирғочлар

ЭССЕ

      Анча йиллардан буён фақат ишдан қайтганимиздагина очиладиган айвонли уйимизнинг шифтига бу йил эрта баҳордан бир жуфт қалдирғоч тез-тез кириб-чиқиб юрганига кўзим тушиб қолди. Кимсасизликдан эмас, балки оила-аъзоларимизнинг барчаси, яъни мен ва отаси, тўнғич фарзандим Азиз давлат ишида бўлсак, ўғлим Муҳаммад, кичик қизим Малика ва янгитдан оиламизга қўшилган келинимиз Умида ҳам олийгоҳ талабаси бўлишганлиги туфайли барчамиз уйда фақат таътил ёки дам олиш кунлари кўпроқ бирга бўлар эдик. Кўриниб турибдики, уйда кам  бўлганимиздан кейин эшик-деразалар кундуз кунлари деярли очилмайди. Ҳозир эса вазият бошқача, оила аъзоларимизнинг барчаси уйда. Бу ҳақда кейинроқ тўхталсак-да, уйимизга келиб-кетиб юрган безовта жониворларга қайтсак.

     Шундай қилиб, қушларнинг  бир неча кунги “разведка” ишлари тугади шекилли,  ойнаванд  айвонимиз уларга маъқул келиб, шифтнинг ўртасига ўрнатилган иккита қандилнинг бирини танлаб олишиб, ин қуриш учун зарур бўлган “хом ашё”ларини таший бошлашди. Бечора жуфтлик инларини қуриб битказгунча сира тинчишмади, айниқса, шу ора кетма-кет давом этган серёғин кунлар ёки оби-ҳаво муносабати билан эшик-деразаларимизнинг очилмай қолган вақтлари ҳам улар сира чекинишмади.Уйга киролмай қолган кезлари “чуғур-чуғур” қилиб безовта кезган қушларни ўғлим Муҳаммад албатта кўриб қолар ва тезлик билан эшикни очиб киритар эди. Ахир кучли шамол кўпгина  хонадонларнинг  томларини олиб кетган бўлса, кучли сел оқибатида қанчадан-қанча уйларни сув босди. Бу йилги баҳорнинг жуда серташвиш ва серёғин келганлигидан халқимиз ҳам анча азият чекишди. Бизнинг жонсарак қушларимиз ҳам ана шундай кезлари уйга кирса далага чиқолмасдан, далада пайтлари уйга киролмай қолиб кетар эди. Шундай бўлсада, қалдирғочлар тезда уйларини қуриб олишди. Уларнинг бири, яъни модаси ўз инига тухум босиш учун муқим  ўрнашиб олди. Ин қуриш жараёнида қалдирғочлар ташиган лой ва хашаклар уйимизнинг турли жойларига  ёки янгитдан таъмирланган деворларимизни бежаб ташлар эди, баъзида безовта қушлар бошқа уйларимизга ҳам бемалол кириб-чиқар эди. Биз бундан сира ранжимадик, аксинча барчамиз хурсанд бўлдик.

  • Майли нима бўлганда ҳам бу беозор қушларга озор берманглар, аксинча уларнинг кириб-чиқиши учун шароит  яратиб беринглар. Айниқса, уйдаги мушукка эҳтиёт бўлинглар, қушларга зиён-заҳмат етказмасин,- дея қайта-қайта тайинларди отаси болаларга.

Мана бир неча кундирки, она қалдирғоч тухум босиш учун инидан қўним топди. Унинг жуфти эса ҳар куни тонгда туриб эшикни очишимиз билан ўз вазифасини бажариш учун далага ошиқади, бир кунда билмадим неча марта емиш келтиради. Уйда қолган кезлари ҳам дастурхонимизга ёки баъзида очиқ қолган озиқ-овқатларга бирор марта ҳам интилганини кўрмадим ва бунга қойил қолиб, митти жониворларга нисбатан меҳрим янада ошди. Оила бошлиғи бўлган иккинчи қалдирғоч эса ҳар куни кечки соат еттиларда худди постда турган аскарлардек уйда пайдо бўлади-да ўз жуфтига учрашиб, ўлжасини топшириб,  сўнгра уни безовта қилмасдан қандилнинг иккинчисига жойлашиб, ўз оиласини қўриқлаб чиқади. Қушларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатига, садоқатига қойил қоласан киши. Худонинг амрими бу ёки она-табиатнинг мўъжизасими бу. Наҳотки, бу қушлар шунчалик бир-бирига меҳр-муҳаббатли ва  боласевар бўлишса...Улар учун оила, бурч, садоқат ҳақидаги қонун ва қоидалар баъзи инсонлар сингари суд залларида қайта-қайта уқтирилмасада, бу туйғу ва тушунчалар мана шу митти жонзотларнинг бутун вужуди узра қалбларига жо бўлганлигини кўриб лол  қоласан киши. 

    Тасодифни қарангки, бир куни сира тинмай йиғлаётган набирамни ҳеч ҳам овутолмасдан қалдирғочлар ин қурган қандилнинг рўпарасига ётқизиб қўйдим. Боши ёстиққа тегиши билан баттар йиғлаётган Асилбекнинг кўзи аввал қандилга, сўнгра эса  “чуғур-чуғур”лашаётган   қалдирғочларга тушиб қолиб, бирдан жимиб қолди ва қийқириб кула бошлади...Шундан кейин набирам қачон хархаша қилса, қалдирғочларнинг ёнига олиб борадиган бўлдик. Яқин кунларда албатта қушлар ҳам ўзларидан кўпайишиб, палопонларини очиб чиқишади ва уларни эсон-омон вояга етказишади.

    Айтишларича, қалдирғоч кирган уйга бахт-саодат, тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳам кириб келар экан. Инсонларнинг  хонадонига яхшилик ва эзгу мақсадлар келтирадиган қалдирғочлар юртимиз осмони узра мавж уриб қанот қоқиб учаётганлиги рост бўлсин.

    Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади, деганларидек, айни пайтларда нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бутун дунёни ларзага солган вабо туфайли давом этаётган карантин туфайли ҳар бир оила ўз фарзандлари билан вақтинчалик ўз ишини ҳамда болаларининг ўқишини уйларида бу ҳам бир синов дейишиб, ўтказишмоқда. Айрим кам таъминланган оилаларимиз бироз бўлсада қийналиб қолишганлиги, уларга ҳукуматимиз томонидан ёрдам берилаётганлиги, коронавирус  касалига чалиниб қолган беморлар эса бепул даволанаётганлиги ва ўз оиласи бағрига эсон-омон қайтиб бораётганлиги ҳам айни ҳақиқат. 

     Яна бир аччиқ ҳақиқат шундаки, айрим кишиларнинг  ҳатто ёдидан ҳам чиқиб кетган - бири шаҳар марказида, бири эса шаҳар чеккасида, яна бири эса қишлоқда ҳувуллаб ётган уйларининг дераза-эшиклари занг босиб кетмадимикан, деб ўйлайсан киши. Шоир айтганидек, қўша-қўша машиналар, уй-жойлару дўконлар, ҳисобсиз мол-дунё йиғиб, таҳликали дамларда аросатда қолган одамлар-чи, уларни не деб аташ мумкин? Ўз юрти қолиб ўзга юртларда сарсон-саргардон юрганлар қанча? 

     Ахир инсоннинг чин маънода бахтли-саодатли яшаши учун она-табиатнинг мўъжизали қушлариники сингари ўз юртида бир ошёни ва оиласи ила меҳр-муҳаббат билан яшашининг  ўзи бир бахт эмасми?!

                                       Гулсара ТИНИБЕКОВА,

                                                     журналист.