АТОҚЛИ МАЪРИФАТПАРВАР, МАШҲУР ТАРБИЯЧИ, ДАВЛАТ ВА ЖАМОАТ АРБОБИ

Абдулла Авлоний (1878.12.7 -Тошкент -1934.24.8) -маърифатпарвар, журналист, давлат ва жамоат арбоби. Тўқувчи оиласида туғилган. Мактабхона ва мадрасада ўқиган (1885-95).  1906 йилдан шеърлари билан матбуотда қатнаша бошлаган. Араб, форс, рус тилларини ўрганиб, бу тилларда ижод қилган мутафаккирларнинг асарларини ўқиган, баъзилари (Л.Толстой, К.Д.Ушинский асарлари)ни ўзбек тилига таржима қилган. 1906 йил «Тараққий», 1907 йил ўз уйида (Тошкентда) «Шуҳрат» газеталарини чиқарган. Бу газеталар  ёпиб қўйилгач, 1908 йил яширин равишда «Осиё» газетасини нашр этди. 6-сонидан сўнг ҳукумат бу газетани ҳам тақиқлаб қўйган. Шундан сўнг Авлоний илғор ғояларни мактаб орқали халққа тарқатишга ҳаракат қилди: Тошкент шаҳрининг Миробод маҳалласида маҳаллий аҳоли болалари учун янги усул мактаби очиб (1908), ўзи она тили ва адабиётдан дарс берди. 1909 йил  «Жамияти хайрия» тузиб, етим болаларни ўқитган. Шундан кейин Авлоний Тошкентнинг Дегрез маҳалласида икки синфли мактаб очган (1912). Бу мактабда дунёвий фанлар ўқитилиши билан мактабхоналардан фарқ қилган. Авлоний янги мактаблар учун кўлланма ва ўқиш китоблар ёзиб, нашр қилдирган                              («Биринчи муаллим», 1911; «Иккинчи муаллим», 1912; «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ», 1913; 4 жузд (қисм)ли «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» тўплами, 1909—15; «Мактаб гулистони»,1915; «Мардикорлар ашувласи», 1917 ва б.). Мунавварқори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчилар билан биргаликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини ташкил этган. Авлоний халқ онгини ошириш учун театр санъатидан ҳам фойдаланган. У 1913 йилда «Туркистон» номли театр труппасини ташкил этишда ва унинг ишида фаол қатнашган. 1910—16 йилларда бир қанча саҳна асарларини таржима қилди ва ўзи саҳналаштирди. Авлонийнинг саҳна асарлари Тошкент, Фарғона, Андижон, Қўқон, Хўжанд каби шаҳарларда кўйилган. Бу асарларда 20-аср бошларидаги Туркистон ҳаётининг кенг манзаралари ўз ифодасини топган. Авлоний труппасида Маннон Уйғур тарбия топган; труппа билан Ҳамза, Озарбайжон драматурглари Узайр Ҳожибеков, С. Руҳулло ҳамкорликда бўлган. Октябрь тўнтаришидан кейин халққа ваъда қилинган эркинликнинг берилмаганлиги шоир ижодида тушкунликнинг пайдо бўлишига олиб келди («Хафалик соатда» шеъри, 1919). 1917 йилда «Турон» газетани нашр қилди. Газетада сиёсий ва ижтимоий воқеалар ёритилган. 1918 йил Авлоний «Иштирокиюн» газетани ташкил этишда қатнашди ва унинг муҳаррири бўлди.
1919—20 йилларда Шўро ҳукуматининг Афғонистондаги сиёсий вакили ва консули, «Касабачилик ҳаракати» журнали бош муҳаррири (1921).1921 йилдан мактаблар очиш, халқни саводхон қилиш, ўзбек хотин-қизларини ўқитиш, ўқитувчилар ва зиёли кадрлар тайёрлаш ишлари билан шуғулланди. У Эски шаҳардаги хотин-қизлар ва эрлар маориф билим юртлари (инпрослар)да мудир (1923—24), Тошкент ҳарбий мактабида ўқитувчи (1924-29), 1930—34 йилларда Ўрта Осиё университети тил ва адабиёт кафедраси мудири, профессор. Шу даврда у ўзбек мактабларининг 7-синфи учун «Адабиёт хрестоматияси» тузиб, нашр эттирди (1933). Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чиғабой, Абдулҳақ тахаллуслари билан танқидий ва илмий мақола, 4000 мисрадан ортиқ шеър ижод қилган.
АБДУЛЛА АВЛОНИЙНИНГ ЭНГ МАШҲУР  АСАРИ
   “ТУРКИЙ ГУЛИСТОН ЁХУД АХЛОҚ”
“Мен бу асари ночизонимни биринчи мактабларимизнинг юқори синфларида таълим бермак ила баробар улуғ адабиёт муҳиблари, ахлоқ ҳаваскорларининг анзори олийларина тақдим қилдим”.
Ҳар кун ўлурам шомғача мен ғамга
                           гирифтор,
Ҳар шаб ёнарам оташа парвона каби зор.
Ҳеч кимса эмас бу мени аҳволима воқиф,
Мен хастаяму миллатим ўлмиш нега
                                бемор.
Ношири ва шоири Абдулла Авлоний
2-табъи, сана 1336 ҳ./1917 м. Тошкент,
Тип. Лит. «Пар. Соц. революц» 1917 г.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
АХЛОҚ
Инсонларни яхшиликға чақиргувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илмдур. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладурган китобни ахлоқ дейилур. Ахлоқ илмини ўқуб, билуб амал қилган кишилар ўзининг ким эканин, жаноби ҳақ на учун халқ қилганин, ер юзида нима иш қилмак учун юрганин билур. Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмни, уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини, қимматини билмас. ўз айбини билуб, иқрор қилуб тузатмакға саъй ва кўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидур. Расули акрам набиййи муҳтарам афандимиз: «Мезон тарозусига қўйиладурган амалларнинг ичида яхши хулқдан оғирроқи йўқдур. Мўмин банда яхши хулқи сабабли кечаси ухламасдан, кундузлари рўза тутуб ибодат қилган кишилар даражасига етар», – демишлар.
Сўйласанг сўйла яхши сўзлардан,
Йўқса жим турмоқинг эрур яхши.
Ўйласанг яхши фикрлар ўйла,
Йўқса гунг бўлмоқинг эрур яхши.
Ишласанг ишла яхши ишларни,
Йўқса бекорлиғинг эрур яхши.
ХУЛҚ
Инсон икки нарсадан мураккабдур. Бири жасад, иккинчиси нафсдур. Жасад кўз ила бор нарсаларни кўрур. Аммо нафс идрок ила яхшини ёмондан, оқни қорадан айирур. Жасаднинг ҳам, нафснинг ҳам бирор сурати бордурки, ё яхши ва ё ёмон бўладур.
Жасаднинг сурати ҳаммага маълум бир нарсадурки, ҳар вақт кўзга кўриниб турадур. Аммо нафснинг сурати кўзга кўринмайдурган, ақл ила ўлчанадурган бир нарсадурки, буни хулқ деб аталур. Агар бир киши ёшлигида нафси бузулуб тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, «Аллоҳу акбар» бундай кишилардан яхшилик кутмак ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз:
«Бир тоғнинг ўрнидан кўчиб кетганини эшитсангиз, ишонингиз, аммо бир одамнинг хулқи бошқа бўлди деб эшитсангиз ишонмангиз», – демишлар.
Хулқи ёмон юз, кўзлидин на суд
Юз, кўзли хулқни қилмас кашуд.
Хулқ маризига даво истасанг,
Марг давосин берилур қистасанг.
Хулқи ёмонинг кетурар кўп зарар,
Хулқинг ўзи бошингга калтак урар.
Хулқи фано бўлса дегил алҳазар,
Хор-у залилликда қолур дарбадар.
ВИЖДОН
Виждон деб руҳимизга, фикримизга таъсир қиладурган ҳиссиёт, яъни сезув – туймақдан иборат маънавий қувватни айтилур. Биз ҳар вақт афъол ва ҳаракотимизни яхши ва ёмонлиғини, фойда ва зарарлиғини онжақ виждонимиз ила билурмиз. Виждон инсоннинг ақл ва фикрини ҳақиқий мезонидурки, бу тарозу ила ўз камчиликларини ўлчаб билмак ила баробар бошқаларнинг ҳам афъол ва ҳаракотини сезур. Агар ишлаган иши шариат, ақл ва ҳикматга мувофиқ бўлса, муҳаббат қилур. қабоҳат ва ёмон ишларни қилса, нафрат қилур. Биз жаноби ҳақнинг амр ва наҳйини фикр ва руҳимизнинг маънавий қуввати ўлан виждонимиз ила айира билурмиз.
Виждон яхши хулқларнинг манбайи ўлдиғиндан виждон соҳиблари ҳар бир ишни беғараз, холис ният ила ишлар.
Шул сабабли ҳар ким назарида мақбул ва суюкли бўлур. Аммо виждонсиз кишиларнинг ишларида ният ва амалларида, дўст ва ошнолиқларида яширин бир ғаразлари ўлдиғиндан ҳар вақт ҳасрат ва надомат чекуб, виждон азобиға гирифтор бўлурлар.
Ҳар бир инсоннинг ҳақиқий фоили
                    виждонидур,
Меваси яхши амалдур, ҳосили
                    виждонидур.
Инсон диний вазифаларининг улуввиятини виждони соясида тақдир қила билур. Чунки, виждони саломат кишилар имон ва эътиқодларини камолга еткурмак учун жаноби ҳақнинг буйруқларини дин ва миллатға фойдали ишларни шод ва хуррамлик ила ишлар.
Алҳосил, виждон ҳар кимнинг афъол ва ҳаракотини кўрсатадурган мусаффо бир ойинадурки, бу кўзгуга чин назар қилған киши ўз айб ва камчиликларини тузатмак ҳаракатида бўлуб, бошқаларнинг айб ва қусурларини ахтармоқға вақти бўлмас. Бизим исломиятда виждон ахлоқининг ислоҳи учун саъй-ҳаракат қилмак лозим ўлдиғиндан шул доирада ҳаракат қилғон кишилар икки жаҳонда азиз ва мукаррам бўлурлар. Арасту ҳаким: «Руҳимизнинг маънавий қуввати ўлан виждонимиз, фикримизга қувват бергувчи бир воситайи идрокия дейилур. Яъни, ҳиссиётимизнинг руҳимизга таъсир эттирғувчи бир робитайи илктириқийясидур», – демиш.
Ибн Сино ҳаким: «Виждон руҳ ва фикримизни туйғун қилмакға биринчи воситадур», – демиш.
Соф виждон каби ҳеч комила мезон ўлмаз,
Киши ўз айбини билмак каби урфон
                           ўлмаз.
Шод-масрур ўлур инсоф ила виждонли
                           киши,
Кимки виждонсиз эса, тўғри, чин инсон
                           ўлмаз.
ҚАНОАТ
Қаноат деб жаноби ҳақ тарафидан иҳсон бўлган аҳволга етишдиғимиз неъмат ва молга шукр, бошимизга келган фақр, мусибат, фалокатларга чидаб, сабр қилмоқни айтилур. Қаноат ҳасад, тама, ҳирс, хорлик каби иллатларнинг давоси, нафсимизнинг Қиносидур.
Қаноат бир хазинадурки, нақдинаси кундан-кун ортар. Бу хазинага эга бўлган кишилар умрларини шавқ ва роҳатда кечирурлар. Бунинг ила баробар қаноатсизликдан пайдо бўладурган ҳасад деган жоннинг энг зўр душманидан қутулурлар. Чин инсонлар кишининг молина, мулкина, саодатина, маишатина ҳасад қилмас, қаноатдан айрилмас, умрини роҳатда ўткарур. Инсон ҳар бир ишга кучи етгунча чолишмоқ, жаноби ҳақ тақдирдаги нарсасидан нимани берса, шунга қаноат қилмоқ лозимдур.
Зероки, инсон ўз маишатини, номусини сақламоқ учун фидойи жон даражасига боргунча саъй қилмоқға буюрилмишдур, лекин бу саъйнинг машруйи ҳар бир ишда қаноатни қўлдан бермасликдур. Оламда қаноат каби дилни поклайдурган нарса йўқдур. Жаноби ҳақнинг амрига итоат қандай саодат эса, тақдирига қаноат зиёда бахтиёрликдур.
Ҳазрати Али афандимиз: «Дунёда саъй-жадали ила маишат ўткарган қаноат эгаси ҳеч кимға муҳтож бўлмаган зўр бойлар каби роҳатда, саодатда яшар», – демишлар.
Афлотун ҳаким: «Инсоннинг саодати қаноатини қўлда тутмакда, сарват ва маишат тўғрисида жаноби ҳақнинг тақдирига рози бўлмакдадур», – демишлар.
ИЛМ
Илм деб ўқимак, ёзмакни яхши билмак, ҳар бир керакли нарсаларни ўрганмакни айтилур. Илм дунёнинг иззати, охиратнинг шарофатидур. Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдур. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракотимизни ойина каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткур қилур. Савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, тозани мурдордан аюруб берур, тўғри йўлга раҳнамолик қилуб, дунё ва охиратда масъуд бўлишимизга сабаб бўлур. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур. Чунки илмсиз кишилар ота-онасига, қариндош-уруғига, ёр-дўстига, дин ва миллатига фойда еткурмак бир тарафда турсун ўз устига лозим бўлган ибодат ва тоатни ҳам лойиғича қила олмас. Илмнинг фойдаси у қадар кўпдурки, таъриф қилғон бирла адо қилмак мумкин эмасдур. Бизларни жаҳолат қоронғулиғидан қутқарур, маданият, инсоният, маърифат дунёсига чиқарур, ёмон феъллардан, бузуқ ишлардан қайтарур, яхши хулқ ва адаб соҳиби қилур, Аллоҳ таолога муҳаббат ва эътиқодимизни ортдурур, жаноби ҳақнинг азамат ва қудратини билдирур. Алҳосил, бутун ҳаётимиз, саломатимиз, саодатимиз, сарватимиз, маишатимиз, ҳимматимиз, ғайратимиз, дунё ва охиратимиз илма боғлидур. Пайғамбаримиз: «Илмга амал қилгучилардан бўлингиз, нақл ва ривоят қилгучилардан бўлмангиз», – демишлар.
Илм бир дарё ичи тўлмиш дур-у гавҳар
                           билон,
Қиймат-у қадрин қачон билғай они
                                          жоҳил йилон.
Олим кишилар ҳар ерда азиз ва ҳурматлидур. Шариатимизда қайси илмга муҳтож бўлсанг, шуни билмак бизга фарздур.
Шунинг учун ўқимак, билмак замонларини қўлдан бермай, вужудимизнинг душмани бўлган жаҳолатдан қутулмакга жонимиз борича саъй қилмагимиз лозимдур.
ҲАҚҚОНИЯТ
Ҳаққоният деб ишда тўғрилик, сўзда ростликни айтилур. Инсон бўстони саломатга, гулзори саодатга ҳаққоният йўли ила чиқар. Инсониятнинг илдизи ўлан раҳмдиллик, ҳақшунослик, одиллик каби энг яхши сифатларнинг онаси ҳаққониятдур. Жаноби ҳақнинг шу номи муборакини муқаддас билган киши ҳеч вақт ҳаққониятдан айрилмас, чунки ҳаққоният нури қайси дилда жилвагар ўлса, жаноби ҳақнинг тавфиқи раббонийси шу дилда нашъу намо қилур. Ақл эгалари, виждон соҳиблари ҳар вақт кўрган, қилган ва билганларини, ҳақиқатни ва тўғрисини сўзлар. Ишда тўғрилик бировнинг нафсига, молига хиёнат қилмоқ, сўзда тўғрилик ҳар вақт рост сўзламакликдур.
Ростлиғ ҳақнинг ризосини топар,
Тўғри йўлда йўқ бўлурму ҳеч чопар?
Бизким шариати исломияда агар бир кишининг ҳақига бўҳтон қилинуб, қилмаган ишни қилди деб сўз сўйланса, билган киши ростини сўзлаб, шул кишини оқламак вожибдур. Расули акрам набиййи муҳатарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Аннажоту фиссиддиқи – нажот ростликдадур», – демишлар. Ҳазрати мавлоно Румий: «Исломият айни ҳаққониятдур . Ҳақни қабул қилувчилар ҳуқуқи шаръияни сақламоқға буюрулмишдурлар. Чунки шариат ҳукмларининг энг асосий илдизи ҳаққониятдан иборатдур», – демишлар.
Ҳақшунослик ўлмоқ шарофатдур жаҳонда
                           одама,
Ҳақни изҳор айламак бирла кўрук вер
                           олама.
Ярашур инсона сидқу тўғрилик гар кўрса
                           гириҳ,
Тўғрининг ёрдамчисидур Ҳақ таоло ғам
                                 ема.
Тўғриларнинг маскани фирдавс
                          айвонидадур,
Эгрилар икки жаҳонда ғам-алам
                          конидадур.