НАСАФЛИК ОЛИМНИНГ САМАРҚАНДДАГИ ИЖОДИ

Ўрта аср илмларининг турли соҳаларида ижод қилган мутафаккирлардан бири Нажмиддин Абу Ҳавс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон ан-Насафий ас-Самарқандийдир. У асли Насафлик бўлиб, унинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Ан-Насафий ўз ёшлигини туғилган жойида ўтказиб, ХII асрнинг бошларида Самарқандга йўл олади ва умрининг охиригача Самарқандда ижод билан шуғулланади. У тарих, фиқҳ, тасаввуф ва тилшунослик бўйича 100 дан ортиқ асарлар ёзди, лекин бизгача унинг 10 дан ортиғи етиб келган, холос. Насафийнинг мусулмон қонуншунослигига оид Ақоид ан-Насафий (Ислом) ақидаларига ан-Насафий шарҳи), шариат йўл-йўриқлари ва Қуръони Карим шарҳига бағишланган Ал-Явоқит фил-мавоқит (Қулай вақтлар хусусида ёқутлар), тасаввуф хусусида Рисолайи Нажмия, 3 китобдан иборат Тайсир фит-тафсир (Тафсир этишдаги қулайликлар) каби асарлари шулар жумласидандир. Аммо бу китоблар ҳозирги кунгача етарли тадқиқ этилмаган. 
Фиқҳ илми бўйича Насафий ўзидан сўнг Ҳанафий фиқҳига оид бой илмий мерос қолдирди. Манбаларда унинг бу соҳада яратган 8 та асарининг номи келтирилади. Бундай асарлардан Ал-Муаффа фик шарн ал-мануҳмат ан-Насафий китоби алоҳида ўрин эгаллайди. Бу асар 2669 та байт, 10 та бобдан иборат ва асарда фиқҳий масалалар бўйича олимларнинг ихтилофли қарашлари байт ва қасидалар орқали очиб берилган. Ушбу асар 1110 ва 1699-йилларда кўчирилган бўлиб, ҳозирда асарнинг нусхалари ЎзФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда. 
Насафийнинг ҳаёти давомида ёзган асарларининг энг машҳури, ўзининг шоҳ асари-Китоб ал-қанд фи маърифат уламо Самарқанд (Самарқанд олимларини таниш бўйича қанд китоб). Бу асар УIII-ХII асрлардаги Самарқанд маънавий муҳити, жумладан, ҳадис илми тараққиётини ўзида акс эттирган муҳим ва қимматбаҳо манбадир. Асар ХХ аср бошларига қадар йўқолган деб ҳисобланар эди. Асарнинг топилиши эса Самарқанд ҳадис илми тарихини ёритишда жуда катта аҳамият касб этди. Китобда юртимизнинг исломгача бўлган даври, Самарқанднинг машҳур ёдгорликлари ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Асарни шартли равишда 2 қисмга бўлиш мумкин: 1.ёзма манбалардан кўчирилган таржимаи ҳоллар; 2.ХI-ХII асрларда яшаган Самарқанд билан боғлиқ муҳаддислар ҳақида маълумотлар. Насафий бу асарида бизгача етиб келмаган манбалар ҳақида маълумотлар келтирган ва бу тарих учун жуда қимматли ҳисобланади. Масалан, Абу Саид Абдан-Раҳмон ибн Муҳаммад ал-Идрисийнинг Китоб ал-жамол фи-маърифат ар-рижол мин уламо Самарқанд (Самарқанд  уламоларидан ҳадис кишиларини билиш бўйича мукаммал китоб), Жафар ибн Муҳаммад ал-Мустағ фирийнинг асарларидан парчалар келтирилган. Асарда уламоларнинг исмлари ўзига хос тарзда алифбо тартибида жойлаштирилиб, ҳар бир уламо ҳақида маълумот келтирилган. Лекин бир хил бошланувчи исмлар ислом тарихида эгаллаган мавқейи, яшаган даврига кўра тартибга солинган. Асарнинг бир қисми 1906-йилда рус тилида, бошқа қисми Теҳронда форс тилига таржима қилинади. 1950-йилларда бу асарнинг қўлёзмаси бўйича Х.Риттер ва А.З.Тофон изланишлар олиб боришган. Асарни биринчи бор Фуад Сезгин тадқиқ этган. Ўзбекистонлик тадқиқотчилардан У.З.Муҳаммедов Китоб ал-қанд асарини минтақамиздаги илк ислом даврига оид тарихий манба сифатида ўрганди. 2001-йилда асар Усмонхон Темурхон ўғли ва Бахтиёр Набихон ўғли томонидан ўзбек тилига қисқартирилган ҳолда таржима қилиниб, нашр этилди. Лекин бу таржимада бир неча камчиликлар ҳам учрайди. 2003-йилда эса асар бўйича Дурбек Раҳимжонов номзодлик десертациясини ёқлаган.
Асарнинг форсча таҳрири қўлёзма нусхалари Санкт-Петербург, Душанбе, Тошкент шаҳарларида, Ҳиндистон, Германия, Саудия Арабистони кутубхоналарида сақланиб келинмоқда. Асар нусхалари келажакда унинг ёрқин ижодининг турли йўналишларини ўрганишга етарли асос бўлиб хизмат қила олади. 
Хулоса қилиб айтганда, Насафий ўз даврининг таниқли олими бўлиб, турли илм соҳаларида фаолият юритди. У қолдирган маънавий мерос асрлар оша Ўрта Осиё халқлари маънавиятини кўтаришга хизмат қилди. Ҳозирги кунда ҳам бу хазина ўз қадр-қимматини йўқотмади, балки халқлар, жумладан, ёшлар орасида илм-маърифат нурларини сочиб, тарих тилсимларини очиб бормоқда. 
 Сарвиноз ИСОМИДДИНОВА,
Тошкент давлат Шарқшунослик институти тарих-фалсафа факультети 1-курс талабаси.