ЎЗБЕКЛАРДАН ЧИҚҚАН МАРШАЛ

Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли (Алихон Соғуний)га 1945 йилда Шарқий Туркистон ҳукумати қарорига биноан маршал унвони берилган. Бироқ, бу унвоннинг иккинчи жаҳон урушига алоқаси йўқ эди...
Тошкентда 1996 йилда чоп этилган “Ватан туйғуси” китобида Алихон Coғуний ҳақида айрим маьлумотлар берилган. Қайд этилишича, Алихонтўра 1885 йилда Туркистоннинг Болосоғун шаҳрида, ўзбек оиласида дунёга келган. Адабий тахаллуси Соғуний бўлиб, туғилган шаҳрига ишорадир. Худуди ўзгарган бу шаҳар ҳозир Тўкмоқ деб аталиб, Қирғизистондадир. Алихонтўранинг келиб чиқиши Тошкентнинг машҳур хўжаларига келиб тақалади.
Алихонтўра акаси Олимхонтўра билан Мадинаи Мунавварада таҳсил олади. Анъанавий диний фанлар билан бир қаторда математика, фалакиёт, табиатшунослик, тиббиёт, доришунослик, ҳарбий иш соҳаларида ҳам чуқур билим эгаллайди. Туркий тиллардан ташқари араб, форс тилларини ўрганади ва шу тилларда ижод ҳам қилади. Ҳатто, шу тилларда шеърлар ёзган. “Девони Соғуний” номли тўплам яратган.
Coғуний дунё кўрган, дунёвий билимларни эгаллаган, қатор илғор халқлар, мамлакатлар ҳаёти билан танишган сиёсатчи сифатида мустамлака асоратига тушиб қолган ўз Ватани - Туркистон тақдири учун қайғуради. Бутун Туркистонда Чор ҳукуматига қарши 1916 йилда бошланиб кетган халқ қўзғолонларида фаол раҳбар сифатида қатнашади. Қўзғолонлар шафқатсизларча бостирилгач, Шарқий Туркистонга муҳожир бўлиб кетишга мажбур бўлади.
Октябр тўнтаришидан сўнг Лениннинг “барча халқларга эрк берилади” деган ваъдаларига ишониб Ватанига қайтиб келади. Ниятлари саробга айлангач, яна изига қайтади. Ерли миллатлар - уйғур, қозоқ, қирғиз, татар ва дунганлар ўртасида раҳбар сифатида обрў қозонади. У раҳбарлик қилган “Озодлик жамияти” қуролли қўзғолони ғалаба қилади. 1944 йилнинг 12 ноябрида Шарқий Туркистон (Хитойнинг Уйғуристон ҳудуди) Жумҳурияти тузилганлиги эълон қилинади. 12 вазирликдан иборат муваққат инқилобий ҳукумат раислигига Алихонтўра якдиллик билан сайланади. Халқ ўртасида “Маршал ота” номи билан машҳур бўлиб кетади. 
Шарқий Туркистон Жумҳуриятининг пайдо бўлиши ғарбдa - Сталин ҳукуматига, Шарқда - Чан Кайши ҳукуматига маъқул келмайди. Бутун Туркистон халқлари озодлик талаб қилиб қолишидан вaҳимагa тушган шўролар ҳукумати чекистлари 1947 йилда Алихонтўрани найранг билан ғўлжа шаҳридан олиб чиқишади. Масаланинг моҳиятини англаб етган ўзбеклар Алихонтўрани ўлим чангалидан олиб қолишга бир амаллаб эришади. У икки йил давомида Тошкент чеккасида хонабанд ҳолда яшайди. Шундан кейинги ҳаёти давомида ҳар қандай сиёсий ишларга яқин йўлатилмайди. Бироқ 30 йил давомида ижодий ва ижтимоий фаолиятини собитқадамлик билан давом эттиради.
Алихонтўра 1976 йилда, 91 ёшида вафот этади. Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин бобо қабристонига қўйилади. Васиятлари шундай бўлган экан.
Биз Маршал отамизни кўрган-билганлар бормикин деган ниятда жойлардан сўраб-сўриштирдик. Буни қарангки, вилоятимизда ҳам ул табаррук инсонни кўрган, суҳбатида бўлган, сабоғини олганлар ҳам топилди. Улардан бири Ўзбекистон халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгашининг раиси, жонкуяр мураббий Мажидхон Усмонов бўлиб чиқди. Домладан Маршал отанинг зоҳирий ва ботиний фазилатлари ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилдик.
- Ўшанда ўн олти ёшда эдим, отам Тўрахонтўра мени эргаштириб Тошкентга, Назарбек деган жойга олиб бордилар. У ерда Алихонтўранинг боғлари бўлиб, учрашувимиз ана шу мунаввар жойда бўлиб ўтди, - дея эслайди домла. - 1973 йилги бу суҳбат чоғида икки дўст 33 йил муқаддам Оқдарё туманида, бизларнинг уйимизда бўлиб ўтган дийдорлашувларини ҳам ҳаяжон билан эслашдилар. Бир гypvҳ тўқмоқлик қорилар билан боришганларини, отда сайр қилишганларини, юрт сарҳадлари гўзаллигидан завқланишганларини завқу шавқ билан хотирлашдилар.
Маршал ота менда унутилмас хотиралар қолдирган. У киши ўрта бўйли, қизил мағиз юзларидан нур ёғилиб турарди. Юришлари вазмин, ҳар бир қадами қатъий ишонч билан ташлангандек туюларди. Атрофдагиларни ғоят ҳурмат қилар, улардан кўпроқ нарса эшитишга интиларди. Айниқса ёшларга эътибор ва умид билан қарарди. Менга Қуръондан тиловат қилдириб “қироатингиз яхши, ўз устингизда кўпроқ ишлашингиз керак. Ислом шундай маънавиятки, уни қанча ўзлаштирсангиз тафаккурингиз шунча ёришади” деган эдилар. Гапирганларида, бирор фикрга хулоса ясаганларида тингловчиларда эътироз туғилмас эди. Аксинча зўр қониқиш ҳосил қилардилар. Суҳбатлар давомида шуни ҳам англаб етдимки, Маршал ота она- Ватанимиз, халқимиз тақдири ҳақида кўп қайғурардилар. Шўролар ҳукуматининг умри қисқариб қолганлигини, ҳуррият қуёши отажагини ички бир дард билан ифода этганлари ёдимда. Хуллас, Алихонтўра Соғуний мен билан таниқли кишилар орасида ўзига хос ишончга эга бўлган муборак инсон эдилар. У киши билан суҳбатда бўлиб, ўгитларини олганлигимни Оллоҳнинг менга қилган инояти деб биламан.
Дарқақиқат, Алихон Соғуний ҳаёти ва фаолияти халқимизга тўлиқ етказилмаган муносиб аждодларимиздан биридир. Бундай шарафли вазифани адо этиш тарихчиларимиз, адибларимиз олдида турибди, албатта. 
Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
журналист.