ҲИНДИСТОН БЎЙЛАБ ЎН КУН

Муштарийларимизга маълумки, газетамиз саҳифаларида хориж мамлакатларининг янгиликлари, ижтимоий-маънавий тараққиёти, адабиёт ва санъат намоёндалари тўғрисида мунтазам равишда маълумотлар, хабарлар бериб бормоқдамиз. Кейинги йилларда мамлакатимизда жадал ривожланиб бораётган туризм соҳаси, ватанимизга сайёҳларнинг қизиқишлари, ташрифлари жадал ҳаракат топмоқда. Табиийки, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” давлат дастурининг амалга оширилиши борасида ватандошларимиз фаол қатнашмоқдалар ва нафақат ўз диёримизга, ўзга мамлакатларга, жаҳоннинг энг машҳур туризм қадамжоларига бориш истаги туғилмоқдаки, бу жараён дунё халқларини жипслаштиради, маданий алоқаларини, дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди. Она Ватанимиз бағрида, ёхуд жаҳон бўйлаб саёҳат қилиб қайтган оқдарёлик юртдошларимизнинг сафар таассуротларини газетамиз орқали баҳам кўриш анъанамизга айланиб қолган. Шунингдек, яқинда Ҳиндистон сафарида бўлган юртдошимиз, шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ойгул Маматова билан суҳбат қилиб, барчамиз учун қизиқарли бўлган ҳинд ўлкаси тўғрисида ўз таассуротларини муштарийларимизга етказишни мақсад қилдик.
- Ойгул, ҳар бир киши сафарга отланар экан, ўз олдига маълум мақсад ва режалар қўяди. Сизнинг бу ташрифингизга сабаб бўлган воқеликлар ҳақида эшитсак. Ҳинд сари сафарни қандай мақсадлар билан режалаштирган эдингиз?
-    Албатта, режамда бор эди. Айниқса, Ҳиндистоннинг фахри “Тож-Маҳал”ни кўришни ким орзу қилмайди дейсиз. Бу истагимнинг амалга ошишига асос бўлган энг муҳим сабаб Ҳиндистонда чоп этилган “Олтин кўприк” номли шеърлар тўпламимизнинг тақдимотига ўзбекистонлик бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларнинг таклиф этилганлигидир. Чандигар шаҳрида жойлашган “Қитъалараро маданият ва санъат ассоциацияси” ташаббуси билан чоп этилган ушбу баёзда менинг ҳам ҳинд ва инглиз тилларига таржима қилинган шеърларим берилган.
- Демак, Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган ижодий сафар. Тақдимот ҳақидаги ижодий таассуротларингиз қандай бўлди?
- Тақдимот жуда ажойиб ўтди. Ҳинд халқининг севимли шоираси, ассоциация раиси Манжид Индира бошлиқ бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар бизни кутиб олишди. Ўзбекистонлик қирқ икки нафар ижодкорларнинг шеърлари киритилган ушбу тўпламнинг нашр этилишида устоз ёзувчимиз Муҳаммад Али ҳамда ҳиндистонлик шоира Шаменаз Баҳо муҳаррирлиқ қилганлар. Бухоро, Қашқадарё, Тошкент ва жиззахлик ижодкорлар, Самарқанддан Каттақўрғонлик шоира Эркатош Шукуровалар билан ҳамроҳ бўлдик. Тақдимот давомида ҳиндча, ўзбекча қўшиқлар янгради. Шеър ва қўшиқ янграган жойда таржимонга ҳожат қолмайди. Деҳли университетида таҳсил олган қашқадарёлик ижодкор, таржимон йигит Асрор Аллаёр ижодий сафаримиз раҳбари бўлди. 
- Янги китоб, янги ютуқ билан табриклаймиз. Энди сайёҳ сифатида сизга берадиган анъанавий саволимиз: Ўзбекистон – Ҳиндистон давлатларини тилга олганимизда беихтиёр ҳазрат бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ёдга оламиз. Ҳиндистондачи...
- Ҳиндистонда ҳам бобомиз Бобур Мирзога бўлган ҳурмат-эҳтиромни кўриб фахрландим. “Ўзбекистондан, Самарқандданмиз” деган жавобимизни “Ҳа, Бобур... Бобурнинг юртидан!” деб тасдиқлайдилар, гўёки, Ўзбекистон, Самарқанд, Бобур сўзлари бир хил мазмунга эгадек. Бобур ва бобурийлар қолдирган мерос, меъморий обидалар ҳамон Ҳиндистоннинг дунё тамаддунидаги тарихий салоҳиятини жаҳонга кўз-кўз этиб турибди. Деҳлидаги “Ҳумоюн” мақбараси, “Қизил қалъа” “Кўҳна қалъа” Агра шаҳридаги “Тож-Маҳал”, унинг бағридаги Шоҳжаҳон даҳмаси, “Акбаршоҳ” мақбаралари, шоира Зебунисобегимнинг қабрларига нигоҳим тушар экан, қалбимда миллий ғурур, алланечук дард-алам исён қилди, кўзларимга беихтиёр ёш келди. Яна ўша армон – агар Бобур мирзо Самарқандни ноилож тарк этмаганларида эди, меҳр-муҳаббат ва садоқат тимсоли “Тож-Маҳал” албатта Самарқандда, ё  Андижонда қурилган бўлур эди. Энг ҳайратланадиган ўхшашлик шундаки, бобурийлар бунёд этган қасрлар, мақбараларнинг меъморчилик услублари, айнан, Самарқанд меморчилик услубларининг такроридир. Об-ҳавосини айтмайсизми, 33-35 даража иссиқлик, аммо обидалар жойлашган жойда худди Амир Темур мақбарасидаги, Регистон ва Бибихоним, Улуғбек мадрасалари, расадхоналаридаги каби салқин ҳаво, эпкин шабада сизга ором бағишлайди. “Боболарим яшамоқчун жой танлашни билганлар” деб роҳатландим ўзимча. Самарқанд, Бухоро, Хоразм меъморий ёдгорликларининг хусусияти ранг-баранг, жилвакор нақшлар билан безатилганлигидир. Ҳиндистондаги бобурийлар бунёд этган меъморчилик биноларида эса оқ ва қизил рангларнинг мутаносиблиги, оқ ва қизил мармарлардан қад кўтарган қасрлар, қизил мармар тўшалган ҳовли, майдонлар ҳар куни ташриф буюраётган миллионлаб сайёҳларни бағрига олмоқда. Қалъа боғларидаги олмахонлар, Акбаршоҳ мақбараси боғида саллониб юрган оҳулар кўз ўнгимдан кетмайди. Ушбу мақбара қурилишидаги бир сир биз учун сирлигича қолди. Чунки, рус тилида ажабтовур гапира оладиган ҳинд йигити бизни қалъанинг атрофини ўраб олган айвон устунларига эътиборимизни қаратди. Айвоннинг ҳар бурчагига бизни биттадан терди, кафтимизни деворга қўйиб, секин шивирлаб гапиришни буюрди. Ажабо, орамиз ўн-ўн беш метр бўлса ҳам нариги бурчакда турган кишимиз деворга қулоғини қўйиб мен шивирлаб, секин айтган сўзимни худди телефонда эшитгандек аниқ эшитди ва мен ҳам унинг сўзларини аниқ эшитдим. Гитнинг айтишича қаср соғчилари бир-бирларига ана шундай, девор орқали хабар юборар эканлар. Девор қандай қилиб овоз етказади, бу ҳамон жумбоқми, ёки ечилганми, билолмадик. 
- Бобуршоҳ хаста ўғли Ҳумоюннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Оллоҳ олдида ўз жонидан кечишга тайёр эканлигини билдиради. Бу воқеани устоз ёзувчимиз Пиримқул Қодиров “Юлдузли тунлар” асарида моҳирона тасвирлаган. Сиз кўрган саройларда Ҳумоюннинг ўрни қандай?
- Ҳумоюн хотираси билан боғлиқ икки жой, бири Ҳумоюн мақбараси, бири Кўҳна қалъа, Бобур Мирзо Ҳиндистонни эгаллагандан сўнг илк бор қўним топган жой, қизил мармардан ясалган қалъа. Ушбу Кўҳна қалъанинг ичида Бобуршоҳ асос солган бир неча мадрасалар, кутубхона, ҳаммом, Ҳиндистонда биринчи бунёд этилган обсерватория мавжуд. Бобур шоҳ 1530 йилда вафот этган, китоблари қалъа ичидаги икки қаватли, саккиз бурчакли кутубхонада сақланган. Ҳумоюн шоҳ 1556 йил 24 январ куни ушбу бинонинг иккинчи қаватидаги обсерваторияда тонг чоғи юлдузларни кузатиб, бомдод номозини ўқиш учун пастга тушаётган чоғида иккинчи қават зинасидан йиқилади ва жароҳат олиб, икки кундан сўнг вафот этади. Ҳозир бу кутубхонага кириш таъқиқланган. Сайёҳлар Ҳумоюн йиқилган жой - кутубхонани алоҳида келиб кўришади. Ҳумоюн вафотидан кейин унинг хотини алоҳида мақбара қурдиради ва ҳозирги сайёҳлар, зиёратчилар билан гавжум қаср - Ҳумоюн мақбараси бунёд этилади. 
Аградан Деҳли шаҳрига қайтар эканмиз, Жунгли ўрмонзорларидаги тўда-тўда маймунларни томоша қилдик, улар йўловчилардан қочмас экан, аксинча, йўл четидаги деворлар устида ўтириб олиб ҳадя сўрашади, сахий йўловчилар уларга турли хил ноз-неъматлар совға қилишади. Маймунларни шаҳар ичидаги кўчаларда ҳам учратиш мумкин. Қизиқ воқеа: Эркатош Шукурованинг қўлидаги музқаймоғини бир она маймун олиб қочди, қўлтиғида муштдаккина болачаси ҳам бор эди, дейди шоирамиз.
- Бобурийлар сулоласидан кейинги яратилган тарихий обидаларнинг қайси бири сизга ёқди?
- Ўн кунлик сафарнинг икки куни китобимиз тақдимоти билан ўтди, қолган саноқли кунларда эса, кўпгина туризм масканларини кўриб чиқишнинг имкони йўқ. Чунки тарихий обидалар, қадамжолар билан бир қаторда ҳашаматли қурилган чиройли меъморчилик, ҳайкалтарошлик услубларига эга масжидларни кўп учратдик. Ислом динига мансуб масжидларда худди ўз юртимиздаги каби азон товушлари янграб турибди. Тож-Маҳалнинг ёнидаги ислом масжидида ҳам номоз ўқишлари учун барча имкониятлар яратилган. Менга ҳинд халқининг миллий кийимларига, динига, миллий урф-одатларига бўлган эътиқодлари жуда ёқди. Оилавий бўлиб зиёрат қилаётган минглаб ҳинд халқини ҳар қадамда, ҳар бир зиёратгоҳда учратишингиз мумкин. Сайёҳларнинг камида тўқсон фоизини ҳинд халқининг ўз зиёратчилари ташкил этади. Масалан, “Акшардам” зиёратгоҳи бугунги Деҳлининг фахри. Ҳар куни икки-уч миллионга яқин сайёҳлар, маҳаллий халқ вакиллари ушбу қадамжони зиёрат қиладилар. Ҳайкалтарошликнинг жамики бойлигини, чиройини ўзида мужассам этган обида менда ажойиб таассурот қолдирди. Бино ичидаги дарё ва иккала соҳилда жойлашган Ҳиндистон тарихининг кўргазмасини қайиқларга ўтириб томоша қилар экансиз, бу манзарани кашф этган ихтирочининг маҳоратига тасаннолар айтасиз. Кўз ўнгингизда ибтидоий жамоа, тош асридан бошлаб, токи бугунги кунга қадар бўлган тараққиёт жараёни, оддий тош қуролидан бошлаб, атом асригача ҳамда тиббий юксалиш, маориф, маданият, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларнинг ривожланиш даврлари акс эттирилган табиат ва ясама одамларнинг, худди ҳақиқий жонли одамлардек гапириши, табиат ҳодисаларининг кўрсатилиши, худди театр саҳнасидагидек кўз ўнгингизда намойиш этилади. Ҳар куни кечқурун Акшардам биноси ҳовлисидаги амфитеатрда минглаб томошабинлар нигоҳида фонтанлар жилосида тредей усулида ажойиб кўнгилочар нуртасвир кўринишлар намойиш этилади. Бу зиёратгоҳнинг чиройини тасвирлашга тил ожиз, шунинг учун ҳам обида ичкарисига бирорта телефон ёки камерали кишиларни киритишмайди, гўёки, унинг чиройи сир сақланаётгандек.
- Ҳар қандай сайёҳ саёҳатга борган жойида албатта ўша юртнинг бозорига тушади ва нарх-наволарини таққослайди. Ҳиндларнинг миллий таомлари ҳақида жуда кўп мақтовлар эшитганмиз. Бу борада фикрларингиз қандай бўлди?
- Қайси юртнинг маданияти ва иқтисодини ўрганмоқчи бўлсангиз, унинг бозорини кўринг, деган нақл бор. Ҳиндистоннинг бозорлари ниҳоятда бой ва гавжум. Энг муҳими, ҳиндистонликлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотиш, кийиш ва тановвул қилишга ҳаракат қилишар экан. Бозорларида мўл-кўлчилик, йил бўйи мева-чевалар бисёр, ҳозирги кунда ҳам бозорда тарвуз, ҳандалак, узум, анор, цитрус мевалари, манго, папайя, кокос, ананас ва ҳакозо. Нарх-навога келсак, ўзимизнинг сўмга таққослаганда, помидори 4 минг, бодринг 3 минг, банан 5 минг. Хуллас бизнинг бозорларга нисбатан арзончилик. Миллий таомларидан “бирями” барчамизга манзур бўлди. Ошхонада аёлларнинг эрлари учун таом тайёрлашлари муҳим эътибор талаб қилинар экан. Таомни меҳр билан тайёрлашлари, жуда кўп витаминли зираворлар, кўкатлар, мевалардан фойдаланишлари таҳсинга сазовор. Нонлари ҳам ўзига хос, чапати (қотирма) гуруч ва буғдой унидан тайёрланган нонлар. Бозорда фақат бир воқеага ажабландик, у ҳам бўлса, баъзан сигирларнинг бозор оралаб юриши. Қорамол азиз саналгани учун уларга ҳеч ким ҳалақит бермас экан. Бу одатни таъқиқловчи қонун-қоидалар қабул қилинган бўлса-да, ҳамон давом этмоқда, деди таржимонимиз. Яна бир диққатга сазовор воқелик шуки, ҳаво иссиқ бўлганлиги сабабли ичимлик жуда кўп тановвул этилади. Улар пепси, кола, фанта каби сунъий ичимликларни деярли истеъмол қилишмас экан. Бозор расталари, йўл чеккаларидаги дўконларда тўкин-сочин мевалардан истаганингизни аппаратда сиқиб, шарбатини қўлингизга тутадилар.
Шунинг учун ҳам фуқаролари соғлом, табиблари эса, бизнинг беморларимизни даволашмоқда, деган фикр кўнглимдан ўтди. Бу фикримни бизни кузатишга келган табиблар ҳам тасдиқладилар. Уйга келганимдан сўнг, телевидениедаги барча каналларда “Тизер ичдим, Спарк ютдим”, деган рекламалар ёқмай қолди. Гўё таркибида кимё моддалари мавжуд сунъий ичимликларни қасддан тарғиб этишаётгандек туюлди. Бизда катталардан бошлаб гўдакларимизгача, тўй-маъракаларда ҳам сунъий ичимликка рўжу қўйганмиз. 
- Ўзингизнинг ишлаб турган вазифангизга оид масалалар, яъни ижтимоий ҳаёт, оила институти, маҳалла тизими ўрнидаги бошқарув органларига, муаммоларига ҳам қизиқдингизми? Масалан, оилавий жанжал, ажримлар, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, нафақа пули, моддий ёрдам кабилар.
-    Албатта, инсон аввало ўзининг қалбидаги, ҳаётидаги муаммоларни ўрганиши, таққослаши ва ечимини топишга ҳаракат қилиши табиийдир. Мен ҳам у юртдаги оилалар, эр-хотин муносабатлари, никоҳ масалаларига қизиқдим. Эр-хотинлик мақоми ҳукумат доирасидаги никоҳ бюросида расмийлаштирилади. Ажримлар ҳақида эса, катта муаммо сифатида бонг уриш шарт эмас, чунки бундай ҳол камдан-кам учрайдиган факт экан. Оиланинг мустаҳкамлиги асосан аёлларнинг зиммасида бўлиб, эрга теккач токи умрининг охиригача бирга яшаш уларнинг миллий урф-одатлари, эътиқодига айланган. Эр-хотин бола тарбияси, оилани тебратиш билан машғул. Агар улар орасида келишмовчилик содир бўлса, бу муаммони фақат шу оиланинг катта ёшдаги аъзолари, ота-оналар, буви-бувалар, қариндошлар томонидан ҳал этилади, бегоналар аралашмайди. Биздаги каби маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, қолаверса ички ишлар, суд прокуратурага бериб, муҳокама қилиш учун ариза беришганини  эшитмадим. Атайлаб, таржимон билан биргаликда бир неча аёлларга учрашиб савол бердик: “Мабодо эрингиз билан жанжаллашиб қолсангиз кимга мурожаат қиласиз?”, деб сўрадик. Улар эса: “Кимга айтишимиз керак?”, дея ажабландилар. Бизда эса, оилавий жанжалларни ҳал қилиш, яраштириш маҳалла ёки хотин-қизлар ташкилотининг вазифасига айланиб қолган. Келин-куёв бир четда қолиб, қайнота, қайноналарнинг ўзлари бир-бирлари билан уришиб кетадилар. Баъзи пайтларда оила аъзолари бурч ҳамда вазифаларини унутиб, маҳаллага, хотин-қизлар қўмитасига суяниб қолдими, дейман. Шунинг учун ҳам оилаларимизда сир қолмасдан, шарм-ҳаё кўтарилиб, меҳр-оқибат, ор-номус камайиб бормоқда. Баъзан, маҳалла, қўмита бўлмаса-чи, унда булар кимга мурожаат қиларди, балки ўзаро келишиб кетармиди деб ўйлайман. Моддий ёрдам масаласига келсак, ҳиндистонликлар бозор иқтисодиётига мослашиб, кўникиб кетишган. Ҳаммаси оилавий ҳаётини яхшилаш, тирикчилик юритиш, меҳнат қилиб, фарзандларини тарбиялаш билан банд. Бекорчи одам йўқ, боғимандалик деган сўзни ишлатмайдилар. Ҳукуматдан моддий ёрдам сўраш, нафақа талаб қилиш, бу тўғрида шикоят қилишлар мутлақо хаёлларига келмайдиган иш. Аксарият аҳолисининг уйи йўқ, аммо, ҳеч кимга даво қилмайдилар, чунки бозор иқтисодиётининг шиори ақлга яраша пул топиш, пулига яраша яшаш. Хуллас, ҳиндистонликлар ҳаётида шукроналик, сабр-қаноат ҳамда бахтиёрликни кўрдим.
-    Оммавий ахборот воситалари, газета ва гезетхонлик қандай?
-    Газеталарнинг нархи жуда арзон, аҳолиси оммавий равишда газета ўқишади, десам муболаға бўлмас, чунки қайси транспортга чиқсангиз, йўловчилар ўқиши учун ҳам газеталар қўйишган, ҳатто йўл четида ўтирган гадонинг қўлида ҳам газета борлигини кўриб, суратга тушириб олдик, демак газеталар ҳаётий ҳамда ўқимишли, деган хулосага келдик.
-    Энди энг сўнгги саволимиз, ўзингизнинг севган мавзуингиз - “Тоҳир ва Зуҳра” достони ва миллий қаҳрамонларимизнинг номларини абадийлаштириш учун олиб бораётган ҳаракатларингизни, “Менинг Тож-Ма-ҳалим” китобингизни мезбонлар қандай қабул қилишди. Достон ҳақида билишадими?
-    Илмий манбаларда кўрсатилганидек, “Тоҳир ва Зуҳра” достонини ҳиндистонликлар яхши билишади ва бунинг гувоҳи ҳам бўлдик. Тоҳир исмли йигитлар, Зуҳра исмли қизлар бор. Лойиҳамизни эшитган кишилар, тақдимотдаги ижодкорлар ишимизга муваффақият тиладилар ва албатта келиб зиёрат қилишларини билдирдилар. Ҳиндистон – гуркираган маданият ва санъат ватани, одамлари очиқ кўнгил, меҳмондўст. Саволларингизга тўлиқ жавоб беролмаган бўлсам, узр, аммо, хотирамда олам-олам таассуротлар жой олди ва бу хотиротлар шеърий сатрларга кўчишига аминман.
-    Суҳбатингиз учун ташаккур, ҳаётингизда янада кўплаб ижодий сафарлар насиб этсин, ижодингизга муваффақиятлар тилаймиз.
Суҳбатни Йўлчи Муҳаммадиев 
ёзиб олди.