ХОТИРА МУҚАДДАС, ҚАДР АЗИЗДИР

Ўзбек халқи азал-азалдан тинчликсевар халқ. 9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам тинчликнинг юксак қадри ва доим уни сақлашдек эзгу мақсад ётибди.
Иккинчи жаҳон урушида республикамиздан жами 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этиб, шулардан 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтишган, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлган. Орамизда кундан кунга сафи камайиб кетаётган бўлса-да, ҳамон қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш эзгу мақсадимиз, қолаверса шу тинч юрт учун улар олдида бажаришимиз керак бўлган бурчимиздир.
Юртимиз мустақил бўлгач, илк даврларданоқ, тинчлик, осойишталик, фаровон ва осуда ҳаёт тарафдори сифатида майдонга чиқди. Шу асосларга кўра, биз 9 майни ҳам умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва қадрлаш куни сифатида ҳам нишонлаймиз. Мустақил давлатнинг байрамлари ҳам халқ табиати ва анъаналарига мос бўлиши ҳам керак, чунки бунда ҳар бир миллат ўз тарихидан келиб чиқади, бугунини ва келажагини кўзда тутади.
Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ҳар бир халқ уни Ўзича эслайди, қурбонларини ўзича хотирлайди, жангдан омон қайтган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ва бугун сафимизда юрган фахрийларни ҳам ўзича қадрлайди. Халқ хотираси деганда кўз ўнгимиздан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар бир-бир ўтади. Хотира ва қадрлаш куни чинакам умумхалқ байрамига айланди. Шу куни юртимизнинг барча қабристонларидан зиёратчилар аримайди.
Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар эсланади, барча Ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.
Истиқлол йилларида 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. Уруш қурбонларининг номлари пойтахтимиз-даги Хотира майдонига ўрнатилган темир дафтарга зарҳал ҳарф-лар билан битиб қўйилди. Бу ерга зиёратга келган ҳар бир ватандошимиз, албатта, ўз жигари, ҳеч бўлмаганда, бирор танишининг номига дуч келади. Ўтганлар руҳига тиловат-у  дуолар қилиб, юзига фотиҳа тортади. Инсон бор экан, хотира – абадий. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, Ғалабага муносиб ҳисса қўшган инсонларни хотирасидан чиқармайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни Ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида алоҳида таъкидланганидек: “Хотира – кечаги Ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик баҚишлайди”.
Республикамизда йиллар давомида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кўплаб хайрли ишлар қилиш, Ўтганларни хотирлаш, қолганларни йўқлаш, асраб-авайлаш, эъзозлаш анъана тусига кириб борди. Жумладан, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг уйларини таъмирлаш, ободонлаштириш, Ўз уй-жойига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Республиканинг турли минтақаларида истиқомат қилувчи 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб Ўтадиган маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойла-шиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда зарур ҳолларда кийим-кечак билан таъминланиши ҳам кўзда тутилган.
Уруш йилларида туманимиздан ҳам кўплаб инсонлар, ёш-ёш йигитлар, юрагини Ўт ёндирган қиличдек ҳамюртларимиз фронтга кетишган. Улардан қанчаси жанг майдонларида ҳалок бўлишди, яна қанчаси ногирон бўлиб, кам сонлиларигина соғ-омон юртга қайтишган. Байрам арафасида туман марказидаги Мотамсаро она ҳайкали жойлашган майдонда барча туман ташкилотларининг вакиллари, туман ҳокими ва ҳокимият вакиллари, уруш вақтида фронт ортида хизмат қилган фахрийлар, Афғон уруши қатнашчилари, нуронийлар ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирокида Хотира ва қадрлаш куни нишонланди. Унда туман  ҳокими Ф.Абилов барчани байрам билан табриклади ва шу тинч-осуда кунларга етишимиз учун Ўз жонини қурбон қилган фидойи ватандошларимизни хотирлади. Туман ҳокими Ф. Абилов ва бошқа вакиллар “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи уруш фахрийси, бугунги кунда  ҳам сафимизда бўлган 93 ёшли Муртазо бобо Эшпўлатовни байрам билан қутлаш учун у кишининг хонадонига ташриф буюриб, отахонни байрам билан қутладилар. Давлатимиз томонидан тақдим этилган 7,5 миллион сўм пул мукофоти ва бошқа турли қимматбаҳо совғалар, туман ҳокимияти ва ташкилотлар томонидан берилган совға-саломлар топширилар экан, бобо барчага миннатдорчилик билдириб, уруш хотираларини яна бир бор ёдга олди. Бугунги дориломон кунлар учун Яратганга шукрона келтириб, дуолар қилди.
Аслида 9 майни муносиб нишонлашдан кўзланган бош мақсад – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг қадрига етиш, тинчликнинг қадрига етиш, тинч-осойишта яшаётганимиз, хотиржам меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборатдир. Зеро, бу ишлар барчани маънан рағбатлантиради, кишиларга яхшилик қилишга, тинчлик қадрига етишга, эл-у юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.
Ўз мухбиримиз.
Суратларда: тадбирлардан лавҳалар.