“ҲАР ТУНИНГ ҚАДР ЎЛУБОН, ҲАР КУНИНГ БЎЛСИН НАВРЎЗ”

Сайроқи қушлар чуғури, мўъжазгина ҳовлидаги ўрикнинг қийғос гули  янги кўклам тонги хабарини олиб келди. Қиши билан тамбаланган деразаларни очарканман, хонамга мусаффо ҳаво сизиб кириб, руҳиятимга ҳам ажиб бир тозалик сингигандай бўлади. Аслида ҳар бир  фасл – Яратганнинг инояти, табиат мўъжизаси. Бироқ баҳорга барибир, ўзгача бир соғинч, ўзгача туйғу билан билан интилаверамиз. 

Ана, аллақачон куртаклашга тайёрланаётган дарахтлар орасидан қуёш мўралайди. Ҳар куни Шарқдан Ғарбга қараб йўл олаётган йўловчига ўхшайди гўё, манзилига етиб, ортидан уфқни қонталаш қилиб, ўз ўрнини ойга бўшатиб беради. Кечагина ёй мисол таранг тортиб турган Ҳилол эса қоронғилик қаърини ёриб чиқиб, бугун Тўлин ой бўлиб, она замин бағрини ёритади. Шу тариқа ҳар иккисининг йўлу манзили ўзгаришсиз, лекин кун сайин, ой сайин, йиллар давомида ботинан  ўзларини ўзлари янгилаб боради. Йилда неча кун бўлса, бу ёруғлик манбаидан шунча тафт оламиз. 

Шу боисданми, инсон руҳиятида ҳам ҳамиша янгиланишга катта бир эҳтиёж яшайди. Қишда ҳам доимо фасллар келинчаги бўлмиш баҳорни, бодом гулини соғиниб яшайсан киши. Ҳар баҳор билан бирга кириб келадиган миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни ўзида мужассам этган Наврўз байрами бизга ана шу мангу маънавий вазифа-мизни - ўзимизни ўзимиз  янгилаб бориш саодатидан сабоқ беради гўё.

Кўклам келиши билан етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган  барча-ю барчанинг  кўнгли аввало баҳорнинг тансиқ таоми – сумалакни қўмсайди. Эсимни танибманки, Лойишнинг қоқ марказида жойлашган мўъжазгина маҳалламизда қўни-қўшнилар, яқин қариндошларимизни жамлаб онажоним ҳар йили канда қилмасдан каттакон дош-қозонларда сумалак пиширамиз. Бу йил баҳорда ўзининг саксон ёшини қарши олаётган онажоним пиширган сумалакнинг донғи, оғизларда қоладиган тоти етти маҳалла тугул етти нафар қизи узатилиб кетган бошқа қишлоқларга ҳам эзгулик, меҳр-оқибат ва шукроналик рамзи сифатида  етиб борар ва уни тотиб кўрган қалбларда мангу муҳрланиб қолар эди. 

Миллий байрамимиз – Наврўз шу маънода халқимизнинг тарихи, фалсафаси, ҳаёт тарзи, санъати ва маданияти, мифологик, диний ва дунёвий тафаккурини ўзида бирлаштирган қомусий айёмдир. Тарихий манбаларда Наврўзнинг ёши 4-4,5 минг йил дейилади. Бироқ, назаримда, бу байрам халқимиз тўрт фасл тугаллиги, қуёш, ой, юлдуз ҳаракати, фасллар алмашиши, табиатга ҳамо-ҳанг ҳар инсоннинг қалбида эврилишлар юз беришини билган, ўзини англашни бошлаган кундан пайдо бўлган бўлса ажаб эмас. Халқимизнинг кўнгил тубидаги бобомерос хотиралар ўзаги – қадриятлар, халқ оғзаки ижоди ва маросимларимиз бунга далилдир. 

Ўтган даврда орадан қанча сувлар оқиб ўтди, дин, тузум ва дунёқарашлар ўзгарди, қадриятлар эврилди. Бироқ Наврўз байрами халқимиз қалби ва ҳаётидан ўчмади. Халқимизнинг эзгу орзу-интилишларини ўзида мужассам этган улуғ айёмга айланди. 

Кун ва тун, баҳор ва қиш, эзгулик ва ёвузлик – оқ ва қора ранглар аждодларимизнинг ҳаёт ҳақидаги боқий тушунчаларидир. Наврўзни – янги умидларнинг куртак чиқариши, ниятларимиз покланиши, вужуд ва руҳнинг янги куч-ғайратга тўлишидир, саксондан ошиб юз билан юзлашаётган ва ундан ҳам ошган боболаримиз, момоларимизнинг  наинки ўзи ё оиласи, балки эл-юрти, инсоният учун тинчлик ва фаровонлик тилаб дуога очилган кафтларида кўрамиз. 

Биз Наврўзни одамларга улашилган энг арзон ва айни пайтда энг қиммат неъмат – бир оғиз ширин сўзда, нуронийларнинг яйраб суҳбат қуриб ўтиришида, кўмакка муҳтож бир одамнинг беғараз ёрдамдан кўнгли кўтарилиб айтган шукронасида кўрамиз. 

Турли низо ва адоватларни унутиб, бирлашган қўллар, бировнинг ҳаққидан ҳазар қиладиган, ўзига муносиб билганни бошқаларга ҳам раво кўрадиган қалблар, қизларимизнинг мусаффо туйғуларини осмонга элтаётган ҳалинчаклар, гўдаклар қалбидек мусаффо ирмоқлар, бепоён кенгликлар, кўм-кўк адирлар, ҳамма-ҳаммаси пок хаёлларимизнинг маҳсули бўлган янгиланиш фасли Наврўзи олам туфайлидир.

Ўлкамиздаги Наврўз ана шундай қутлуғ ва мўъжизакор айёмдир. Унинг таърифи самоларга, ташбеҳи наволарга тенг. Ҳазрати Алишер Навоий бобомиз айтганларидек: “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз”.

Гулсара ТИНИБЕКОВА.