МУҚАДДАС ОЙ ФАЗИЛАТЛАРИ

Бир неча йигитлар Рамазон ойида бир мўйсафид отахоннинг одамлар кўзидан пана жойда таом еяётганини кўриб қолиб, сўрашибди:
- Ие, отахон, сиз рўзадормасмидингиз?
Отахон:
- Нега? Албатта рўзадорман. Фақат сув ичиб, таом еяпман, холос.
Йигитлар қаҳ-қаҳ кулиб юборишибди:
- Ростданми отахон?
Отахон деди:                         
- Кимсага ёмон назар ташламайман. Бировни мазах қилмайман. Инсонларни ғийбат қилмайман. Ҳеч кимнинг кўнглига озор етказмайман. Одамлар билан қўпол муомала қилмайман. Бировнинг молига кўз олайтирмайман. Лекин... минг афсуски касалим бор... Ошқозоним касал. Шунга меъдамни рўзадор қилолмаяпман.
Сўнгра отахон йигитлардан сўради:
- Сизлар ҳам рўзадормисизлар, болаларим?
Йигитлардан бири ҳижолатдан бошини эгиб оҳиста овозда жавоб қайтарди:
- Йўқ! Биз фақат овқат емаяпмиз, холос.
Аллоҳ Таоло рўзанинг ҳикматларини баён қилар экан, тақво сифатига алоҳида аҳамият берган. Чунки киши рўзадор бўлса-ю, аммо унинг ҳаққини адо этмаса, яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб ўтганларидек, барча аъзоларини гуноҳдан тиймаса, ундай киши очлик ва чанқоқликдан ўзга нарсага эга бўлмайди.
Исломда ҳар бир амалдан буюк бир мақсад кўзланади ва шу мақсад амалга ошар экан, унга ажр-савоблар битилиб, бу дунё ҳаёти ҳам том маънода фаровон бўлиб бораверади. Яхшилик қилишга қодир бўлмаган кимса, кишиларнинг кайфиятига салбий таъсир этадиган тундлик ва бадқовоқликдан ўзини сақлаб, очиқ чеҳралик бўлишга чақирилади. Шундай экан, рўза ҳам бизнинг жисмимизга шифо бўлиши билан бирга, ўзига хос қийинчилик ва машаққат синовларини ҳам олиб келади. Чунки ҳаёт қонуни ўзи шундай тузилган. Бемор бир дарддан фориғ бўлишни истаса, албатта табибнинг аччиқ дориларига сабр қилади. Пировардида эса жисми соғлом бўлиб мақсадига етишади.
Рўзани ҳам шунга қиёслайдиган бўлсак, очлик ва ташналик жисмимиздаги ортиқча туз ва ёғларни камайтириб, тун-кун, йиллаб дам олиш нималигини билмай ишлаб турадиган ошқозонимизга бир муддат дам беради. Натижа эса энг бебаҳо неъмат – “соғлик-саломатлик” деб аталган неъматга эга бўламиз.
Жаннатмакон юртимизга муборак ва баракотли ой ташриф буюрди. Дуолар ижобат бўладиган, гуноҳлар кечириладиган, мақом-у даражотлар кўтариладиган, чексиз савоблар ёзиладиган ой, файз-у баракасининг чеки йўқ бўлган, мўминларни хурсанд қиладиган, Парвардигори оламнинг меҳри жўш урадиган ой, осмон эшиклари очилиб илоҳий раҳматлар ёғиладиган, кеча-ю  кундуз фаришталар ва Жаброил а.с. ер юзига тушиб сайр қиладиган, ҳақиқий тақводор мўмин бандалар учун ғанимат бўлган ойдир.
Биз бахтли инсонлар эканмиз, чунки ватанимиз тинч, ҳаётимиз фаровондир. Ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали эшитяпмиз, кўряпмиз, дунёнинг айрим минтақаларида нотинчликлар, қонли урушлар бўляпти. Мусулмонлар яшайдиган айрим юртларда “Бу йилги Рамазон рўзасини тута олармикинмиз, ҳайитни нишонлармикинмиз, дея йиғлаётган инсонларни кўриб юрагинг эзилади. Шукрлар бўлсинки, юртимизда тинчлик деб аталмиш улуғ неъмат ҳукм сурмоқда. Ўар йили ҳукуматимиз томонидан алоҳида Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш мақсадида қарорлар чиқарилаётгани юртимизда диний қадриятларимизга жуда катта эътибор берилаётганини, қолаверса муқаддас динимизга бўлган ҳурмат-эҳтиромни англатади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳи кечирилгандир”- деб марҳамат қилдилар. Бу шундай муборак ойки, ҳар бир тақводор зот учун бу ойда туришликнинг ўзи ибодат, бу ойда бўлишликнинг ўзи ибодат. Яъни, рўза тутадими ибодат, рўза ҳолатда ухлайдими ибодат, ҳаттоки гапирмасдан жим турса ҳам ибодат, ифторликда овқат еса ҳам ибодат.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб, еса ёки ичса рўзасини батамом қилсин. Уни Аллоҳ таоло ризқлантириб, сероб қилгани холос”  деб марҳамат қилдилар. Яъни рўзадорлиги эсида йўқ бўлиб, еса ёки ичса, эсига келган заҳоти ейиш ҳамда ичишни тўхтатади, рўзани давом эттираверади, агар рўзам очилиб кетди деб эсига келгандан кейин ҳам давом этаверса, бир кунига бир кун рўза қазосини тутиб беради.
Рамазон ойида рўзани тутмасликка рухсат бериладиган узрлар қуйидагилардан иборат:
1. Сафар – намозни қаср қилиб ўқишга сабаб бўладиган сафар рўзани тутмасликка ҳам сабаб бўлади. Бундай сафарда бўлган одам оғзини очиши ва кейин бир кунига бир кун қазосини тутиб бериши лозим. Мусофир ўз ихтиёри билан сафарда ҳам рўза тутаверса, ўзи учун яхши бўлади.
2. Беморлик  – рўза тутса ҳалокатга, қаттиқ машаққатга, хасталикнинг зиёда бўлишига ёки тузалишини орқага сурилишига сабаб бўладиган беморликка учраган киши рўзани очиб, кейин қазосини тутиб беради.
3. Ҳомиладорлик  – агар ҳомиладор аёл ўзига ёки ҳомиласига аввалги тажрибалар ёки табиб гапи асосида зарар етишини билиб, рўзасини очса, рухсат. Кейин имконини топганда қазосини тутиб беради.
4. Эмизикли аёл  – бола эмизаётган аёл ҳам юқоридаги ҳомиладор аёл учун зикр қилинган сабабларга кўра рўзасини тутмай кейин қазосини тутса жоиз.
5. Қарилик – ёшлари улуғ ёшга етган, яъни ўта қари бобо ва момоларга рўза тутмасликка рухсат. Улар ҳар бир тутмаган рўзалари учун бир мискинни тўйдириш билан фидя берадилар (фидя – бир мискинни қорнини тўйғазишлиги учун бериладиган маблағ).
6.  Ким оғир машаққат, очлик ва чанқоқ туфайли рўза тутса ҳалок бўладиган, ақли бежо бўладиган даражада ёки аъзоларидан бири ишдан чиқадиган бўлса, рўзани имкон топган-да қазосини тутиб беради.
 “Рамазон” сўзини араблар қадимдан келаётган луғат-ларидан олганлар. Ҳижрий тақвимнинг 9-ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ кунларига, куйдирадиган ҳароратли кунларга тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Рамазон дегани “рамз” сўзидан олинган бўлиб, “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларидадир. Жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан. Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб йўқ бўлади, айб-у нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунча пайдо бўлган.
Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинди. Бу тахминан, милодий 623 йил 7 февралга тўғри келади.
Шаъбон ойи тугаши билан Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар илк Рамазон рўзасини тута бошладилар. Бу кунлар жуда иссиқ эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам 9 йил Рамазон рўзасини тутганлар.
Рамазон - ойларнинг саййиди, хожасидир. Унинг бошқа ойлардан фазилатли жиҳатлари бор. Улар қуйидагилар:
1. Рамазонда Қуръони Карим нозил бўлди. Кейинчалик Қуръони Карим Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида бўлиб-бўлиб нозил этилди. 
2. Рамазон ойининг рўзаси Исломнинг бешта арконлардан биридир. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ҳазрати Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ислом бешта устун тепасига бино бўлгандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига; Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни бериш; Байтуллоҳни тавоф қилиш; Рамазон рўзасини тутишдир”.
3. Рамазон ойида қилинган садақалар, хайр-эҳсонлар бошқа ойлардан кўра афзалдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари табиатан сахий эдилар, Рамазон кириши билан эса саховатлари, яхшиликлари оммавий, узлуксиз бўлиб кетар эди. Рамазон ойида қилинган яхшиликлар бошқа ойлардагидан етмиш баробар ортиқ бўлиши ҳақидаги ҳадиси шариф (Байҳақий ривоятида) ворид бўлган. 
4. Рамазонда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. У Лайлат ул-қадр, яъни қадр кечасидир. Мазкур кечанинг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаганлар.
5. Рамазонда бошқа ойлардан фарқли ўлароқ кечалари намоз билан қоим бўлиш суннат қилинган.
6. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтиришлар суннати муаккададир. Эътикоф ибодатларга шўнғиш, Аллоҳга астойдил бандалик қилиш демакдир.
7. Рамазон - Қуръон ойидир. Қуръони Каримни ўқиш ва ўрганиш ойидир.
8. Рамазонда бошқа ойларда бўлмайдиган ифторликлар бор. Бу хурсандчилик, катта-ю кичикнинг дили шод бўладиган бир тадбирдир.
9. Рамазонда қилинган Умра ибодати бошқа вақтда қилинганидан савоби ортиқдир. Рамазонда қилинган Умра фарз ҳаж амали билан тенглиги айтилган ҳадис ҳам бор. 
Рамазон рўзаси фарз бўлмасдан аввал ҳам рўза тутиш фарз бўлган. Демак, Одам алайҳиссаломдан тортиб Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи вассалламгача бўлган Пайғамбарларнинг умматларига ўзига яраша рўза фарз қилинган экан. Баъзи умматларнинг рўзаси 50 кун бўлган.
Рўзани инкор қилган кимса Ислом дини доирасидан чиққан кофир ҳисобланади. Рўзанинг сабаби Рамазон ойига етиб келишдир. Яъни, Рамазон ойига гувоҳ бўлиш. Рўзанинг шарти: мусулмон ва ақли жойида бўлиш ва балоғатга етган бўлиш, рўзани адо этиш учун эса саломат ва муқим бўлиш шартдир. Рамазон рўзаси мусулмон одамга, ақлли инсонга, балоғатга етганга, соғлом ва муқим одамга, пок аёлга фарздир. Демак, кофирга лозим эмас. Ақлидан айрилган бўлган мажнунга фарз эмас. Балоғатга етмаган ёш болага рўза фарз эмас. Касал соғайганидан сўнг қазо рўза тутиб беради.
Улуғ ёшдаги бобо ёки момолар рўза тутишга қийналадиган бўлсалар, рўза тутмай қўя қоладилар. Унинг ўрнига фидя берадилар. Қийналмайдиган бўлсалар, рўзаларини (ёки қазосини) тутадилар. Шунингдек, тузал-майдиган касалмандлар фидя берадилар. Оғир ишда ишлайдиганлар ҳам рўза тутмасликлари мумкин. Кейинчалик қодир бўлганларида унинг қазосини албатта тутиб берадилар. Мана шундай қутлуғ кунларда Аллоҳ барчамизни иймон-у инсоф билан сийлаб, қалбимизни, феълимизни ҳам рўзадор қилсин.
Интернет материаллари асосида
Машҳура ВОРИСОВА тайёрлади.