ОНАНГИЗГА МЕҲР БЕРОЛДИНГИЗМИ?!

Дунёда энг қимматли ва айни дамда энг арзон нарса бу - меҳрдир. Ер юзини ёритиб турган қуёшнинг иссиғи ердаги тошни иситади, лекин эрита олмайди. Инсон қалбидаги тошни эрита оладиган нарса меҳрдир. Ҳамма болалар ҳам оналарини яхши кўришади, нега? Бойлиги учунми? Бойлик нима: пул, уй-жой, мартаба, тилла, қимматбаҳо буюмми?! Йўқ, бойлик озгина меҳр, бир оғиз ширин сўз. 
Она - оч қолсанг ошхонанг, бетоб бўлсанг шифохонанг, ғам чексанг дардкашинг, омадинг келганида қувончинг, дуолари ила сени мартабангни юқори бўлишини Яратгандан сўраган, оғир кунларингда елкадошинг. Ўлим билан олишиб бизни мана шу ҳаётга, тириклар қаторига қўшган, соф оналик меҳри билан нозик оёқ-қўлларингни шу даражада бақувват бўлишига сабабчи бўлиб вояга етказаётган онага қанча қилсак шунчалик кам. Ҳаёт мисоли чархтош, инсон эса пичоқдир. Пичоқ қанчалик чархда чархланар экан, шунча ўткирлашиб бораверади. Мана шу ҳаётнинг паст-у баландида, аччиқ-ширинида, яхши-ёмони билан синалиб, чархланиб бораркансиз, онангизнинг дуолари ила эканлигини унутмаслик даркор. Баъзида ҳаётдан нолиб гапирган инсонларни кўрамиз. Ота-онангиздаги миллионлаб ҳужайралардан фақатгина биттаси, яъни сизни қолганингиз бахт эмасми, айримларга ўхшаб ногирон эмас, оёқ-қўлингиз соғлом, ҳаракатда, турли хил маҳлуқотларга бой бўлган ҳудудда эмас, ҳар куни хотиржамлик, юзингизда табассум билан кўчага чиқасиз, тинч-осойишта юртда туғилганингиздан, кўзингиз кўряпти, қулоғингиз эшитяпти, барча яқин инсонларингиз ёнингизда - шуларнинг бари улкан бахт эмасми?! 
Дунёдаги энг бебаҳо, айни дамда беназир тарқатиладиган нарса - меҳр. Баъзида яқин инсонлардан ҳам қизғонамиз. Уйга келганингизда биринчи бўлиб “онам қанилар” дейсиз, лекин кечаси кеч келганингизда ухламасдан, уйғоқ ётган онангизга: “она, ёш бола эмасманку, ухлаверсангиз бўлмайдими?” дейсизу, ичкарига кириб ухлайсиз. “Боланинг кўнгли далада, онанинг кўнгли болада”, деганлари шу бўлса керак. Йиллар ўтади, яна ўша дарвозанинг олдига ярим тунда келасиз ва ўша ерда тўхтайсиз. Ичкарида онангизнинг биргина: “Болам келдингми?!”, деган сўзини янграшини қанчалик хоҳлайсиз, лекин ўша деразанинг ёнида ўша қиёфа, ўша овоз бошқа жарангламайди. Расмини катта қилиб илиб қўясиз, лекин тириклик вақтида қадрига етмайсиз. Шунинг учун онанинг ҳиммати, қадри баланд, меҳнати арзон дейишади. Кўп инсонлар онам қадрини она бўлганимдан сўнг, отам қадрини ота бўлганимдан кейин тушундим дейишади. Ўша пайтда фарзандингиз сизга ҳам ўшандай муомала қилиб, уришиб берса, онангизни ҳам кўнгли қанчалар оғриганини, дили эзилганини ҳис қиласиз. Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга. Онам қариб қолдилар, кўп инжиқлик қиладилар, “санаторияга” олиб бориб қўйдим дейсиз. Аслида эса қариялар уйига олиб боргансиз. Онангиз келдики, уйингизга файз кирди, тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Аслидачи, қариси бор уйнинг париси бор, деган гаплар айни ҳақиқатдир.
Ижтимоий тармоқларда бир онанинг қариялар уйидан туриб ноинсоф ўғлига  ёзган хати берилган экан. Онанинг ўғлига ёзган нолалари менга менга қаттиқ таъсир қилди, буни сизларга ҳам улашаман:
Қариялар уйи бўлиб маконим,
Кўзимга тор бўлиб қолди бу олам.
Танамни тарк этмайин оҳ, ширин жоним,
Бу ерлардан мени олиб кет, болам.
Ҳар дам меҳр билан бошингни силай,
Парвозингни кўриб шукрингни қилай.
Фарзанд роҳатини нелигин билай,
Бу ерлардан мени олиб кет, болам.
Қизингни эркалаб сочин тарайман,
Ишга кетсанг унга ўзим қарайман.
Мен сендан ёлвориб, йиғлаб сўрайман,
Бу ерлардан мени олиб кет, болам.
Пул топиб кўкларга етибди бўйинг,
Шод, хуррам ўтармиш байрам-у тўйинг.
Мен кирсам торайиб қолмаску уйинг,
Бу ерлардан мени олиб кет, болам.
Ўксиниб яшашдан бўлдимку безор,
Бу ерлардан минг бора афзалку мозор.
Кел, хаста дилимга бермайин озор,
Бу ерлардан мени олиб кет, болам.
Эл олдида доғ тушмайин орингга,
Шукр қилиб яша доим борингга.
Раҳм айлагин мен онаизорингга,
Бу ерлардан мени олиб кет, болам.
Фаёз РАББАНАЕВ,
Янгиқўрғон қишлоғи.