«ГЎЗАЛ ТАРБИЯ – ОИЛАДАГИ СОҒЛОМ ВА НАМУНАЛИ МУҲИТНИНГ БАРҚАРОРЛИГИ»

Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллолоҳу алайҳи васаллам)нинг ушбу ҳадисларига эътибор қаратайлик: «Ҳар бир гўдак (ислом) фитратида туғилади, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний мадусий қилади». Бухорий ривояти.
Бу ҳадисдан маълумки, соф фитратда туғилган гўдакни, унинг тарбиясига масъул бўлган ота-онаси қайси томонга йўналтирса, бола ҳам ўша асосида вояга етади. Барчамиз ҳаёт тарзи давомида жуда кўплаб бу каби ҳолатларнинг гувоҳи бўлганмиз. Айримлар Яратганнинг бетакрор неъмати бўлган умрини турли фасод ва гуноҳлар гирдобида ўтказиб, фарзандлар тарбиясига мутлақо парво қилмайди. Натижада фарзандларида инсоф, диёнат, қадр-қиммат, ҳурмат каби тушунчалар умуман бегона ҳис  туйғуларга айланади. Вақти келиб, тарбия булоғидан бебаҳра ўсган бундай  фарзанд наздида ота ёки онасига  қўл кўтариш оддий ҳол бўлиб қолади. Ана  шундай машъум ҳолат юз берганда «Инсофинг борми», «Шуни кутиб тарбия қилганмидик?» «Худодан қўрқмайсанми?» каби  ҳасрат ва надоматлар отилиб чиқади. Аслида ўзлари айтаётган «инсоф», “тарбия” “худодан  қўрқиш”ни ўргата олмаганмидики, улардан талаб  қилса? Йиллар мобайнида эътиборсизлик қилиб покиза ҳолатда дунёга келган беғубор гўдакни тубан ва ваҳший бир ҳолга келишига сабаб бўлган ота-онага бу жазо эмасми? Гўзал ахлоқ ўрнига зулумот ва разолатнинг  жирканч булоғидан беихтиёр сув ичириб, фарзандларининг ҳаётини  бадном қилган ота-она ўзларининг бахту-саодатини бой бериб қўймай-димикин?
Бундай ғам-андуҳли муаммоларга дуч келмасликнинг ягона йўли бу фарзандларга чиройли хулқни беришдир. Навбатдаги ҳадисга эътибор қаратинг: “Киши дўстининг динидадир, ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига эътибор қаратсин. (Бухорий ривояти). Ушбу ҳадис шарҳи ўлароқ халқимизда ажойиб бир гап бор: «Дўстингни кимлигини айт, сенинг кимлигингни айтиб бераман» Бугунги кунда «Дўстлик» маъноси нақадар тор моҳият касб этаётганини гувоҳи бўляпмиз. Чин ва ҳаққоний дўст ҳеч қачон ёмонликка бошламайди. Аммо баъзи ёшларнинг Қадрдони, дўсти, турли хил интернет  сайтларда танишган (друзья) дўстлари, ҳурмат билан тилга олаётган дўстлари ҳақиқий дўстмикан? Ёки  аксинча, чин маънодаги  дўстларни душман деб сингдирувчи  хиёнаткормикан? Ахир ота-онага қарши қайтараётган гапларни, оиласидан совутаётганларни, ўз ватандошларига қарши курашмоқни ўргата-ётганларни ким деб аташ мумкин? Кўринишлари бамисоли забардаст йигит-қизларимиз, ҳар бир нарсага ақлу-идроки етадиган ёшларида наҳот дўст билан душманни ажрата олмайди? Ахир уларнинг ота-боболари ватаннинг бир қарич ери учун жон фидо қиладиган ориятли  инсон эдику.
Наҳотки ўтмишдаги аждодлари кўзларига тўтиё қилган бу азиз диёрларини кўр-кўроналик билан топтамоқчи ёки унга турли туҳмат тошларини отмоқчи  бўладилар. Юқоридаги ҳадисни ўқиб, айнан шундай ўйлар чулғаб олади кишини. 
Расуллоҳ алайҳисалом бизнинг бугунги  замонга боқиб туриб, айтганидек гўё. Биз ота-оналаримизнинг ҳали бу борада бажарадиган анчайин қиладиган ишларимиз бисёр. Фарзандларимизга тўрт ҳақиқатни: Муқаддас динимиз моҳияти, она ватан қадрини, ота-онага эҳтиромини, аҳли оиласига масъулият ҳиссини ўргатиб, унинг онгига сингдириб қўйсак, иншааллоҳ фарзандларимиз ҳам  аждодларга муносиб авлодлар бўлиб етишади.
Н.ИСЛОМОВ,
Махдуми Аъзам жоме масжиди
ноиб имоми.