АМЕРИКА ОҚ КАПАЛАГИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалик ўсимликларини ўта қаттиқ шикастлайдиган зараркунандалардан бири, карантин ҳашарот Америка оқ капалаги бўлиб, қўшни мамлакатлардан ўтиб қолиш хавфи туғилаяпти. Айни пайтда бу ҳашаротнинг Ўзбекистонга ўтиш эҳтимоли ортмоқда. Бу ҳашарот республикамиз, қолаверса Ўрта Осиё минтақасидаги давлатларнинг қишлоқ хўжалигига, айниқса ипакчилик ва боғдорчиликка катта зарар етказади. Шу билан бирга ўлкамизнинг иқлим шароитига тез мослашиши билан ҳам жуда хавфлидир. Америка оқ капалаги 300 турдаги ўсимликлар – биринчи ўринда тут дарахти, олма, нок, ўрик, гилос, ёнғоқ, беҳи ва бошқа маназарали ҳамда ўрмон дарахтларини шикастлайди. Капалакнинг ташқи кўриниши оқ рангда бўлиб, ипакдек товланиб туради, қанотини ёзганда 25-35 мм бўлади. Капалаги овқатланмайди, 8-10 кун ҳаёт кечиради. Тухуми шарсимон, кўкимтир рангли бўлиб, 300-500 тагача уруғини тут, олма, нок, олхўри, гилос, ёнғоқ ва бошқа турдаги дарахтларнинг барглари остки томонига бир қатор қилиб қўяди. Тухумининг устки томони тукчалар билан ўралган, тухумдан чиққан қуртлари беш ёшгача тўп-тўп бўлиб ипаклар билан ўралган бўлади. Дарахт баргларининг учки қисмлари билан озиқланади. Ана шу хусусияти билан ҳам бошқа ҳашаротлардан ажралиб туради. Қуртлари 35-45 кун яшайди. Етилган қуртлари дарахтларнинг эски пўстлоқлари остида, тўкилган баргларнинг остида юпқа пилла ичида ғумбакка айланади ва ғумбак даврида қишлаб чиқади.
Юқорида айтилганлардан маълумки, бу ўта хавфли зараркунанданинг Ўзбекистонга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўриш лозим. Чунки бу давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим тадбирдир. Хулоса қилиб айтганда, бундай зарарли ҳашаротларнинг қўшни давлатлардан мамлакатимизга кириб келмаслиги борасида барчамиз бирдек масъулиятни ҳис этишимиз керак.
Р.АҲМЕДОВ,
И.НУРИДДИНОВ,
вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси туман инспекторлари.