Овоз чиқариб китоб ўқишнинг фойдали томонлари

Болаларга овоз чиқариб китоб ўқиб бериш кераклигини ҳаммамиз биламиз: агар таълимдаги бу муҳим босқични ўтказиб юборсангиз, бола “ичида” ҳам тўғри ва тез ўқиёлмайди. Бироқ катталарчи? 
Маълум бўлишича, баланд овозда ифодали ўқиш ҳар қандай ёшда ақлий ва нутқий кўникмаларни ривожлантирар экан. Болага ёки севган инсонингизга китоб ўқиб бериш эса жараённинг икки иштирокчисига ҳам бўшашиш ва ўзгача яқинлик ҳис қилиш имконини яратади. 
• Хотира ва диққатингизни шуғуллантирасиз, сўз бойлигингиз ошади
“Ичингизда” ўқиш билан овоз чиқариб ўқишни таққослаганда, овоз чиқариб ўқишнинг мия фаолияти билан боғлиқ афзалликлари бор: одам камроқ чалғийди, унинг диққати бутунлай матнга қаратилади. Агар китобда янги сўзларга дуч келсангиз, нафақат унинг маъносини изоҳлаш эҳтиёжи пайдо бўлади, балки уни қандай талаффуз қилишни ҳам текшириб кўришни хоҳлайсиз. Натижада нотаниш сўзнинг фаол луғатингиздан жой олиш эҳтимоли ошади. 
Ўқилган маълумотлар мия томонидан уч марта қайта ишланади: визуал (кўз орқали), товуш орқали ва “мускул” хотира орқали (лаблар ҳамда тил ҳаракати билан). Натижада, миянинг бир нечта зоналари (кўриш, эшитиш ва ҳаракат зоналари) биргаликда фаолият кўрсатгани учун ўқиётган нарсамизни тушуниш ва эслаб қолиш имкониятимиз ошади.  
Оммага ўқиб бериш эса янада яхшироқ. Монреал университети олимлари 2005 йилда нафақат овоз чиқариб ўқишнинг хотира ва диққатга ижобий таъсирини тасдиқлашди, балки яна бир қизиқарли ҳодисани аниқлашди. Сўзларни ёдлаш бўйича тадқиқотда: “ичида”, лаблари билан пичирлаб ёки овоз чиқариб сўз ўқиганлардан кўра бошқаларга ўқиб берганлар яхшироқ эсда сақлаб қолишган. 
• Актёрлик қобилияти ва нутқингиз ривожланади
Актёрлар касбий малакаларини ривожлантириш учун ёддан ёки қоғозга қараб кўп ўқишади: матнни тушунарли қилиб етказиш, интонатсия, тембр ва юз ифодаси билан ўйнаш учун. Шу йўлдан юриб, болаларга оқшом эртакларини ўқиш орқали актёрлик қобилиятингизни ривожлантирсангиз бўлади. Ўқиш учун кунига 15 дақиқа сарфласангиз етарли. Бир неча ҳафтадан кейин нутқингиз ўзгарганини сезасиз. 
Бадиий матнни ўз ижромизда эшитганимизда кундалик суҳбатларда сезиш қийин бўлган талаффуз ҳамда интонатсия хусусиятларини пайқаймиз. Хатоларни тузатиш ва суҳбатдошнинг эътиборини тортган ҳолда тўғри, ишончли гапириш имкони пайдо бўлади, айниқса, сизни эшитадиган тингловчингиз бўлса. Шунингдек, бу оммавий чиқишлардан қўрқадиганлар учун яхши машқ.