БУВИМНИНГ СОВҒАСИ

Мен айниқса, баҳор фаслини ёқтираман, негаки шу фаслда туғилганман. Мана туғилган кунимга ҳам икки кун қолди. Қувонганимдан супада ўтириб кўрпа қавиётган бувимнинг пинжига кирдим-да эркаланиб:

- Бувижон, айтинг-чи, туғилган кунимга неча кун қолди?

Бувим бошимни силаб:

- Индинга, яъни икки марта ухлаб турсанг, сенинг туғилган кунинг бўлади, болам, - деди.

- Ҳа, унда менга нима совға қилмоқчисиз, бувижон?

- Вой, мени кичкинтойим-ей, сен нимани хоҳласанг, шуни-да.

Бувим совға танлашни ўзимга қўйиб берганлиги учун:

- Бувижон жавобимни кечқурун айтсам бўладими,- дедим. Бувим рози бўлди.

Дўстим Акбарни Бойчибор деган кучукчаси бор эди, мени ҳам кучукчам бўлишини жуда хоҳлардим. Бувимга айтадиган жавобимни тахт қилиб қўйдим.

Кечки овқатдан сўнг бувим:

- Қани мени эркатойим, жавобингни айтгин-чи?

Дадам ҳайрон бўлиб, ойимга нима гап дегандек қаради. Мен ҳам гапни чўзиб ўтирмай, дадиллик билан туғилган кунимга кучукча олиб беришларини айтдим. Дадам гап нима ҳақида кетаётганлигини тушунган бўлсалар керак, индамади. Бувим дадамга кучукча олиб келишини айтганидан сўнг менга қараб “иш беш”, дегандай кўзини қисиб қўйди. Мен эса севинганимдан бувимни маҳкам қучоқлаб олдим. Шу топда дунёда мендан-да бахтиёр инсон йўқ эди.

Лекин шу ондан бошлаб вақт мен учун жуда секин ўта бошлади, тезроқ икки марта ухлаб турсам-у туғилган куним бўла қолса. Бир кунни бир амаллаб ўтказдим, тезроқ кеч тушишини ўйлардим. Ухлагани ётдик. Туш кўрибман, ойим:

- Тура қол ўғлим, даданг сенга кучукча олиб келди, деётганмиш.

  Қувонганимдан уйғониб кетдим. Ойим тепамда туриб:

  - Нега турмайсан, ҳовлига қарасанг-чи, деди.

 Кўзларимни уқалаб, апил-тапил ҳовлига югуриб чиқдим, не кўз билан кўрайки… қулоқчалари тикка, думи гажак, миттигина олақашқали кучакчани дадам:

- Мана ўғилтой, шерваччангиз, деб кучукчани ерга қўйди. Уни ёнига чопиб бордим-да эркалатиб:

- Энди сени нима деб атаймиз, дедим. Ойим:

- Симба қўяйлик, - деди. 

- Ахир буни ранги ола-ку, - деган эдим, шу пайт опам:

- Олапар қўйсак-чи, - деб қолди.

- Ҳа, Олапар.

Бу исм ҳаммага ёқди. Шу топдан кучукчамни “Олапар” деб атай бошладим.

Орадан йиллар ўтди. Иккимиз ҳам улғайдик. Олапар ҳам оиламизнинг бир аъзоси бўлиб қолди. Мен мактабга қатнай бошладим. Бир куни мактабга кетаётиб орқамга қарасам, Олапар менга қўшилиб келяпти.

- Ҳой, нега келяпсан? Орқангга қайт, адашиб қоласан, ахир, деб ҳар қанча ҳайдасам ҳам у қайтмади. Мен дарсдан чиққанимча у мактаб ҳовлисида кутиб турарди, кейин уйга бирга қайтдик. Бу одат тусига айланди. Лекин бу юришимиз узоққа чўзилмади. У бегона одамларни кўрса ғаши келганиданми, “ириллаб” қўрқитадиган бўлди. Одамлар эса уни қўлига илинган ҳар хил тош, кесаклар билан уриб ҳайдашар эди. Шунга қарамасдан Олапар менга қўшилиб мактабга боришни давом эттираверди. Мен усиз, у менсиз яшай олмасдик.

Бир куни уйимизга тоғам келди. Сал қолса Олапар тоғамни тишлаб олмоқчи бўлиб турган экан, уйдан чиқиб қолганим учун у жимиб қолди.

- Ассалому алайкум, тоға.

- Ваалайкум ассалом жиян, яхшимисан?

- Ҳа, яхши.

- Ойинг уйдами?

- Ҳа, уйда. Ойим келиб тоғамни ичкарига таклиф қилди. Тоғам қизини узатаётган экан, бизларни тўйга айтишга келибди. Тоғам кетиш чоғида:

- Жиян, сен ҳам тўйга ўт, хўпми.

- Хўп, тоға борамиз, келиб теринг.

Ойим билан опам барвақт туриб сомса ёпган, тўйга кетишга тайёргарлик кўраётиб:

- Қани, ўғлим бўл, тезда туриб юз-қўлларингни юв, тоғангларникига борамиз.

Сакраб турдим-да, юз-қўлларимни ювиб, тайёр бўлдим. Кетиш пайтида ойим бувимга:

- Онажон, нега тайёр эмассиз, тўйга бормайсизми?

- Майли қизим, ўзларинг бориб келаверинглар, ёшим ҳам етмишдан ошиб қолган бўлса, мендан хавотир олманглар, биз Олапар иккаламиз дардлашиб ўтирамиз.

Дадам, ойим, опам ва мен йўлга тушдик. Тоғамникига ҳам етиб келдик. Дарвозадан киришимиз билан бизларни хуш кайфият билан кутиб олишди. Ҳамма қариндош-ларимиз-у, қўни-қўшнилар ҳам шу ерда тўй тараддудини кўришмоқда эди. Мен ҳам тез фурсатда дўстларимни топиб олиб, тўй шодиёнасига шўнғиб кетдим. 

Лекин орадан кўп вақт ўтар-ўтмас хунук хабар келди. Ҳаммамиз уйга қайтдик. Олапар бизни хомуш ҳолда кутиб олди. Бувимни мазаси бўлмай тўшагида ётибди. Бувимни касалхонага олиб кетаётганимизда Олапар ҳам орқамиздан чопиб қолди.

 Бувимни текшириш учун докторлар хонасига олиб кириб кетишди.Бизни киритишмади. Бироздан сўнг доктор чиқиб:

- Онангизнинг аҳволи яхши эмас ука, бироз кутайлик-чи, бу ёғи худодан.- деди.

Дадамнинг кўзидан ёш чиқиб кетди, лекин бизга сездирмасликка ҳаракат қилди:

- Бувингнинг аҳволи яхши экан, бироз даволансин, кейин олиб кетамиз, деди.

Бир соатлардан сўнг ўша доктор яна келди-да, дадамга ниманидир шивирлаб гапирди. Мен барибир эшитдим: “Бувим фариштага айланибди”.

Дадам фарёд чекиб, бувим ётган хонага кириб кетди. Ойим бизларни, биз эса ойимни қучоқлаб йиғладик.

Бувимни олиб уйга қайтдик. Уйимизда аза бошланиб кетди. Олапар ҳам тушунган бўлса керак, кўзларидан ёш оқди. Бувимни чиқариб, қабристонга олиб кетаётганимизда Олапар занжирдан узилиб, биз билан бирга борди.

Бувимни қўйиб қайтдик. Кеч тушди. Олапарга овқат олиб борсам, йўқ.

Тонг саҳарлаб бувимнинг қабрига бордик, не кўз билан кўрайлик-ки, Олапар бувимнинг қабри устида ётибди. Дуони ўқиб бўлиб, уйга қайтаётганимизда ҳам у биз билан келмади.

Кун давомида кўзим тўрт бўлиб Олапарни кутдим, йўқ, у келмади. Дадам:

- Олапар келдими, - деди.

- Олапар йўқ. Уни қидирдим, тополмадим.

Орадан бир кун ўтди. Дадам яна Олапарни сўради.

Олапар яна йўқ. Қидириб охири яна қабристонга бордим-да, ҳайратдан “лол” қотиб қолдим. Олапар бувимнинг қабри ёнида ётарди. Кўзларимга ёш қалқиди, ўша пайти бирданига бувимнинг сўзларини эсладим: “Яхши ит ўлигини кўрсатмайди”.

Бувимнинг айтган сўзлари рост экан.

 Умидхон МАЪРУПОВ.