НАМОЗ БОТИР КИМ БЎЛГАН?

Бу саволга тарихчи Ўктам Икромов жавоб беради
(Давоми.Боши газетанинг ўтган сонида)
Намознинг номи амир ва ҳокимлар, бой ва амалдорларга сира тинчлик бермай қўйди. Улар Бухоро амирига, Туркистон генерал-губернаторига ариза устига ариза йўллаб, ёрдам сўрайдилар. Туркистон генерал-губернаторлиги Намозни тутиш ва унинг ҳаракатини тугатиш учун жазо отряди ажратиш, Намознинг боши учун катта миқдорда мукофотлар белгилашгача бориб етади. Намозни кўриб, орқасидан от солиб қувган кўплаб казаклар, полиция ва ҳарбий қўриқчилар ета олмай доғда қолаверадилар. Намоз ўз отряди билан ҳатто Самарқандда чор маъмурларининг нақд бурни остида зулмкор амалдорлар ва очкўз бойларни қақшатиб бамайлихотир жўнаб қолар эди.
Намоз фақат маҳаллий бой ва амалдорларнигина жазолаб қолмасдан, мустамлакачи чор маъмурлари ва аскарларини ҳам зир титратган. 1906 йил охирида Самарқанд ҳарбий маъмурлари Туркистон генерал-губернаторидан Намозни излаш учун қўшимча юзлик Урал казакларини юборишни сўрайди ва Самарқанд артиллерия омборидан шунга яраша милтиқ, ўқ-дори олиш ҳақида кўрсатма берди. Бундан ташқари, у шундай деб ёзади: «Казаклардан Намозни ҳамроҳлари билан жанг қилиш ва уларни ушлаш ҳар бир минутда талаб қилиб қолиниши мумкин. Бу ерда Намоздан шундай қўрқадиларки, «Намоз» деб бир бақирилса, дуч келган томонга қараб қочадилар, булар билан бир иш қилиш қийин».
1905 йил 29 октябрда Намоз биринчи марта қўлга олинади. Намоз ва унинг қўлга тушган сафдошлари Самарқанддаги «Маховхона» турмасига ташланади ва уларни Сибирга сургун қилиш мўлжалланади. Бироқ турмада ҳам тиниб-тинчимаган Намоз турма остидан лаҳм кавлаб, 1906 йил 2 февраль куни кечаси ўзи билан бирга яна 60 нафар маҳбусни ҳам қутқариб чиқади. Намоз ташқарига чиққанида уни 4-5 нафар отлиқ дўстлари эгарланган от билан кутиб турган. Улар орасида Намознинг поччаси Холбек ҳам бўлган.
Намоз ҳаракати яна давом этаверади. Намозни бутун меҳнаткаш халқ оммаси қўриқлаётган эди. Маҳаллий аҳоли уни чор ҳукумати жазо отрядининг ҳар қандай хавф-хатаридан ўз вақтида огоҳлантириб турарди. Самарқанд ҳарбий губернатори Ғоят ташвишланиб, бу ҳақда шундай деган эди: «Уезд аҳолиси қувиш пайтида Намоз ва унинг гуруҳи» қаерга яширингани ва қаёққа кетганлигини ҳеч қачон, сира ҳатто қийноққа солинса ҳам айтмайди. Ҳаммасида битта жавоб - ҳеч нара билмайман, кўрганим йўқ. Маҳаллий маъмурларнинг ҳам тўртдан уч қисми Намоз томонда…».
Кўриниб турибдики, Намоз ҳаракатини фақат меҳнаткаш халқ оммасигина қўллаб-қувватлаб қолмасдан, маҳаллий бой-амалдорлар, ҳатто чор ҳукумати маъмурлари орасида ҳам унга хайрихоҳ кишилар кўп бўлган. Намознинг қўлга тушган йигитларини Сибирга сургун қилиш чоғида қочириш, ёрдамлашган, турма остини кавлаб тутқунликдан чиқиб кетишларида, чор ҳукумати ҳарбийлари орасида ҳам ҳеч шубҳасиз, Намозга хайрихоҳ, унга сидқидилдан хизмат қилувчи кишилар кўп бўлган. Намоз ҳаракатининг бошқа шундай ҳаракатларга ўхшамайдиган ўзига хос характерли жиҳатлари ҳам шундаки, унинг ҳаракатида қатъий адолат мезонлари мавжуд эди. У ҳеч қачон дуч келган бой ва амалдорларни ёппасига жазолаб кетавермаган. У фақат бева-бечораларни ишлатиб ҳақини бермайдиган очкўз, ноинсоф бойларни, золим амалдору, муттаҳам қозиларни, хуллас, нафс балосида инсофу, диёнатдан юз ўгирган турли мансабдорларни жазолаган. Акс ҳолда Намоз ҳаракати халқ орасида бунчалик катта шуҳрат қозонмаган бўлур эди.
Яна тарихий ҳужжатларга мурожаат қиламиз. Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори ёрдамчиси докладида шундай дейилади: «Намоз камбағал аҳоли орасида ниҳоятда катта шуҳратга эга. У аҳолининг ҳар бир хизмати учун кўп меҳрибонликлар кўрсатади. Фақат бой ва амалдорларнигина талайди. Камбағалларга эса пул, ғалла, уруғлик билан тез-тез ёрдамга келиб туради». Ёки Самарқанд уезди ҳокимининг ёрдамчиси имзоси билан Туркистон генерал-губернаторига 1907 йил 10 январдаги  рапортида қуйидаги гаплар ташвиш билан     билдирилади: «Маҳаллий қишлоқ аҳли орасида Намоз катта обрў қозониб, деярли афсонавий шахсга айланиб қолган… Уни тутишда бизга кўмак берувчилар сони шу  туфайли камайиб бормоқда».
Ҳарбий маҳорат борасида ҳам чор ҳукуматининг унча-мунча ҳарбий маъмурлари Намоз олдида эп эшолмасди. 1906 йилнинг 24 декабрида Жойдевон волостининг Сайдин қишлоғида ва 1907 йил январида Даҳбед волостининг Қўшқўрғон қишлоғида бўлган қонли отишувда, Бухоро амирлигининг Хатирчи ва Кармана бекликларида бўлган тўқнашувларда Намоз ўз йигитлари билан рақибларнинг кўп сонли аскарларига қарши бўлган тенгсиз жангларда қуршовдан чиқиб кета олган.
Академик А.В.Пясковский келтирган тарихий маълумотда Бухоро амирлигининг Намоз отрядини тор-мор қилиш учун юборилган бутун бир эскадрон кавалериясини (отлиқ қўшин) Бухоро чўлида Намоз ўз йигитлари билан қуршаб олди ва қуролсизлантирди, дейилади. Намознинг бундай ҳарбий маҳорати Нурмон шоирнинг қуйидаги мисраларида жуда ўринли мадҳ этиб ўтилади:
Бедов миниб сағрисини силатди,
Муродини бир худодан тилатди.
Яқин деди, Қарши чўлни талатди,
Амир шоҳни тахт устида жилатди,
Ҳеч кўрмадим, Намоздайин азаматди.
Тарихчи олим Ю.Н.Алексеров келтирган маълумотларга кўра, Намоз ҳаракатининг миллий таркиби ҳам турли-туман бўлган. Уларнинг сафида ўзбек, тожик, туркман, қозоқ, қирғиз, ҳатто рус, украин, арман ва эрон миллатининг қасоскор йигитлари ҳам бўлган. Ҳаракат саркорларидан бири Дониёрбекнинг Намозга йўллаган хатида шундай сўзлар бор: «…арманлар ва руслар билан яхши натижаларга эришаяпман ва у Сергонович, Григоре, Семене ва бошқалар»ни эслатиб ўтади.
Чор маъмурлари ва маҳаллий эксплуататорларнинг зулмидан, ҳақ-ҳуқуқсизликдан жабрланган, қалби қасос ҳисси билан тўлиб тошган йигитлар турли вилоятлардан келиб Намоз ҳаракатига қўшилардилар. Уларнинг ҳаракати Зарафшон воҳасидан ташқари Жиззах, Кармана, Қарши, Шаҳрисабз, Китоб ва бошқа кўпгина ерларга ёйилди. Намозни қўлга тушириш учун сарфланган миллионлаб сўм пуллар ҳам, жазо отрядларининг қарийб уч йиллик уриниши ҳам фойда бермайди. Самарқанд вилоят ҳарбий маъмурларидан бири Туркистон генерал-губернаторига ёзган рапортида шундай дейди: Намоз отрядларининг полиция ёки марказдан бир неча бор юборилган қўшинлар томонидан таъқиб этилиши бирор натижа бермади. Маҳаллий аҳоли Намоз отрядини ҳар қандай хавфдан ўз вақтида огоҳлантириб турибди. Ҳамма уни яширишга кўмаклашмоқда». Ҳа, халқнинг ишончи ва мададига таянган Намоз қишлоқ ва шаҳарларда бемалол от суриб юраверди.
«Намоз, - деб ёзади «Туркистон вилоятининг газетаси» ўзининг 1906 йил 5 ноябрь сонида. – Баъзи вақтларда қизил духобадан тўн кийиб, резинка аробаға тушиб ҳам юрар эмиш. Ул жаноб ўтганларида ҳамма одамлар ўринларидан туриб, унга салом берар эмишлар. Намоз ўтирган колоска аробанинг олдида ва ҳам орқасида кўп нафар йигит-ясовуллар гўёки бир подшоҳ келаётгандек от чопиб юрар эканлар».
Мазмунан эшитилмиш хабарлар ифодаси бўлган бу маълумотлар ҳам Намознинг халқ билан узвий боғлиқлиги, унинг халққа, халқнинг эса унга ишонганлигининг ёрқин ифодасидир. 1907 йилга келиб Россиянинг марказий шаҳарларидаги сингари Туркистон шаҳарларида ҳам оммавий ҳаракатларнинг аста-секин пасайиш даври бошланди. Энди Чор ҳукумати Намоз ҳаракатига қарши курашадиган жазо аскарлари сонини янада кўпайтириш имкониятига эга бўлди.
1907 йилнинг 27 майида Самарқанд ҳарбий губернатори буйруғи билан Намоз ҳаракатини тугатиш учун операциялар бошланади. Подполковник Соколов ва участка пристави капитан Голов ихтиёрига 2-Урал казак полкидан ҳарбий куч юборилади. Бухоро амирлиги ҳудудида 12 та ҳарбий пост, Самарқанд вилояти ҳудудида 10 та кузатув пости ташкил этилади. Ҳарбий постларни ташкил этишда маҳаллий аҳоли жуда қаттиқ қаршилик кўрсатади. Бу ҳакда Туркистон генерал-губернаторининг Петебургдаги бош штаби ва Николай подшога юборилган махсус маълумотномасида ҳам айтиб ўтилади.
Намозни тутиш учун йўлларга, қишлоқларга айғоқчилар қўйилади. Бир томондан эса рус-казак жазо аскарлари қуроллантирилиб, жанговар ҳолатга келтириб қўйилади. Хабар келиши биланоқ бу аскарлар зудлик билан тегишли жойга етиб бориши ва Намозни мумкин қадар тириклайин қўлга тушириши, унинг йигитларини эса асир олиш ёки қириб ташлаш режаси тузилади.
1906 йил 20 октябрь куни Даҳбед учкастка пристави 32 нафар отлиқ аскар ва бир офицер ҳамда даҳбедлик Мирза Саидмурод Мирза Қобил ўғли ва Мирза Ҳамид Ҳасанбой ўғли билан биргаликда Жарқишлоққа келиб Намознинг ҳовлисини босадилар. Намозни топа олмаган аламзадалардан бири опаси Улуғойнинг бўйнига арқондан сиртмоқ солиб, «Намозни топиб бер», дея ҳовлининг у бошидан бу бошига роса судроқлайди. Бу зўравонликдан ҳолдан тойган, лекин омон қолган Улуғой ўзининг бош бармоғини сиртмоқдан ўтказиб олиб аранг нафас олиб турганлигини воқеадан сўнг фарзандларига гапириб берган.
Вазият тобора мураккаблашиб бормоқда эди. Бундай шароитда Намоз бошқа бир тадбирни ишга солади. Ўз сафдошларига зарур бўлганда, унинг буйруғини кутиб ўтирмасдан ҳужумга ўтиш ва халқ орасида ўрни келиб қолганда ўзини «Намоз» деб таништиришдан ҳам қайтмаслик ва шу орқали омма билан алоқани янада мустаҳкамлашни топширади. Кейин эса Чор маъмуриятлари ва аскарларини чалғитиш мақсадида бир кунда турли волостларда бирдан ҳаракат қилиш ва ҳужумга ўтиш ҳақида кўрсатма беради. Бу режа ҳақиқатдан ҳам Чор маъмурларини саросимага солиб қўйди. Ҳар куни турли волостлар ва амирликларнинг турли бекликларида Намоз йигитларининг ҳужуми тўғрисидаги таҳликали хабарлар ошиб бораверди. Бироқ Чор маъмурлари ҳам жазолашнинг турли усулларини қўллай бошлайдилар. Энди улар Намоз ёрдамидан баҳраманд бўлган деҳқон, бева-бечораларни ҳам топиб жазолашга ўтадилар. Бу Намознинг ҳаракатини анча қийинлаштириб қўяди. Бунинг устига Намоз ҳаракатини тугатиш учун тобора кўпроқ куч ажратилаверади. 
1906 йилнинг 24 декабрида Жўйдевона волостининг Сайдин қишлоғи старшинаси Даҳбед пристави Олейниковга Намоз отряди келганлиги ҳақида хабар етказилади. Олейников ўзининг 41 нафар казак аскарлари билан айтилган жойга етиб келади. Намоз ўзининг 11 кишилик кичик гуруҳи билан жангга киришади. Жангда казакларнинг кўпчилик аскарлари ўлдирилди. Қасоскорларнинг келганлиги ҳақида хабар етказганлиги учун сотқин уй эгаси Тамом Эшиев ҳам Намоз томонидан ўлдирилди. Намоз талофат бериб қуршовдан чиқиб кетади. Шу жангда қўлга туширилган сафдошлари Очил Муллажонов, Худойберди Ўташев, Қурбонбой Отаниёзов, Қаршибой Султонов, Шодмон Тўхтамишев, Авазқул Оқмирзаев ва Шерниёз Худойназаров устидан уларни осиб ўлдириш хусусида шафқатсиз ҳукм чиқарилади, кейин эса бу ҳукм абадий каторга ишларига сургун қилиш ҳукми билан алмаштирилади.
Ана шундай оғир бир шароитда Чор ҳукумати аскарлари билан иккинчи бир қонли тўқнашув 1907 йил январида Қўшқўрғон қишлоқида юз берди. Ана шундай мураккаб бир шароитда Самарқанд уездининг ҳокими полковник Чертовга Жўйдевона волостидаги Калачи даҳасининг старшинаси Мўминбек оқсоқолдан бир хабар келади. Шу  қишлоққа капитан Олейников бошчилигида 10 нафар  солдат юборилади. Улар йўл-йўлакай Даҳбеддан ўзига ишончли бир неча шахсни олиб  Аслонобод қишлоғига етиб  борадилар. Аммо Намоз  аллақачон ўз жойини ўзгартирган эди. Улар Қўшқўрғон қишлоғига из олиб бориб қарасалар, Намоз ўзининг надимлари – Жуманпучуқ, Қаршибой, Авазкўр, Холбек каби 11 нафар йигити билан  Ҳамроқул деган одамнинг ҳовлисида ўтиришарди.
Бу тўқнашувга доир «Туркистон вилоятининг  газетасида 1907 йил январида шундай материаллар берилган эди: «Улар пристав, бўлусной ва казак солдатларини кўриб,  ўринларидан туриб, приставга икки марта милтиқ отибдур. Солдатлар ташқаридан тўхтовсиз ўқ отишиб Жуманбойни ўлдириб, Авазкўр ва икки ҳамроҳини ярадор қилубдурлар. Мазкур  ўғрилар отларини ташлаб, ҳукизлар турган уйга кирганда икки ҳукиз милтиқ ўқи еб ўлуб, Намоз Примқулов миниб олган беш минг тангалик от ва ҳовли эгасининг бир оти солдат ва ўғриларнинг ўқидан нобуд бўлибдур. Ўғрилардан саккиз нафарини  ушлаб олибдурлар. Булардан 4 нафари ярадор бўлган экандур. Холбек, Авазкўр, Очилди ва яна бири…»
Намоз Шерниёз ва яна бир йигити билан уста Ғаффор деганнинг уйига ўтиб  олиб солдатлар билан анча вақтгача қаттиқ, отишади. Солдатлардан бири уй ичига кириб Намозни тутиб олмоқчи бўлганида ўқ еб ўлади. Бундан қўрққан жазо отрядининг бирор солдати уйга яқинлашмайди. Шунда Намозни тутиб беришга уй эгасини мажбур қиладилар. Аммо  бундай пайтда хоинлик рўй беришини кутган Намоз уй эшигига киришга ўринган ҳовли  эгасини ҳам отиб ташлайди. Шунда солдатлар уйни портлатиш керак деган фикрга келадилар. 
«Шул вақтда мазкур атрофига қаровуллар қўйлиб, жаноби пристав тура уезд ҳокимига хабар  юборадиларки, яна 50 солдат билан 10 та бомба юборгайлар. Мазкур куни соат 3 да 50 солдат билан 10 та бомба – мушак олиб келиб, атрофни қуршаб турадилар. Амир Намозга таслим бўлиб чиқишини айтадилар. Бунинг жавобига ўқ овози эшитилади. Бу  рад жавобининг аломати эди. Андан кейин Намоз ва Шерниёз турган уйнинг тўрт томонидан ўт ёқилади»
Даҳшатли олов бир зумда қасоскорлар яширинган уйни ўз гирдобига олади. Биринчи уй ёниб қулаб тушади ҳамки қасос-корлардан дарак бўлмади.  Иккинчи уйга  ўт қўйилди, ҳамон на Намоздан дарак бор, на Шерниёздан. Учинчи уйга бомба ташланди. Аммо қасоскорлардан яна дарак бўлмади. «Туркистон вилоятининг газетаси» қасоскорлар ҳақида шундай деб ёзганди: «Эртаси сешанба куни жами солдатлар бир неча бомбалар ташлаб уйларни қаторасига портлата бошладилар. Вайрон бўлган уйларни остига назар ташланганда, Намознинг 2 та 5 ўғли милтиғи, 4 адат тўппончаси, тахминан 500 та ўқи топилди. Мазкур Намоз жами  асбобларини ташлаб уйнинг остини тешиб чиқиб қочибдур. Шерниёз ярадор бўлғон экан ушлаб олинди».
Қўшқўрғон қишлоғида яшаб ўтган  Санақул ота Худойдотов ( Мен суҳбатлашганда 1976 йил 83 ёшда бўлган), қўшни жарқишлоқлик Ражаб   ота Нормуродов (1889 йилда туғилган) ва  бошқа кўпгина қарияларнинг ҳикоя қилишларича, Намоз қуршовда қолган уйларнинг биридан эски  чопон, телпак ва  этикни кийиб олган ва чўпкари  иморатларнинг тагидан ковлаб ташқарига усталик билан чиққан. Ташқаридаги  емиш ғарамдан бир қучоқ бедани олиб аскарларнинг отлари томонга  борайверган. Солдатлардан  бири «Тўхта бобой, қаёққа боряпсан?» деган. Шунда Намоз: «Тўраларнинг отларига емиш соламан», деб жавоб берган ва қатор турган отларга емиш ташлаб  кетаверган. Улардан узоқлашиб дайровот қўйнидаги қалин чангалзорлар қўйнига шўнғиган. Казак отрядлари эса яна доғда қолган. Намоз тезда  қўшни Жарқишлоққа келиб Тангриқул деган кишининг отини олиб бу ердан ғойиб бўлган.  Шу тариқа икки тўқнашувда муайян муваффақият қозонган рус-казак қўшинлари Намозни излашни давом эттирадилар. Намоз ҳам рақибларини доғда қолдириб, қўлга тушган ўз шерикларини қутқариш учун курашади.
Чор маъмурлари ва маҳаллий амалдорлар Намозга қарши курашнинг энди бошқача йўлини тутадилар. Энди улар катта миқдордаги пул ва олтинларни ишга соладилар. Жангу жадалларда, ўқ ёмғирлари ва оловлар оғушида ўзини олдирмаган довюрак Намоз хоин дўсти қўлида қурбон бўлади. 1907 йил 1 июнь куни уйқуда ётган пайтида ўзининг сотқин надими томонидан хоинона равишда ўлдирилади.
Суҳбатни Йўлчи Муҳаммадиев
 олиб борди.