УМР КИТОБИ

Одамзод ҳаётининг ўзи нима? Инсон бу фоний дунёга нега келадию, нега кетади, деган саволни ўйлаб кўрмаган киши кам бўлса керак. Чиндан ҳам инсон ҳаётининг ўзи нима?
Чамамда, Номаи-аъмол, Умр китоби деган гаплар бежиз айтилмаган. Ҳар банданинг умри бир китобга ўхшайди. Умр китобининг дебончаси одам ҳали туғилмасиданоқ Аллоҳнинг ўзи томонидан битиб қўйилади. Дебончанинг номи Пешонага битгани ёки Тақдири азал деб аталса ажаб эмас.
Инсон оқ-қорани таниб, онгли ҳаёт кечира бошлагач, ўзининг Умр китобини ўзи ёзишга киришади. Ҳар куни, ҳар лаҳзада... Синов даври деб аталмиш бу паллада бандаси қилган жамики яхшию ёмон амаллар ёзилиб бораверади. Умр поёнига етган куни китоб ҳам ёпилади.
Сўнг барча ҳисоб-китоб қилинади-да, Хотимани тағин Яратганнинг ўзи битади. Савоби кўп бўлса бир тараф, гуноҳи кўп бўлса...
Умр китобига эзгу саҳифаларни кўпроқ ёзиш ҳар бандага насиб этсин.
Ўткир Хошимов