ЁЛҒИЗЛИКНИНГ УЗУН ТУНЛАРИ

Бунчалар узун бўлмаса бу тунлар. Вақт гўё тўхтаб қолгандай. Уйқуси қочиб бир неча бор далага чиқиб очиқ ҳаводан нафас олди. Тун осуда. Фақат аҳён-аҳёнда итларнинг ҳуришлари эшитилади холос. Бутун борлиқ уйқуда. Ёшлигида раҳматли отаси ўғлим, ёшинг олтмишдан ўтгандан кейин уйқунг қочади, кам ухлайдиган бўлиб қоласан, деганида ишонмаган эди. Отаси ҳақ экан, буни ўз танасида ҳис этиб турибди.
Айниқса рафиқаси оламдан ўтгандан сўнг ёлғизлиги яққол сезила бошлади. Марҳум аёли билан қарийб эллик йил аҳил-иноқ яшашди. Жуда беозор, ювош эди бояқиш. Эри ичиб келганда ҳам отаси, бунча кўп ичасиз, соғлигингизга зиёнку, дея дарвозани очиб кутиб олар, эрининг қўпол гапларига ҳам парво қилмас, маҳалладан қатиқ ёки чакки олиб чиқиб, чалоб тайёрлар, жуда ғамхўр эди. Энди бундоқ ўйлаб қараса, бечора аёли эшикдан нарига чиқмаган экан. Рўзғорини, бола-чақасини деб бир умр хизмат қилди. Аҳён-аҳёнда юраги санчиб қолганда ҳам ҳеч кимга билдирмас, ўтиб кетади, дея ўзини овутиб юраркан. Ҳаким ака хотинига кўп бор дам олишларга, курортларга бирга боришлигини айтганда ҳам, отаси, сиз бемалол бориб келаверинг, мен болалар билан қоламан. Иккаламиз ҳам кетсак уй ҳувиллаб қолади, набираларим менсиз зерикишади, дея ҳеч унамасди. У кўп бор курортларга бориб айш-ишрат қилиб юрган пайтларида хотини болалари, набиралари билан овора бўлиб, оилада уй эгасининг йўқлигини сездирмасди. Эри дам олишдан аёлига рўмолми ёки кўйлаклик матоми олиб келганида боши осмонга етар, қувончидан мана болаларим, отангиз менга чиройли рўмол ёки кўйлак олиб келди, деб эрига раҳмат айтарди. Инсоф билан айтганда, у бирор марта шунча йилдан буён умргузаронлик қилиб, унга хизмат қилаётган умр йўлдошига раҳмат айтмабди. Ваҳоланки, хотини ҳар қанча эъзозларга, ҳурматларга лойиқ эди.
Инсоннинг қадри ўлгандан сўнг сезиларкан-да. Унинг назарида анча соғлом эди аёли. Ўшанда ҳам янги йил арафаси эди. Одамлар байрам ташвишида юришар, йил охири бўлганлиги боис унинг ҳам иши кўпайгандан кўпайиб кетганди. Тўсатдан қизининг қилган телефонидан юраги шув этиб кетди. Дарров гўшакни кўтарди.
- Отажон, онамни «Тез ёрдам» олиб кетди, - деди қизи йиғлаб. – Акам ҳам у ерда. Тезроқ боринг.
Қандай ишхонадан отилиб чиққанини, қай ҳолатда касалхонага етиб келганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ўғли жонлантириш бўлимининг эшиги олдида кайфиятсиз ҳолда турар, афтидан аҳвол ёмон эди.
- Ҳа, ўғлим, онангни аҳволи қандай?
- Яхши эмас, ота, - ўғли ёш боладек ҳўнграб йиғлаб юборди.
Навбатчи шифокор беморнинг аҳволи оғир эканлигини очиқ айтишга мажбур бўлди. Ўша куни тун ярмида аёлининг жони узилди. Кутилмаган мусибат уни гангитиб қўйди. Катта ҳовли гўё уни ютиб юборгудек эди. Тўғри, хотинининг маъракалари ўтгунча улар отасининг ёнида бўлишди. Яқинда туман марказидан янги уй олган ўғли ҳам кўчишга чоғланди. Бунга отанинг ўзи ҳам рози бўлди. Иш жойи у ерда бўлса, қатнаб ишлаш осонми? Дастлаб ўғли унамади, ота, катта ҳовлида ёлғиз қолаяпсиз, сизга қарайдиган одам керак, мен қатнаб ишлайвераман, деганда ҳам, биламан, ҳали мен саломатман, овқатимни бемалол ўзим пишириб ея оламан, сен хижолат бўлма, деди. Ноилож қолган ўғил отанинг раъйига қарши бора олмади.
Ярим йилдирки аҳвол шу. Ит ётиш, мирза туриш. Айрим дўстлари ёлғизлик қийин эканлигини, ҳали бу ёшда уйланмаса бўлмаслигини кўп бор айтишди. Аммо у буни истамади. Севимли хотинига хиёнат қилишни асло истамас, унинг хаёли билан яшарди.
Хотинининг ўлимидан кейин шундай хулоса қилдики, ҳар бир эркак энг аввало биринчи навбатда умр йўлдошининг соғлигига эътиборли бўлиши керак экан. Аёл эри вафот этса ҳам оиладаги барча юмушларни бўйнига олиб, болаларини бошини қовуштириб, рўзғорини эплаши мумкин экану, аммо ҳар қандай эркак ҳам аёли оламдан ўтгач тинчи йўқолиб, калаванинг учини йўқотиб қўяркан. Шу боис бежизга шоир:
Тириклигида қилмасанг агар шод,
Ўлганда хоҳ қил, хоҳ қилма фарёд,
деб ёзмаган экан-да.
Ёши бир жойга бориб қолганда турмуш ўртоғидан айрилган отахонлар билан суҳбатлашганимизда, улар тириклик пайтида рафиқаларининг соғликларига жиддий эътибор бермаганликларини афсус билан таъкидлашади. Сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек, азиз эркакларимиз фарзандларининг онаси, миллатимиз давомчилари бўлган аёлларини доимо соғлом бўлишлари учун доимо уларга ғамхўрлик қилишлари зарур. Буни ҳар биримиз ёдимизда сақлашимиз ва амал қилишимиз керак.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: