Т А Н Н О З Х О Н

Ёши бир жойга бориб қолган бўлсада, хали хам ўзини худди ўн саккиз ёшдаги қиз хисоблаб тинимсиз оро берадиган, эгнига баданига ёпишиб турадиган тор кофта-юбка кийиб юрадиган бу аёл Таннозхонни танисангиз керак. Қаерда ишлайди дейсизми? Очиғи, бу сир. Унинг нима иш қилиши, қайси ташкилотда фаолият кўрсатиши унчалик мухим эмас. Биз учун хали кўпчилик (хатто ишхонасидагилари хам) билмайдиган, сезмайдиган қирралари хақида фикр юритмоқчимиз.

Унинг босиб ўтган йўли хам ғалатироқ. Қўшни вилоятларнинг бирида туғилиб вояга етгач, қахрамонимиз оилада беш ўғилдан кейин туғилган, ягона қиз эди. Шу боис оилада эрка бўлиб ўсди. Айтгани айтган, дегани деган эди. Мактабни битиргач, ота-онаси таниш билишлари орқали институтга ўқишга киритиб қўйишди. Очиғини айтганда, танишлари орқали имтихонларни топширар, аммо билими ўртача эди. Шу орада курсдоши Аслам билан (исми ўзгартирилган) танишиб қолди. Йигит аъло бахоларга ўқир, жамоат ишларида хам фаол эди. Шу билан бирга камгап, содда ва кўнгли очиқ эди. Буни сезган қиз уни кўз остига олиб қўйди. У хар хил бахоналар билан йигит ижарада турадиган уйга тез-тез бориб турар, дарс бахона дийдор ғанимат деганларидек, у ерда узоқ қолишга бахона изларди. Охири кўп вақтдан бери ўйлаб юрган ниятини амалга оширди.

Бахор пайти эди ўшанда. Чамаси саккизинчи март эди. Таннозхон Аслам билан дарсдан чиқишгач, кинога тушишди. Шунда қиз йигитнинг қўлидан ушлаганча:

- Мени байрам билан табрикламайсизми?, - деди.

- Албатта табриклайман, хўш, нима олиб беришимни истайсиз?, - деди йигит хам худди шу гапни кутиб тургандай.

- Менда бир таклиф бор, - деди қиз эркаланиб. – Бозорлик қилиб, сизнинг квартирангизга бориб байрам қилсак, нима дейсиз?

Қизнинг айёрона ниятидан бехабар бўлган содда йигит:

- Яхши бўларди. Шундай қиламиз, кейин сизга қандай совға олишни ўйлаб кўрамиз, майлими?, - деди.

Шу тариқа иккаласи бозор қилишиб, йигитнинг квартирасига боришди. Биргалашиб димлама тайёрлашди. Дастурхон безатиб байрам қилишни бошлашди. Йигит дўкондан олган коньякдан қуяркан, қизга ўқтин-ўқтин қараб қўяр, гўё дунёда иккисидан бошқа бахтиёр одам йўқдек эди. Икки қадахдан ичишгандан сўнг, йигитнинг юзлари қизиди. Доимо камгап бўлган йигит сўзамол бўлиб қолди. Бундан фойдаланган қиз магнитафонни қўйиб, шўх рақсга туша бошлади ва йигитни ёнига чорлади. Юзлари қизарган йигит қиз билан хиром айлар, гохида қизнинг белидан қучар, нима қилаётганлигини ўзи хам билмасди.

Хуллас, шу куни қиз йигитнинг уйида тунаб қолди ва уни қармоққа илинтирди. Шу воқеа сабаб йигитнинг бурнидан ип ўтказиб олди. Бу пайтда улар институтни битириш арафасида эдилар. Кўп ўтмай йигитнинг хонадонида данғиллама тўй бўлиб ўтди. Тўйдан кейин диплом олишгач, ишга жойлашишди. Аслам туман марказидаги савдо ташкилотида ишлар, Таннозхон эса нуфузли бир корхонада кадрлар масалалари бўйича муовин эди. У хар қандай рахбар билан тил топишар, ўзига оро беришни, ўзига мос кийимлар топиб кияр, баъзида сотиб олган кўйлаклари ёқмаса, энг тажрибали тикувчиларга буюртма бериб кўйлак ёки бошқа кийимлар тиктирарди. Шу кунлардан бошлаб у эркакларнинг даврасида тез-тез бўлиб турадиган одат чиқарди. Ташкилотдаги байрамлар, туғилган кунлар Таннозхонсиз ўтмас, уйга хам баъзан ярим тунда келар, ароқ ичганлиги сезилиб турар, аммо эр хотинига бирорта қаттиқ гап айта олмасди. Айниқса оилада бирин-кетин уч фарзанд дунёга келгандан сўнг, хотинининг юриш-туриши ўзгарди. Илгарилари хўжайин, мен бугун ишдан кеч қайтаман, тадбиримиз бор, дейдиган бўлса, бора-бора умуман сўрамайдиан одат чиқарди. Илгарилари ёшига мос кийиниб, бошига рўмол ўраган бўлса, бора-бора очиқ-сочиқ кийинадиган, сочини ёйиб юрадиган одат чиқарди. Эрнинг хамма дарди ичида эди. Бирор нарса дейдиган бўлса хотини болаларининг олдида хам тап тортмай уят сўзларни хам қалаштириб ташлар, бундан эр ўзини ноқулай сезарди. Шу сабаблар боис хотинига лом-мим дея олмасди. Аёл оилада якка хукмрон бўлиб олганди. Ёши қирқдан ошиб элликка яқинлашаяптики, ахвол шу. Ўғил уйлантириб, қиз чиқарган Таннозхон хамон азалий одатини ташламас, шу ёшда хам базмлар, туғилган кунлардан ароқ ичиб келар, эр эса хотинининг бундай қилиқларидан қўни-қўшни олдида уялар, нима қилишни билмай боши қотганди. Шундай пайтларда бошини олиб узоқ-узоқларга кетгиси келар, аммо жондан азиз фарзандларини, набираларини кўзи қиймас, уларсиз яшашини тасаввур хам қила олмасди. Фақат куну-тун Яратгандан хотинига инсоф тилар, унинг яхши томонга ўзгаришини жуда-жуда истар, шундай кунлар келишини сабрсизлик билан кутарди…


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.