БОЛАЛИКНИНГ УНУТИЛМАС ОНЛАРИ

Баҳор кунларининг бирида терлаб совуқ сув ичиб қўйдим. Ҳароратим кўтарилганини билмадим, ўзимни жуда ҳолсиз ҳис қила бошладим. Шунда тобим йўқлигини билдирмасликка ҳар қанча ҳаракат қилмайин, кўзларим киртайиб қолганиданми, онам дарҳол аҳволимни билиб қолди:

- Сенинг тобинг йўқ-ку, ҳароратинг баланд, - деб бетоқат бўлиб  у ёқдан бу ёққа бориб келаверди.

Шу пайт акам кириб келди ва менинг аҳволимни кўриб дарҳол:

- Ая, синглимни шифокорга олиб бориш керак, бундай қараб ўтирмайлик,- деди-ю, мени даст кўтариб олди.

Биз йўлда кетар эканмиз, акам юриб эмас, балки югуриб кетаётганлигини юзимга урилган енгил шабададан сезар эдим.

Шифокор дарҳол менга керакли муолажани қилгандан сўнг, ҳароратим пасайиб, ўзимни яхши сеза бошладим.

Уйга қайтаётганимизда эса тўсатдан акамнинг оёғида пойабзали йўқ эканлигига кўзим тушиб қолди. Акам дарҳол сезди ва кулиб:

- Сен мени қўрқитиб юбординг, шу сабабли пойабзалимни кийишни ҳам унутиб қўйибман-да, деди. Менинг эса кўзларимдан ёш айланди. Акамга бўлган меҳрим янада ортди.

Ака-сингиллар бир-бирини авайлаб-асраса қандай яхши.