“Менинг Тож-Маҳалим” номли бадиий- публицистик китобимдан олинган парча.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Муртоза Эшпўлатов билан учрашув. 

Олмалари оқиб кетган ошиқлар

Тоҳир ва Зуҳра номларини тилга олган ёки эшитган одам беихтиёр ёшлигини, севган, севилган чоғларини эсга олмай иложи йўқ. Фикримнинг исботи учун «Тоҳир ва Зуҳра» қабристони ёнидаги Равот қишлоғида туғилиб ўсган 93 ёшли Муртоза ота Эшпўлат ўғли билан учрашувимизни эшитинг. Отахон билан гурунглашиб, овозларини тасмага олиш анчадан буён режамда бор эди. Ўтган куни ўғлим Элёржон билан отахоннинг уйига бордик. Муртоза ота Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, мактабда етакчи бўлиб ишлаган чоғларимда ўқувчилар билан бир неча бор учрашувларини ташкил этганман. Оёқлари сал оқсоқлигини айтмасак, руҳан тетик, жисмонан бақувват, нутқи ҳам жуда равон инсон. Ўқувчиларнинг диққатини ўзига тортиб, образга кириб сўзлаганида тингловчилар гўё отахон билан бирга жангга кириб бораётгандек дилгирлик билан эшитар эдилар.

 Отахоннинг хонасига кирдган пайтимизда,буюк ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан туман ҳокимлиги томонидан совға қилинган кенг экранли телевизорда қўшиқларни маза қилиб эшитиб ўтирган эканлар. Ҳол-аҳвол сўрашгач муддаога ўтдим. Ота марказий матбуотларга ҳам интервью беравериб кўникиб кетган, шунинг учун ўзини тутишларида ҳеч ўзгариш, ҳаяжон  сезилмайди. Аммо бир гапдан хурсандман, кейинги йилларда қайси танишим билан учрашсам, албатта: «Тоҳир-Зуҳра қалай?» – деб сўрашадиган бўлган, бу яхшиликдан дарак дейман ўзимча ғурурланиб. 

Ҳозир ҳам отахон: «Тойир-Зуҳранинг ишлари қалай,юришяптими?» – деб сўради.

– Яхши, раҳмат. Тошкентга кетяпман шу масалада.Сизни ҳам олиб кетгани келдим, – дедим ҳазиллашиб.

– Э-э-й, ҳол қайда дейсан, қизим, жоним бўлса, ўзим борардим, мана шу тинч замонимиз учун шукронамни айтиб, раҳнамолар билан рози-ризо бўлиб қайтардим. Биз урушни кўрдик Бошқаларга худо  кўрсатмасин.

Отахон бир умр хотирасида муҳрланиб қолган жанг хотираларини яна эслади шекилли, бир лаҳза жим қолди. Ўғлим тасвирга ола бошлади.

– Ота, бугун уруш ҳақида эмас, «Тоҳир-Зуҳра» ҳақида гаплашамиз. Қабристон ҳақида, илгари қандай эди, ўзингизнинг кўрган-билганларингиз,  кимдан қандай гап эшитгансиз, шуларни гапиринг.

– Урушга кетаётган куним онам билан қабристонга борганман. Ўша пайтда жуда катта қабристон эди у жой, учта қишлоқнинг майити шу жойга қўйиларди. Онам билан бирга отамнинг қабрини зиёрат қилиб,сўнг урушга жўнаганман. Тўрт ярим йил урушда бўлдим. Ўша жойда ҳам «Тойир-Зуҳра»ни эслаб турардик ўзимизнинг йигитлар билан.

– Дарё қандай эди, бобо, ҳозиргидекми ёки?.. – суҳбатга аралашди ўғлим.

– Бе-е, ҳозир у дарёнинг ўндан бири ҳам қолмаган-ку, ўғлим. Ёшлигимизда у дарё шундай пишқириб оқардики, мен оқиб кетувдим Пайариққа ўтаман деб...

 Отахоннинг чеҳраси очилиб, баралла кулиб юборди. Суҳбатга келини Нортош опа қўшилиб, кулгуни давом эттирди.

– Қайнонам дарёнинг нариги томонидан, Пайарикдан келин бўлиб тушган. Маъшуқасини  кўраман деб олмалари оқиб кетган дарёга отамнинг.

– Ҳа, фотиҳали эдик, урушдан қайтган йилимда эди. Моманг билан учрашаман  деб, бир хуржун олмани елкамга олиб дарёга тушувдим, оқиб кетдим, олмаларамнинг бари  оқиб кетди, онам белимга икки килоча гуруч бойлаб қўювди гарди рўмолга ўраб, шуни маҳкам ушлаб қолдим.

Отахонга қўшилиб биз ҳам маза қилиб кулишдик. Отанинг ёшлигида ҳам  жуда қатъий, тўпорироқ, дангал феъли бор экан, шу ёшда ҳам худди ўшандай алпозда сўзлайди.

– Тоҳир ҳам мана шу дарёда оқиб кетган, -деди бобо кулгудан зўрға тўхтаб,- Амударёга тушиб Хоразмга етиб борган. Тоҳир ва Зуҳра,Қоработирнинг қабри шу ерда, бу ота-бобомиздан бизга қолиб келаётган мерос. Уларнинг давомида, этак томонда Зуҳранинг отасининг қабри ҳам бор, – қўшиб қўйдилар отахон.

 Бу тўғрида мен ҳам кўп кишиларнинг фикрини эшитганман, ҳақиқатан ҳам учала қабрнинг кунчиқар томонида яна бир чўкмаган, катта қабр бор, балки, у Бобохоннинг қабридир, отанинг гапларига қўшилдим мен. – Сен қаерга борсанг шуни исботла, агар эплолмасанг, мени олиб бор, ўзим тушунтириб бераман олимларингга.


– Хўп, – дейман отахондан миннатдор бўлиб, сўнг яна бобога ёшлигини эслатиб гап ташлайман. 

– Гуручдан гапиринг, бобо, гуруч нима бўлди, ош бўлдими?

– Ҳа-да, қайнонам бало хотин эди, солдат куёвим келди деб, ошни боплаб дамлади, маза қилиб едик, моманг ҳам онасидан қолишмасди... Худога шукр, Тойир-Зуҳролардай яшадик...Оллоҳ раҳмат қилсин.

Бобонинг уйидан қайтар эканмиз, ўғлим телефон камерасига олган отахоннинг тасвирларини қўйиб менга узатди.

– Қаранг, ая, бобом шу пайтгача уруш ҳақида интервью беравериб чарчаган шекилли, «Тоҳир-Зуҳро»ни сўраганингизда кайфияти кўтарилиб кетди, роса яйраб гапирдилар-а?

– Ҳа, ўғлим, муҳаббат ҳаммани ёшартиради. Замонамиз тинч бўлсин, ҳаммамизга отахоннинг ёшига кириш насиб этсин, Тоҳир оққан мана шу дарёларда ошиқларнинг олмалари оқсин.

Мен шу лаҳзада қатор йиллардан буён маҳалламизда жойлашган, Муртоза бобо туғилган “Қоработир” қишлоғи ёнидаги “Тоҳир ва Зуҳра” зиёратгоҳининг тарихини ёзиш ва уни ободонлаштириш  лойиҳалари тўғрисидаги китобимга  ажойиб саргузашт ҳикоя, Тоҳир ва Зуҳралар тарихий шахс эканлигини тасдиқловчи яна бир қаҳрамон саргузашт топилганидан хурсанд эдим. 

Ойгул Маматов