БИРИНЧИ МУҲАББАТ

Тўсатдан жиринглаган телефон иш билан банд бўлган Азизнинг хаёлини бузди. Истамайгина гўшакни кўтарди.
- Алло, эшитаман.
- Бу сизмисиз, - телефондан аёл кишининг синиқ, изтиробли овози эшитилди. – Сизда зарур ишим бор эди...
Дастлаб Азиз овоз эгасининг кимлигини танимади. Кейин эса беихтиёр:
- Латофатмисиз, - деб юборди.
Орага бироз жимлик чўкди.
- Ҳа, менман, олдингизга бормоқчи эдим, ишхонадамисиз?
Аёлнинг тортиниб, шу билан бирга журъатсиз гапираётганлиги унинг овозидан сезилиб турарди.
- Ҳа, бемалол келаверинг, тортинманг.
Гўшакни қўяркан, кўз олдидан бундан кўп йиллар илгари у билан боғлиқ воқеалар бирма-бир ўта бошлади.
Ўшанда Азиз университетни битириб, мактабда юқори синф ўқувчиларига она тили ва адабиётдан дарс берарди. Унинг ташкилотчилиги кўпчиликка маъқул келди. Биринчи куни ўнинчи синф ўқувчиларига дарс ўтишга кирди-ю, Латофат билан кўзлари тўқнашди. Қизнинг қоп-қора кўзлари, узун сочлари йигитга ёқиб қолди. Шу бўлдию, қалбида муҳаббат деб аталган туйғу пайдо бўлганлигини сеза бошлади. Қиз ўзининг юриш-туриши, оддий кийиниши ва аълочилиги билан дугоналаридан ажралиб турар, камгап эди. Дарс пайтида Азиз билан кўзлари тўқнашиб қолса, қиз ўзини ноқулай сезар, тезда китоб варақлашга тушарди. Азиз ўз дарсини завқ-шавқ билан ўтар, шеърларни ўқиганда қизларнинг ўзига маҳлиё бўлиб,  унинг ҳар бир сўзини, шеърларини диққат билан тинглашаётганлигини қалбдан ҳис этиб, берилиб ўз ишини аъло даражада бажарарди. Бир куни Азиз Латофат билан синфхонада ёлғиз қолишганда, Латофат, қайси ўқишга бормоқчисиз, - деб сўради.
Қиз бир зум ўйланиб турди-да:
- Агар ёрдам берсангиз, СамГУнинг филология факультетига ўқишга кирмоқчиман, - деди-да, қора кўзларини йигитга тикди.
Қизнинг кўзлари шу қадар чиройли боқардики, имкон бўлсайди, унинг бир умр шайдоси бўларди. Йигит тезда хаёлларини йиғиштириб олди-да:
- Албатта ёрдам бераман, жоним билан, шу бугундан сизни шогирдликка оламан, - деди Азиз ҳазил аралаш. – Бунинг учун дарсдан кейин қўшимча машғулот ўтишим керак бўлади. Шунга розимисиз?
- Ахир сиз мен учун дарс ўтмоқчисиз-ку, албатта розиман.
- Келишдик.
Эртаси кунидан бошлаб Азиз дарсдан кейин Латофатга қўшимча сабоқ беришга киришди. Қиз бу ҳақда дугоналарига айтган бўлса керак, ўқишга кирмоқчи бўлган қизлар ҳам машғулотга кела бошлашди. Азиз ишга шўнғиб кетди.
Қизни ўқишга киришига ишонар, ўтилган ҳар бир дарсни Латофат аъло даражада ўзлаштирар, ўқишдан, билим олишдан қочмасди. Кун сайин улар бир-бирларига ипсиз боғланиб қолишаётганлигини иккаласи ҳам сезиб туришар, қалбидаги кечинмаларни фақат кўзлари орқалигина изҳор этишарди.
Латофат барча имтиҳонларни аъло баҳоларга топшириб, мактаб маъмуриятининг мақтов ёрлиғига сазовор бўлди. Барча унинг шубҳасиз ўқишга киришига ишонарди. Қўлига аттестатини олган Латофат ниҳоятда ўзида йўқ хурсанд эди. Азиз уни табриклаб, уйигача кузатиб қўйди. Улар икки-уч кундан сўнг туман марказида учрашиб, қизнинг  ҳужжатларини университетнинг қабул комиссиясига топшириб келишга қарор қилишди.
Қиз ниҳоятда шод эди. Ўзининг келажагини Азизсиз тасаввур эта олмас, йигитнинг пок севгисига тўла ишонарди. Бироқ уни уйида нималар кутаётганлигини билмасди.
Ҳовлиларига кириб келаркан, уйларида меҳмонлар борлигини сезди. Сезди-ю, юраги орқага тортиб кетди. Яна ўша совчилар келишган бўлса керак. Наҳотки отаси қизини ўзидан сўрамай турмушга бериб юборса. Ҳеч бўлмаса, қизим, мен нима дейсан, деб сўрашса керак ахир.
Шу хаёллар оғушида қиз ўз хонаси томон юрди. Меҳмонларнинг овозлари бемалол эшитилиб турарди.
- Қизингиз бугун мактабни битириб, қўлига ҳужжатини олаётган экан, - деди совчилардан бири дона-дона қилиб. - Ўртада оғайнигарчилик ришталари узилмасин десангиз, қизингизни шу йигитга берасиз. Йўқ дейдиган бўлсангиз ҳам, ўзингиз биласиз.
Қизнинг отаси жим эди. Икки ўт орасида қолган эди. Агар йўқ дейдиган бўлса, ўртада оғайнилари билан юз кўришмас бўлиб кетади. Қизи кўнармикан? Кўнмай қаерга ҳам борарди? Бир-икки йиғлайди-да, кейин кўникиб кетади.
- Биз розимиз, - деди ниҳоят отаси анча суҳбатдан кейин. Шанба куни тўйни олиб келсаларингиз ҳам бўлади.
- Бу бошқа гап, - деди совчилик қилаётган қария, - мана кўрасиз иккаласи албатта бахтли бўлади. - Илойим омин, икки ёш илойим қўша қарисин.
Бу гапларни эшитиб қиз карахт ҳолга тушди. Нима қилишни билмас, фақат энди ўқиши, Азиз нима бўлади, деб шивирларди.
Қиз отасидан қўрқарди. Бир умр колхозда масъул вазифаларда ишлаган, айтгани айтган, дегани деган эди. Қишлоқда ҳам ҳеч ким у кишининг сўзини икки қилишга журъати етмасди.
Меҳмонлар кетишгач, ота-она қизни ўртага олишди.
- Қизим, биз сендан сўрамай келажагингни, тақдирингни ҳал қилиб қўйдик, - деди отаси босиқлик билан. Ўйлайманки, сен бизни тушунасан...
- Ахир мен ўқишга...
Қизнинг гапи оғзида қолди.
- Қиз болага ўқишни ким қўйибди, - деди отаси овозини кўтариб. - Ўқиган қизларни ҳам кўраяпмиз. Мана қўшни қишлоқдаги Азим қассобнинг қизи ўтган йили ўқишга кирган эди. Бир йигит билан юриб ҳомиладор бўлиб қолибди. Яқинда тўйи бўлармиш. Отаси қизини ўқитганига пушаймон эмиш. Гап тамом, ё ўқишни дейсан, ё бизни дейсан...
Отаси сўнгги гапларини шу қадар қатъий буйруқ тарзида айтдики, бечора қизнинг савол беришга юраги дов бермади. Индамайгина бошини эгиб, хонадан чиқиб, юм-юм йиғлади. Қизга ўқишга киришдан ҳам кўра Азиз билан бирга бўлиш муҳим эди. Йигит учун отасининг ҳар қандай шартига рози бўларди. Аммо бу гапларни қандай қилиб бир сўзли, қатъиятли отасига айта олади у. Нима қилиш керак? Қандай бўлмасин, бу совуқ хабарни Азиз акасига етказиши зарур.
Латофат тезда қўшни аёлнинг уйига шошилди. Аёлнинг ўзи ҳам, эри ҳам мактабда ўқитувчилик қилишар, қўшнилар аҳил эдилар. Аёл Латофатнинг кўз ёши билан айтган гапларини диққат билан тинглади-да:
- Биламан, Азиз билан бир-бирларингизга кўнгил қўйгансизлар. Бундан кўпчилик хабардор. Мен эримга бор гапни тушунтираман. Азизнинг бу кўнгилсизликларнинг олдини олишига ишонаман, - деди.
Латофат аёлга раҳмат айтди-да, уйга кетди. Бироз кўнгли тинчигандай эди. Бугун-эрта Азизга бу гап бориб етса албатта бирор чорасини кўради. Эҳтимол отасининг олдига келиб, Латофатсиз яшай олмаслигини, бир-бирларини севишларини айтиб, отасининг сўзидан қайтарар. Йигитнинг гапидан кейин отасига инсоф кирар?
Ниҳоят шанба куни ҳам келди. Аммо Азиздан дарак бўлмади. Қизнинг орзулари чил-чил синди. Унинг олдида икки йўл турарди. Бири отаси айтган одамга турмушга чиқиш, ё уйдан бош олиб кетиш. Агар иккинчи йўлни танласа ота-онасини эл олдида шарманда қилиб, уларнинг юзига оёқ қўйган бўлади. Бир умр қийналсада, ота-онаси учун ўзи севмаган одамга тегишга мажбур. Пешонаси шўр эканда.
Август ойида қизни тўй қилиб куёвнинг уйига олиб кетишди. Латофатнинг ичига чироқ ёқса ёришмас, шодлик унга бегона эди. Тўй куни ҳам куёв билан ёнма-ён ўтирсада, бир оғиз сўз айтмади, ҳатто эрининг юзига ҳам қарамади. Тўй ўтгач ҳам бир неча кун уйга қайтиб кетишини чоғлаб, бир неча кун куёвни хонага яқин йўлатмади. Бундан эри аччиғланар, бироқ келиннинг кўнглига қарамасликнинг иложи йўқ эди. Латофат бу ҳаётда тоқ ўтса ҳам уйга қайтиб боришни бир неча бор ўйлаб кўрди. Шунда кайвони аёллар қизим, энди уйингизга қайтиб бора олмайсиз, уят бўлади, номингиз ёмонга чиқади, ота-онангизни юзи одамларнинг олдида шувит бўлади, дегандан кейин ўйланиб қолди. Рости уларнинг айтганларида жон бор, қайтиб борса, номи ёмонга чиқиши аниқ. Ҳеч ким тўғри тушунмайди. Энди тақдирга тан бермасдан илож йўқ. Осмон йироқ, ер қаттиқ.
Эшик тақиллаб, Азизнинг хаёллари тўзиб кетди. 
- Киринг!
Эшик аста очилиб, юзидан ҳорғинлиги сезилиб турган, озиб кетганлигидан кўзлари ич-ичига ботиб кетган аёл кўринди. Азиз Латофатни бу аҳволда кўришини тасаввур ҳам қила олмаганди. Наҳотки, бир пайтда қувноқ, самимий, қора кўзлари билан йигитни мафтун этган қиздан асар ҳам қолмаганди.
- Латофат, бу сиз...
- Ҳа, бу менман, сизни кута-кута йўлларингизга интизор бўлган Латофатман. Ўзим севмаган одамга турмушга чиқиб, қирқ йилдан буён азоб чекаётган аёлман.
- Нималар деяпсиз, ахир сиз ўзингиз хоҳишингиз билан турмушга чиқмаганмидингиз?
- Нималар деяпсиз, Азиз ака, - деди аёл кўзлари ёшга тўлиб. – Уйга совчилар келгач, қўшнимиз Асал опага тўй белгиланганлигини сизга айтишини илтимос қилдим. У киши албатта эри орқали сизга айттиришини ваъда қилганди. Лекин сиз келмадингиз...
- Менга ҳеч ким бу ҳақда айтган эмас. Ҳозир эшитиб турибман, нима гап бўлганини. Мен сиз ўша пайтда келма-ганингиз учун ўқишга боришга отаси қаршилик қилиб, турмушга бериб юборган деб ўйлаганман. Энди билсам...
- Агар эшитганингизда, ростини айтинг, борармидингиз?
- Албатта, учиб борардим. Ишонинг, нима қилиб бўлса ҳам отангизни кўндирардим. Ҳатто ҳозир ҳам сиз билан боғлиқ воқеаларни эслаб турибман.
Азиз аёлга “ҳозир ҳам сизни эслаб тураман, қалбимдасиз”, дегиси келдию, шундоқ ҳам эзилиб юрган аёлнинг армонларига армон, пушаймонлик қўшишни истамасди.
Очиғини айтганда, оила қуриб бола-чақали бўлсада, Азиз биринчи муҳаббати бўлган Латофатни ҳамон унута олмас, бот-бот эслаб турарди. Лекин унинг бутун ҳаёти азоб-уқубатда ўтганлигида ўзини ҳам айбдор сеза бошлади.
- Тақдиримиз қўшилмаган эканда, - деди Латофат чуқур хўрсиниб. – Эрим тўйимиздан олдин сиз билан мактабда бирга ўқишга тайёргарлик кўрганимизни, бир-биримизни севганимизни эшитиб, менга қовоқ-тумшуқ қиладиган одат чиқарди. Ўртамизда тўрт нафар фарзандимиз бўлса ҳам ҳамон сизга рашк қилади. Ҳозиргача худди сиз отасини ўлдиргандек, сизни ёмон кўради. Агар тортишиб қолсак, “Бор, ўша биринчи муҳаббатинг, Азизнинг олдига. Сенга ҳамма шароитни қилиб беради”, деб кесатгани-кесатган. Сизни севганлигим учун мени айблайди. Мен: “Нега ундай дейсиз”, десам, “Сенинг кўнглинг ҳамон Азизда, мен буни биламан” деб кўзимни очирмайди.
Азиз Латофатга қараб раҳми келиб кетди. У қанақа аблаҳ эркакки, қирқ йилдан буён рашк қилиб, хотинини қийнаса. Шунда у бир файласуфнинг: “Фақат аёлларгина юракдан сева олади” деган гапларини эслади.
- Майли, Латофат, хафа бўлманг, Худо инсоф бериб қолар. Менда зарур ишим бор, дегандингиз.
- Ҳа, ишим бор. Кечирасиз, - деди аёл хижолат чекиб, ўз дардини яшира олмай тўкиб солганлиги учун. – Кенжа қизимнинг юраги тез-тез оғриб туради. Эрталаб касалхонага жойлаштирдик. Дўхтирлар операция қилиш керак, дейишаяпти. Агар танишингиз бўлса, гаплашиб берсангиз дегандим. Харажатдан қочмаймиз.
- Нималар деяпсиз, Латофат, сиз билан илгаридан танишмиз. Шундай пайтда бир-биримизга ёрдам бермасак, қачон ёрдам берамиз. Қайси бўлимда, қайси палатада ётибди, врачи ким?
Азиз беморнинг исми-фамилиясини бир вараққа ёзиб олиб, бош врачга телефон қилиб, вазиятни тушунтирди. Бемор ўзининг жияни эканлигини, даволаш чораларини кўришини илтимос қилиб, ўзи ҳам тезда етиб боришини айтди.
Азизнинг бу гапларидан кейин ҳорғин, изтиробда ўтирган, тушкун кайфиятда бўлган аёлнинг чеҳраси ёришди. Кўзларида севинч ёшлари пайдо бўлди.
- Сиздан бир умр миннатдорман, Азиз ака, дунё тургунча туринг.
- Раҳмат айтишингиз шарт эмас, бирорта муаммоингиз бўлса, тортинмай айтаверинг. Мен ҳам қўлдан келгунича...
- Энди мен борай, яхши қолинг. Йўлингиз доимо очиқ бўлсин, Худо сизни сийласин...
Бу сўзларни Латофат юрагининг тубидан айтар, эски яраси яна янгиланганди.
Азиз Латофатнинг орқасидан қараб қоларкан, ҳамон унга бўлган соф севгисини юрагининг туб-тубида сақлаб келаётганлигини ҳис қилди. Фақат уйим-жойим, болаларим деб ўзи севмаган киши билан шунча йилдан буён яшаб келаётган бу аёлнинг бардошига, иродасига, сабр-тоқатига қойил қолди. Беихтиёр шоирнинг қуйидаги мисраларини хиргойи қила бошлади:
Сени эслаб йиғлайман, биринчи
                    муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи
                    муҳаббатим.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.