МИЛЛИЙ БОЙЛИГИМИЗНИ ЁНҒИНДАН АСРАЙЛИК

Пешона тери билан етиштирилган пахта ҳосилининг ҳар бир мисқолини нобудгарчиликсиз йиғиб-териб олиш ҳамда саноат хом-ашёсини ёнғиндан сақлаш соҳамиз ходимлари зиммасига ҳам масъулият юклайди.


Пахта йиғим-терими даврида пахтани ташиш, қайта ишлаш жараёнларида ёнғин келиб чиқишини олдини олиш учун қуйидагиларни эътиборга олиш даркор. Мавсумга жалб этилган барча техникалар - трактор, автомобилларнинг учқун ўчиргичлари созлиги таъмирланиб, текшириб олингандан кейингина далага киришга рухсат бериш ва мавсум давомида уларнинг соз ишлашини назорат қилиб бориш керак.


Йиғим-теримга жалб этилган қишлоқ хўжалиги техникаларини, фуқароларнинг шахсий енгил автоуловларини пахта хирмонларига киритмаслик лозим.


Пахтани қуритиш майдонларида ва хирмонларда асосан электр таъминоти носозликлари, нуқсонли пахта юклаш-тушириш кичик механизмларини ишлатиш, хирмон ҳудудида чекиш ва очиқ оловдан фойдаланишига йўл қўйиш оқибатида ёнғин хавфи келиб чиқиши мумкин.

Бунинг учун хирмон ҳудудида бирламчи ёнғин ўчириш воситалари жойлашган ёнғин ўчириш шитлари мавжуд бўлиши керак.


Таъмирлашдан чиқарилган техника воситаларининг соз ва бенуқсон назорат остида ишлатилиши ва ишчи-хизматчилар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишлари шарт. Омбор ҳудудида чекиш, очиқ оловдан фойдаланиш ва овқат тайёрлаш ишлари тақиқланиб, ҳудуддан ташқарида бажарилиши шарт. Шунингдек, йиғим-терим даврида ҳосилни даладан ташиш ва  қайта ишлаш корхоналарига топширишгача чекиш тамомила ман қилинади. Ота-оналардан эса болаларни қаровсиз қолдирмаслик, уларни ўт билан ўйнашмаслиги талаб этилади.


Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими барчангизни огоҳликка чақириб, содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида юқорида кўрсатилган қоидаларга риоя қилишингизни сўрайди. 


Зуҳриддин ХОЛМОНОВ,

туман ФВБ профилактика ва назорат бўлинмаси инспектори.